Фаол ташқи сиёсат юртимиз халқаро нуфузини янада мустаҳкамлайди

03.07.2024, 14:46

Фаол ташқи сиёсат юртимиз халқаро нуфузини янада мустаҳкамлайди

Аввало айтиш керак, БМТ Бош котибининг мамлакатимизга ташрифи Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро ҳамжамият билан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги янада мустаҳкамланганидан далолатдир.

Бош котиб давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар марказида инсон, унинг ҳуқуқлари ва эркинликлари турганини алоҳида эътироф этди. Президентимизни “кўприк қурувчиси, ҳалол воситачи ва тинчлик хабарчиси” сифатида таърифлаган меҳмон Шавкат Мирзиёев билан учрашув чоғида мамлакатимиз тараққиёти, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, глобал муаммоларни ҳал этиш билан боғлиқ қатор долзарб масалаларни муҳокама қилди.

Ҳақиқатан ҳам, Президентимиз сиёсий иқтидорга “Инсон қадри учун” деган тамойилни рўёбга чиқариш, инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат — Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси билан келди. Ислоҳотларимиз марказига инсон, унинг қадри, эркинликлари ва қонуний ҳуқуқларини қўйди. Сўнгги 7 йилда қабул қилинган учта комплекс тараққиёт стратегияси ҳамда турли соҳаларни ривожлантиришга оид 60 дан зиёд стратегия, концепция ва дастурларга инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, унинг ривожланиши ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш, ижтимоий тенглик каби тамойиллар, ғоялар тўлиқ сингдирилди.

Шу ўринда бир мисолга тўхталиш жоиз: янги таҳрирдаги Конституциямиз халқимизга хос бўлган  меҳр-оқибат, одамийлик, ўзга миллат ва элатларга ҳурмат, ақл-заковатга интилиш, ор-номус, иффат, ҳаё каби эзгу фазилатлар руҳини ҳам ўзида акс эттирган. Жумладан, унда “инсон — жамият — давлат” тамойилини амалга ошириш ва инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар сони 3,5 баробар оширилди, 40 дан зиёд янги конституциявий ҳуқуқлар муҳрлаб қўйилди. Яъни, ушбу Конституцияни Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонуни”, деб аташимиз учун барча асосларимиз бор. У бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди.

Ўзбекистон БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини нафақат қўллаб-қувватлади, балки уларни амалга ошириш мақсадида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси сифатида 40 дан зиёд глобал, минтақавий ва миллий даражада амалга оширилиши назарда тутилган ташаббусларни илгари сурди.

Умуман айтганда, БМТ Бош котибининг мамлакатимизга навбатдаги ташрифи Ўзбекистон билан БМТ ва унинг тузилмалари ўртасидаги конструктив ҳамкорликни изчил давом эттиришга, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар лойиҳаларни мувафаққиятли амалга оширишга тайёрлигимизни тасдиқлади.

Мавлуда ХЎЖАЕВА

Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси.

  • Кўрилди
    132
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+