Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро ҳамжамият билан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб боряпти

03.07.2024, 15:13

Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро ҳамжамият билан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб боряпти

Антонио Гутерриш ташриф давомида Ўзбекистондаги ислоҳотлар, учта комплекс тараққиёт стратегиялари — Ҳаракатлар стратегияси, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг БМТ БРМларига уйғун ва уларни қамраб олишини таъкидлади.   

Дарҳақиқат, БМТнинг “Глобал кун тартиби — 2030” ва унинг 17 та Барқарор ривожланиш мақсадлари учта — иқтисодий, ижтимоий ва экологик асосга таянади. Масалан, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясига эътибор қаратсак, таҳлиллар, унинг 5 та йўналиши БМТ томонидан белгиланган 16 та Барқарор ривожланиш мақсадларини тўла қамраб олишини кўрсатади.

Стратегия доирасида 2023 йилнинг ўзида қабул қилинган қатор қонун, Президент фармони ва қарорлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (жами – 200дан зиёд) Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг зарур ташкилий-ҳуқуқий асосларни яратади. Бу эса, ўз навбатида, Стратегияда белгиланган мақсад-вазифалар БРМни амалга ошириш учун ўзига хос “Йўл харитаси” вазифасини ўташини ҳамда Стратегияни амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш барча давлат органлари ва ташкилотларининг энг устувор вазифаси эканидан ҳам далолат беради.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, ўтган етти йилда мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизга етди. Шунингдек, хотин-қизларнинг таълим олиши учун қўшимча имкониятлар яратилиши, 2021 йилдан бошлаб, ҳар йили 3 мингдан ортиқ қиз учун алоҳида грантлар ажратилаётгани эвазига ёш аёлларнинг олий таълим билан қамров даражаси 5 баравар яхшиланди. Университетларга кирадиган қизлар учун бюджет квотаси жорий этилиши эвазига 2021-2022 ўқув йилида талабаларнинг 60 фоизини аёллар ташкил этди.

Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган барча 100 мақсад, 369 та чора-тадбир, 190 та вазифа, 306 та мақсадли кўрсаткич бажарилиши мамлакатимизнинг БРМ тўла эришишига хизмат қилади. Шунингдек, БМТ Бош котибининг Ўзбекистонга ташрифи сўнгги йилларда мамлакатимизда кечаётган туб янгиланишлар, изчил ва фаол ташқи сиёсат юртимизнинг халқаро нуфузи янада мустаҳкамланганидан далолатдир.

Eркин Зоҳидов

Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

 

  • Кўрилди
    127
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+