Ҳолва деган билан оғиз чучимайди ёки нега Сирдарёдаги ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти жонланмаяпти?

22.03.2024, 14:49

Ҳолва деган билан оғиз чучимайди ёки нега Сирдарёдаги ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти жонланмаяпти?

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан амалга оширилаётган лойиҳалар жамоатчиликда тобора катта қизиқиш уйғотмоқда. Уларнинг ҳар бири аҳолининг муайян тоифаси ёки қатламига мўлжаллангани эса ижобий натижага эришишда ўзига хос компас вазифасини бажараётир.

Партия фаолиятидаги истиқболли йўналишлардан бири “O‘zLiDeP ёшлар минбари” лойиҳасидир. Ҳаётга кириб келаётган навқирон авлод муаммоларини ўрганиш мақсадида ташкил этилган мазкур лойиҳа республикада ёшларга оид қонунчилик ижроси устидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйишни ҳам назарда тутади.

Лойиҳа доирасидаги ўрганишларнинг дастлабкиси Сирдарё вилоятида ўтказилди. Бир гуруҳ депутатлар ва фаол ёшлар томонидан Президентимизнинг 2021 йил 21 апрелдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоятда ташкил этилган кичик ва ёшлар саноат зоналари фаолияти жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Унга кўра, эркин иқтисодий зоналар бўйича мавжуд тажриба асосида ҳудудларда ёшлар кичик саноат зоналарининг ташкил этилиши, уларда ўсиб келаётган авлод вакилларининг бизнес лойиҳалари жойлаштирилиши белгилаб берилган эди. Шунингдек, ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун жамғарма ташкил этилиб, унга 100 миллион доллар маблағ ажратилиши белгиланган. Жамғарма ёшларнинг намунали лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун қулай шартларда ва паст фоизларда молиялаштиради. Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилиши ҳам кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ, Сирдарё вилоятида 2021 йилнинг ўзида Гулистон шаҳри, Мирзаобод, Боёвут, Сирдарё туманларида ва Янгиер шаҳрида, 2022 йилда эса қолган 7 та туман (шаҳар)да ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилиши, умумий ҳисобда 21,9 гектар ер майдонлари ажратилиши белгиланган эди.

Хўш, орадан шунча вақт ўтиб кетди. Аҳвол қайси томонга қараб ўзгарди?  Натижалар қоғозда қолиб кетдими ёки амалда бирор тайинли ишлар бажарилдими?

Бу каби жумбоқли саволларга жавоб топиш жараёнида бир қатор ёшлар саноат тадбиркорлик зоналарига 68,9 млрд. сўмлик 19 та лойиҳа жойлаштирилгани маълум бўлди. Уларни ишга тушириш натижасида 466 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилганди. 2022 йилда Гулистон туманидаги “Оқ олтин” МФЙда 3,0 гектар, Сайхунобод тумани “Фаровон” МФЙда 32,08 гектар ва Гулистон шаҳар “Улуғобод” МФЙда эса  50,0 гектар ер майдонида янги ташкил этилган кичик саноат зоналарини муҳандислик коммуникациялар инфратузилмаси билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 ноябрдаги ПҚ-431сонли қарорига асосан 12 350,0 млн.сўм маблағ ажратилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунда тегишли ташкилотлар томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Вилоятнинг Мирзаобод туманида жойлашган “Наврўз” кичик саноат зонаси фаолияти ўрганилганда, бу ердаги “Navroʻz Total Textile” МЧЖ корхонаси трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилганлиги ҳамда мазкур корхона дастгоҳларини ишга тушириш мақсадида кўплаб хорижий мамлакатлардан ва маҳаллий мутахассислардан иборат 160 нафар ёшлар жалб этилгани маълум бўлди.

Афсуски, бу корхонани ишга тушириш учун кучланиши 110 кв бўлган 17,5 км ҳаво тармоғини тортиш ва 16 МВА кучланишли трансформатор ва 110/35 подстанция пунктини қуриш зарур бўлиб, бу масала ҳалигача ҳал этилмаганлиги сабабли ишлар ортга сурилмоқда.

Агар мазкур корхона ишга тушадиган бўлса, биринчи босқичда маҳаллий аҳолининг 500 нафари, иккинчи босқичда яна 500 нафари доимий иш жойига эга бўлиши режалаштирилгани кишини қувонтиради. Лекин ҳолва деган оғиз чучимайди-да.

Масалан, Мирзаободдаги “Наврўз” кичик саноат зонасида жорий йил охирига қадар бир нечта лойиҳаларни ишга тушириш мўлжалланган. Аммо 2024 йилнинг учинчи ойи ҳам оёқлаб бораётган бўлса-да, ҳамон бу ерда жўялироқ ишлар бошланмаган.

3 та тадбиркорлик субъектининг муаммолари таҳлил қилинганида кичик саноат зонаси инфратузилмаси (йўл, газ, электр тармоқлари)нинг аҳволи ёмонлиги маълум бўлди. Аниқланган камчилик ва муаммоларни батафсил кўриб чиқиш учун депутатлик гуруҳи йиғилишига тақдим этиш бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

 

  • Кўрилди
    227
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+