Депутат – устоз, профессор ва...

07.03.2024, 10:34

Депутат – устоз, профессор ва...

Майманоқликлар бирор муаммо пайдо бўлиб қолса, ҳеч иккиланмасдан, Бобоназар муаллим ҳузурига йўл олишади. Чунки у қишлоқ аҳолисининг ҳар қандай мурожаати бўлса қараб ўтирмайди, одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш бўладими ёки бандликни таъминлаш билан боғлиқ ишларми, барибир беминнат шуғулланади. Ишонсангиз, бутун ҳудудни пиёда кезиб чиққан.

Масалан, биргина Майманоқда уч мингга яқин оила бўлиб, 30 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Кўп уринишлардан сўнг 890 нафар аҳоли яшайдиган Янги Майманоқ қишлоғи аҳли учун янги трансформатор ўрнатиб берилди. Маҳалланинг тўрт чақиримлик ички йўлларига шағал ётқизилиб, равонлаштирилди ва сифатли асфальт қилинди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 30 га яқин кам таъминланган ва ночор оилаларнинг томорқа ишларига кўмаклашилиб, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари бепул тарқатилди. 

– Ўзимиз ишониб овоз берган Бобоназар Сатторовнинг асосий ишидан ортиб, яна денг, қанча маҳалладошларимиз дардига дармон бўлаётганидан кўпчилик миннатдор, – дейди  “Янги Майманоқ” МФЙ раиси Низомиддин Шодмонов.  – Ҳеч тиниб-тинчиганини кўрмаймиз, доим қандайдир юмуш билан юрган бўлади. O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари, Халқ депутатлари тумани кенгаши ҳузуридаги “Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича доимий комиссияси” ҳамда  “Халқпарвар” комиссияси раиси сифатида,  энг аввало,  оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлашга ҳисса қўшиб келаяпти. Масалан, ногирон, етим, кам таъминланган оилаларни бошпана билан таъминлаш, уларнинг рўзғорини, яшаш аҳволини сўраш каби хайрли ишларда ҳамиша бошқош.

Яқинда депутат  туман  ёшлари билан учрашиб, партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари, депутатлик гуруҳининг амалий ишлари, ноиблик мақоми, айниқса навқирон авлод вакилларининг ҳар жабҳада фаоллигини, сиёсий билимларини ошириш бўйича янги лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар,  “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижросини таъминлаш,  иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, қатор йўналишларда уларнинг  маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасидаги инновацион ташаббусларини кенг тарғиб этиш орқали янги иш ўринлари яратиш, Касби кулолчилик мактабини қайта тиклаш борасида қимматли фикрлар билдирилди. 

– Ёшлар бандлигини таъминлашда, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишида кичик бизнес ҳамда тадбиркорлик соҳасининг ривожланиши асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди Халқ депутатлари Касби туман кенгаши депутати Бобоназар Сатторов. –  Жорий йил Президентимиз томонидан “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланди. Бугунги кунда юртимизда ёшларнинг илм-фан, юқори технологияларни мукаммал эгаллашлари учун барча имкониятлар яратилган. Ёшларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларни тадбиркорлик соҳасига янада кенг роқ жалб этиш, банклардан кредит олишларида амалий ёрдам беряпмиз. 

Бобоназар Сатторов 500 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 1-сон касб-ҳунар мактаби директори сифатида ҳам бошқаларга намуна. Устознинг ташаббуси билан  “очиқ бюжет” лойиҳаси доирасида мактабга 30 кВт лик қуёш фотоэлектрик станцияси, ўқув хоналарга 15 дона интерактив сенсорли панеллар, 2 комплект компьютер синфи, 10 дона 55 дюмли телевизорлар ва 40 дона кузатув камералар янгидан ўрнатилди.

Таълим муассасасида икки гектар майдонда иссиқхона, балиқчилик, асал аричилик, боғдорчилик, ва биогумус  етиштириш кенг йўлга қўйилган.  Амалий машғулотлар ўтказилаётган ушбу кичик хўжаликларда етиштирилган маҳсулотлардан топилган маблағлар ҳисобидан аълочи ва жамоат ишларида фаол иштирок этаётган ўқувчилар мунтазам равишда рағбатлантириб борилади. 

Яна бир эътиборли жиҳати, Бобоназар Сатторов “Барабанли қуритгичда пахтани қуритишда комбинациялаштирилган ёқилғи-қуёш иссиқлик манбаини ишлаб чиқиш ва тадқиқ қилиш” мавзусида “Саноат иссиқлик энергетикаси” ихтисослиги бўйича диссертациясини ҳимоя қилган ва техника фанлари номзоди илмий даражасини олган. 2012 йилда доцентлик, яқинда “Саноат иссиқлик энергетикаси” ихтисослиги бўйича профессор илмий унвонига сазовор бўлди. Ибратли оиланинг фарзандларига ҳам ҳавас қилса арзийди: бир ўғли Азамат Нуфтиллаев ММА жанг санъати бўйича беш карра жаҳон чемпиони. Хуллас, устоз-депутат-доцент-профессор бизнинг маслакдошимиз.

Сайфулла ИКРОМОВ,  “ХХI asr” мухбири

  • Кўрилди
    198
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+