Чинознинг ишбилармон аёллари аниқланди

15.06.2024, 11:37

Чинознинг ишбилармон аёллари аниқланди

Махбуба Холиқулова бундан ўн йиллар муқаддам ўзининг мўъжазгина ҳовлисида турли сабзовот экинларининг кўчатларини парваришлаш ортидан ўз томорқа бизнесига асос солганди. Дастлаб қўни-қўшнилар ёрдамидан фойдаланган Махбуба опа секин-аста уларни ёлланма ишчи сифатида кўчат етиштириш ишларига жалб қила бошлади. Бугун опанинг 20 сотихдан ортиқ майдонда барпо этилган махсус иссиқхоналарида 10 дан ортиқ сабзавотларнинг энг сара навлари, турли манзарали гулларнинг кўчатлари етиштирилмоқда. Қувонарлиси, 35 нафардан зиёд маҳалла аҳолиси ишлайдиган мазкур оилавий корхонада қишлоқнинг иш билан банд бўлмаган, “Аёллар дафтари”да турувчи хотин-қизлари ҳам меҳнат қилишмоқда.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан ташкил этилаётган “Ишбилармон аёл – 2024” кўрик-танловининг Чиноз туманида ўтказилган маҳалла босқичида иштирок этган Махбуба опа ўзи каби хотин-қизлар бандлигини таъминлашга хисса қўшаётган тадбиркор аёллар билан беллашганидан мамнунлигини айтади.

- “Кўрик-танловда иштирок этарканман, ўзим каби тадбиркор аёллар томонидан ташкил этилган кўргазмани тўлдириб турган маҳсулотларни кўриб, уларни шу ерга етиб келгунича меҳнати сингган қўли гул, ишбилармон опа-сингилларимизнинг юрагидаги эзгулик маҳсули эканидан фахрландим. Улар билан бир майдонда беллашаётганимдан ифтихор туйдим. Ҳар бир иштирокчи наинки, ўзи балким, бошқа оддийгина қишлоқ аёлларининг ҳам бандлигини таъминлаб, фаровонлигини оширишга эришган. Ишсиз ўтирган опа-сингилларимизни бошини қовуштириб, ҳунарли, ишли бўлиб, моддий аҳволини ўнглаб олишида яқиндан кўмаклашган. Танловдаги иштироким мени янада руҳлантирди. Оилавий корхонамиз фаолиятини янада кенгайтириб, маҳалламиздаги бошқа аёлларга ўз томорқасидан унумли фойдаланиб, даромад топишларида ёрдамлашишга ундади. Келгусида опа-сингилларимизни иш билан таъминлабгина қолмасдан, уларга ўз тажрибаларимизни ўргатиш орқали ўз бизнесини бошлашига кўмаклашиб, сафимизни янада кенгайтиришни мақсад қилиб олдим”.

“Ишбилармон аёл – 2024”нинг Чиноз туманида ўтказилган маҳалла босқичида “Бирлик” МФЙ истиқомат қилувчи 14 нафар энг фаол тадбиркор хотин-қизлар қатнашишди.

Чинозлик ишбилармон аёллар томонидан ташкил этилган кўргазма павильонларида тўқимачилик, ҳунармандчиликнинг замонавий декоратив безакларининг чиройли намуналари, тикувчилик, қандолатчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари намойиш этилди.

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши бўлим мудири Севара Муслимова, партия вилоят ҳамда туман Кенгашлари мутасаддилари, Чиноз туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Васила Мансурова, туман ИИБ профилактика испектори, “Бирлик” МФЙ  “маҳалла еттилиги” вакилларидан иборат таркибдаги ҳайъат аъзолари иштирокчиларнинг ҳар бири билан суҳбатлашиб, улар самарали раҳбарлик қилаётган корхона фаолияти билан танишишди. Тадбиркорлигини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратишга доир келгуси режалари билан ҳам қизиқишди.

 Одил ҳакамларнинг таъкидлашича, иштирокчиларнинг ҳар бири ғолибликка муносиб. Бири оддийгина ҳунари ортидан ҳалол даромад топиб, дугонаси ёки қўни-қўшнисига ўз ҳунарини бепул ўргатиб, ёнига олиб, ўзи яратаётган бежирим либосларда миллий қаҳрамонлар образини гавдалантираётган бўлса, яна бошқаси ўзининг мўъжазгина томорқасида иш бошлаб, бугун маҳалла аҳлини ҳалол даромад топишига сабабчи бўлиб келмоқда.

Танлов ҳайъати аъзоларининг якуний хулосаларига кўра, болажонлар учун эртакона либослар яратиш билан шуғулланиб келаётган “Рахимова Назокат Валижон қизи” ЯТТ раҳбари Назокат Рахимова фахрли 3-ўрин, томорқачилик фаолияти билан машғул бўлиб, ўзи каби 10 лаб маҳалла аҳлини иш билан таъминлаган Насибахон Турсунова 2-ўрин, “Нилуфар ниҳоллари” МЧЖ раҳбари Махбуба Холиқулова эса 1-ўринга муносиб деб топилишди.

Кўрик-танлов иштирокчилари партиянинг диплом ва ташаккурномалари, эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

 

  • Кўрилди
    128
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+