Бухоро вилояти прокуратураси томонидан амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди

27.03.2024, 12:21

Бухоро вилояти прокуратураси томонидан амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди

O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши мажлислар залида Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссиянинг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритилаётган масала дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Йиғилишни доимий комиссия раиси Обиджон Хамидов кириш сўзи билан очди ва олиб борди.

Йиғилишда вилоят прокуратураси органлари томонидан 2023 йил мобайнида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, давлат ва жамият манфаатларини муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида вилоят прокурорининг ўринбосари Дилшод Тошевнинг ахбороти тингланди.

Таъкидланганидек, прокуратура органлари томонидан 2023 йилда ўтказилган назорат тадбирларида 6 минг 600 дан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди.

Жумладан, мансабдор шахсларнинг 1216 та қонунга зид ҳуқуқий ҳужжатлари прокурор протестлари асосида қонунга мувофиқлаштирилди ёки бекор қилинди. Аниқланган қонун бузилишлар, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш юзасидан 1480 та тақдимнома киритилди.

1555 нафар мансабдор шахслар қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилди. 1528 нафар мансабдор шахслар интизомий ва 1442 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Судларга 13,9 млрд. сўмлик зарарларни ундириш бўйича 198 та даъво аризалари киритилди. Шунингдек, жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 333 та жиноят ишлари қўзғатилиб, назорат тадбирлари ва жиноят ишларининг тергови давомида 169 млрд. сўмдан ортиқ зарарларнинг ундирилиши таъминланди.

Бу тадбирлар натижасида 3621 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Бундан ташқари вилоят прокуратураси органлари томонидан вилоятдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш
масаласи ўрганилганда соҳада тизимли қонун бузилишларга йўл қўйиб келинаётганлиги аниқланди.

Ушбу муассасаларга маҳсулот етказиб берувчи 305 та корхоналарнинг 253 тасида санитария, шундан 34 тасида ветеринария  хулосалари мавжуд эмаслиги ўрганишлар давомида аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди. Ўрганишлар чоғида маҳсулот етказиб бериш учун шартнома тузишда коррупцион ҳолатлар мавжудлиги, мактабгача ва мактаб
таълими бўлимлари аксарият шартномаларни ишлаб чиқарувчи корхоналар билан эмас, етказиб берувчилар билан имзолаганлиги маълум бўлди.

Натижада, аксарият мол гўшти ўрнига ёғ ва суяк, сариёғ ўрнига таркибида истеъмоли тақиқланган пальма ёғи
бўлган маргарин, табиий сигир сути ўрнига қуруқ сут ҳамда белгиланган миқдордан кам нон маҳсулотлари етказиб берилган.

Энг ачинарлиси, айрим мактаб ва мактабгача таълим бўлимлари озиқ-овқати учун ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилаётганлиги ҳам аниқланди.

Жумладан, Қоровулбозор ва Олот туманларидаги мактаб ва мактабгача таълим бўлими мансабдор шахслари бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари камомадига кўп миқдорда йўл қўйиб, бюджет маблағларини талон-торож қилишган.

Ушбу ҳолат юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Доимий комиссия йиғилишида шунингдек, вилоят прокуратураси органлари томонидан иқтисодиётнинг асоси ҳисобланган молия-кредит, қурилиш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш борасидаги қонунчилик ижроси, энергоресурслардан фойдаланишда қонунчиликка риоя қилиниши, вилоятдаги маданий мерос объектларини муҳофаза
қилиш ва улардан фойдаланиш аҳволи, ер ресурсларидан фойдаланишда қонунларга риоя қилиниши ва бошқа бир қатор масалалар ҳам доимий назоратга олинган бўлиб, мазкур йўналишларда изчил ишлар олиб борилган ва ушбу йўналишдаги ишлар жорий йилда ҳам тизимли давом эттирилмоқда.

Кун тартибидаги масала юзасидан доимий комиссия аъзоларидан А.Ҳусенова. Ҳ.Рўзиев ва бошқалар ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар. Мажлис якунида муҳокама қилинган масалага доир тегишли қарор қабул қилинди.

  • Кўрилди
    165
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+