Кредитни қайтаришга қаратилган ҳуқуқий асослар такомиллаштирилади

24.11.2018, 06:50

Кредитни қайтаришга қаратилган ҳуқуқий асослар такомиллаштирилади

Маълумки, банк кредитлари ва хусусий сармоялар ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда зарур манба ҳисобланади. Бу борада аҳоли ва ташкилотлардаги бўш маблағларни жалб қилиб, уларни кредит сифатида тадбиркор ва инвесторларга тақдим этадиган тижорат банкларининг иқтисодий жараёнлардаги роли муҳим аҳамиятга эга.

Куни кеча Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳам айнан банк тизимини ислоҳ этиш ва банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва тадбиркорликни ривожлантиришда тижорат банкларининг ролини янада ошириш масалаларига бағишланди. Видеоселекторда асосий эътибор муаммоли кредитлар масаласи муҳокамасига қаратилди. Таъкидланганидек, бундай кредитлар миқдори йил бошига нисбатан анча ошган.

Хусусан, уй-жой фондини таъмирлаш ва турар жой биноларини барпо этишга қайтариш манбалари ва имкониятлари тўлиқ ўрганилмасдан кредит ажратилиши оқибатида умидсиз қарзлар кўпайиб, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бўйича катта миқдорда муаммоли кредитлар юзага келган.

Давлатимиз раҳбари муаммоли кредитларни қайтаришда банкларнинг имкониятларини янада кенгайтиришни, уларни ундириш бўйича банклар, қарздор корхоналар, компания ва уюшмалар, ҳудудлар раҳбарлари биргаликда иш олиб бориши зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда банкларнинг кредит учун ресурслар жамлашдаги фаоллиги, хусусан аҳоли ва юридик шахсларнинг бўш маблағларини банк депозитларига, биринчи навбатда муддатли ва жамғариб бориладиган депозитларга жалб қилиш ишлари етарли эмаслиги, тижорат банклари устав капитали асосан давлат улуши ҳисобига оширилиб, хусусий сектор маблағлари деярли йўналтирилмагани жиддий танқид қилинди.

Шунингдек, бугунги кунда кузатув кенгашлари банкларнинг стратегик ривожланиш йўналишларини белгилаш ва фаолиятини яхшилаш бўйича етарли иш олиб бормаётгани муҳокама қилиниб, давлат тасарруфидаги банкларнинг кузатув кенгашлари фаолиятини танқидий ўрганиш ва  молия муассасалари фаолиятини такомиллаштириш учун хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб этиш бўйича соҳа масъулларига вазифалар юклатилди.

Йиғилишда парламент аъзолари олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйилиб, пул-кредит сиёсатининг самарали қўлланиладиган фоиз инструментлари турларини кенгайтириш, тижорат банклари томонидан фоиз ставкаларини шакллантириш, шу жумладан, кредитлар бўйича бозор механизмларини кенг жорий этишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банк тизимига ишончини кучайтириш, банклар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали ва ўзаро манфаатли муносабатларни таъминлаш борасида мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатларни ихтисослашган халқаро молия институтлари хулосаларини инобатга олган ҳолда қайта ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди.

Шундан келиб чиқиб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мутахассислари билан биргаликда мамлакатимизда пул-кредит сиёсатининг самарали қўлланиладиган турларини кенгайтиришга, банклар билан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали, ўзаро манфаатли муносабатларни таъминлаш борасида мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишни истиқболдаги вазифаларимиз сифатида белгилаб олдик.

Мазкур долзарб вазифаларни амалга оширишда аввало кенг жамоатчилик ва тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш, бунда аввало халқимиз, тадбиркорлик субъектлари учун қулай, шаффоф ва содда тартиб-таомиллар асосида шарт-шароитлар яратиш устувор аҳамиятга эга.

Муродулла ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1120
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+