Байрам шодиёналари давом этмоқда

20.03.2024, 20:09

Байрам шодиёналари давом этмоқда

“Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида ўтаётган бу йилги Наврўз байрами O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нурафшон филиали ҳамкорлигида ташкил қилинди.

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган байрам тадбири тантаналарида Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашидаги партия депутати, Тошкент давлат Техника университети Олмалиқ филиали директори Алишер Самадов, филиал директори Нурбек Насруллаев, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор биринчи ўринбосари Бобомурод Бобоёров, партия вилоят Кенгаши мутасаддилари, олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, МФЙ фаоллари иштирок этишди.

Олийгоҳ ҳудудини ободонлаштириш, унги янги биноси ҳовлисда турли мевали ҳамда манзарали кўчатлар ниҳолларини ўтқазиш, парваришлашдан бошланган бу йилги Наврўз тадбирлари аҳил филиал жамоаси ва талаба ёшлари, Нурафшон шаҳар маданият уйи, 12-сонли санъат ва мусиқа мактаби мутахассислари томонидан баҳамжиҳатликда тайёрланган тантанали байрам сайли дастурига уланиб кетди.

Унда филиал директори Нурбек Насруллаев Наврўзнинг умумбашарий қадриятлар негизида тутган ўрни, халқимизнинг кўп асрлик эзгу қадриятларини, унинг орзу-интилишларини ўзида мужассам этган ушбу қутлуғ айём мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элатларга мансуб барча ватандошларимиз учун умумхалқ байрамига айлангани хусусида сўз юритди.

Айниқса, бугун, жамиятимизда инсон қадри юксалиб, бебаҳо бойлигимиз – еримиз, сувимиз ва табиатимизга, шу борадаги неча минг йиллик анъаналаримизга эътибор кучайиб бораётган Янги Ўзбекистон шароитида бу байрамнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти янада ортиб бораётганига урғу берди.

Байрам тадбирида жам бўлган нурафшонликлар, олийгоҳ профессор-ўқитувчилари, талаба ёшларини ушбу муаззам байрам муносабати билан самимий қутлади.

Айтиш жоизки, муаззам Наврўзнинг олийгоҳдаги байрам тантаналари мобайнида Талабалар турар жойи ҳовлисидаги Наврўзнинг латиф ва суюкли таоми сумалак қайнаётган дошқозон атрофида талабалар томонидан ижро этилган лапар ва ўланлар, айтишувларда ўзбек миллий фольклор санъатининг қадимий оҳанглари қайта жонланди.  

Эрта тонгдан карнай-сурнайлар жўрлигида бошланган “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деб номланган тантанали байрам дастурида баҳор ва Наврўз, Ватан, ёшлик, севги ва садоқатни мадҳ этувчи шеъру-ғазаллар, қўшиқ ва дилрабо рақслар барчага кўтаринки хуш кайфият бағишлади.

Сайл давомида талаба ёшлар спортнинг стол тенниси, шахмат-шашка, армрестлинг, арқон тортиш каби турларида куч синашишгани уларнинг хотирасида ёрқин таассурот қолдирди.

Сайл ниҳоясида ифторлик байрам дастурхони ташкил қилиниб, барчага баҳорий таом – сумалак, миллий шох таом – палов тарқатилди. Сайл Нурафшон филиали талаба ёшлари иштирокида кечки “Наврўз партй” мусиқий оқшоми билан ўз якунига етди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    172
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+