Яккатутлик гулчи тадбиркор танловнинг маҳалла босқичи ғолиби бўлди

22.05.2024, 10:06

Яккатутлик гулчи тадбиркор танловнинг маҳалла босқичи ғолиби бўлди

Шу кунларда ЎзЛиДеП томонидан ташкил этилаётган   "Ишбилармон аёл - 2024" республика кўрик-танловининг маҳаллалардаги босқичи қизғин жараёнга кирган. Танлов ҳақида, унинг Низомда белгиланган тартиби ва талаблари ҳақида эшитган ҳар бир тадбиркор  бунга катта қизиқиш билдирмоқда. Гарчи  ҳали бошлаган ишлари  кичик ва бошланғич босқичда бўлса-да келгусида ўз тадбиркорлик ишларини янада кенгайтириш, элга – юртга наф  келтириш, ютуқларни кўпайтириш ва йирик тадбиркор сифатида танилиш ҳар бир юртдошимизнинг қалбидаги эзгу ниятига айланмоқда.

Ҳа, ҳар бир иш аввало оддий ғоядан, уни амалга оширишга уринишдан бошланади. Ҳаракат, меҳнат, изланиш ва тажрибалар аста-секин самарасини беради. Қийинчиликларсиз, машаққатларсиз ютуқ ҳам, муваффақият ҳам бўлмайди.

Избоскан туманининг ҳар бир қишлоғи ўзининг тадбиркорлик, миришкорлик ва  ердан омилкорлик билан фойдаланиш сифатлари билан алоҳида ажралиб туради. Тўрткўлликлар қишлоғига алоҳида кўрк бериб  турадиган  манзарали  дарахтлари, азим тераклари билан эътироф этилса, яккатутликлар ранго-ранг гуллари, майсалари, ландшафт дизайн ишлари ишлари билан, мойгирликлар турли – туман, сархил мевали кўчатлар етиштиришлари билан донғи кетган. Бугун биз ташриф буюрган маҳалла “Ботиробод” бўлиб, гулчилар маҳалласи дейишади. Мангулик кўчаси 78 – хонадонда яшовчи Насибахон Мамадалиева “Шукрона тараннум ривожи” оилавий корхонасини ташкил этиб, иссиқхонасида 12 хилдан ортиқ  турдаги гулларни парваришлаб келмоқда. Хонадондаги 3 та иссиқхонада турли–туман гуллар бўй чўзиб, чирой очиб, харидорларга етказилиб берилмоқда. Гулчилик фаолияти кенгайиб, оила аъзоларидан ташқари қўшимча 4 та ишчи ўрин яратган. Насибахон ва шогирдлари етиштираётган гуллар юртдошларимиз ва қўшни республикалардан келган мижозларга маъқул келмоқда.

Биз гул етиштириб, юртимизни гўзал ва кўркам диёрга айлантираётган, кўпчиликнинг кўнглини олаётган  Насибахоннинг келгуси ишларига омадлар тилаб, партиямиз томонидан ажратилган совғаларни топширдик. Насибахон танловнинг туман босқичида ўз гуллари билан иштирок этадиган бўлди.

 

  • Кўрилди
    338
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+