Президентимизнинг Бухорога ташрифи чоғида белгилаб берган вазифаларини амалга оширишда астойдил ҳаракат қиламиз

02.04.2019, 15:00

Президентимизнинг Бухорога ташрифи чоғида белгилаб берган вазифаларини амалга оширишда астойдил ҳаракат қиламиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташриф буюрди.

Президентимиз вилоятга ташрифи давомида бир қатор йирик лойиҳалар, янги ташкил этилган корхоналарни кўздан кечириб,  тегишли кўрсатма ва вазифаларни белгилаб берди.

Давлатимиз раҳбари 2017 йили Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Ғиждувон туманидаги собиқ ип-йигирув фабрикасининг бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан унумли фойдаланиш, Ғиждувон эркин иқтисодий зонасини ушбу ҳудудда жойлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берган эди.

Мазкур ҳудудда “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамияти томонидан собиқ фабриканинг 9 гектардан зиёд майдонида қисқа муддатда йирик лойиҳа – ип-йигирув корхонаси ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари ташрифи доирасида мазкур ип-йигирув ва тўқув корхонасини ҳам бориб кўрди ва ўзининг тегишли кўрсатма ва таклифларини берди.

Ушбу вилоятда йирик лойиҳаларни, қўшма корхоналарни ташкил қилишда O‘zLiDeP фаоллари бўлган тадбиркорларнинг ҳам иштироки борлиги бизни янада қувонтирмасдан қолмайди. Қуйида партия фаоллари бўлган тадбиркор ва ишбилармонларнинг фикр-мулоҳазалари билдириб ўтилган.

Нодир Умаров, Ғиждувон туманидаги “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” МЖЧ иш бошқарувчиси, O‘zLiDeP фаоли:

Фабрикамиз фаолиятини йўлга қўйиш учун умумий қиймати 27 миллион АҚШ доллари бўлган Ипотека банк филиалидан ажратилган кредит эвазига Германия, Туркия, Швейцария, Япония ва Ҳиндистондан замонавий ускуналар харид қилинди. Корхонамиз ўз маблағимиз ҳисобидан бино ва иншоотларни қайта қуриб, реконструкция қилдик.

Жорий йил январда ишга туширилган мазкур корхонамиз йилига 9400 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш, 5 миллион долларлик экспорт қилиш қувватига эга. Халқаро андозаларга мос сифатли маҳсулот ички бозорга ва хорижий буюртмачиларга етказиб берилмоқда. Қарийб 33 миллиард сўмлик ип-калава сотилиб, 1,1 миллион долларлик маҳсулот Россия, Туркия, Польша ва Молдовага экспорт қилинди. Айни пайтда корхонамиз Туркияда савдо уйи ташкил этиб, маҳсулот экспорти бўйича хорижий шериклар билан музокаралар олиб бормоқдамиз. 

Бу лойиҳамизнинг биринчи босқичи бўлиб, иккинчи босқичда ишлаб чиқариш қувватини янада кенгайтириб, экспорт йилига 51 миллион долларга, иш ўринлари 1 минг 250 тага етказишни олдимизга мақсад қилиб олганмиз.

Давлатимиз раҳбари бизнинг корхонамизга ташрифи доирасида ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Яқинда АҚШ Ўзбекистон пахтасини сотиб олишга тақиқни бекор қилганини, бу мамлакатимиз пахта етиштирувчиларининг Америка бозорига тўлақонли киришига, хорижий нуфузли компаниялар билан бизнес алоқаларни кенгайтиришига йўл очиб берганини таъкидлаб ўтдилар. Шу билан бир қаторда пахтамизни чуқур қайта ишлаб, қўшимча қийматли маҳсулотлар экспортини янада ошириш чораларини кўришимиз зарурлиги борасида ўз кўрсатмаларини бериб ўтдилар. Албатта, Президентимизнинг кўрсатмалари асосида маҳсулотларимизни турини, сифатини ошириб, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, яна қўшимча иш ўринларини яратишга астойдил ҳаракат қиламиз.

Ботир Ражабов, Ромитан туманидаги “BCT Cluster” хорижий корхонаси бош директори, O‘zLiDeP фаоли:

Бизнинг ушбу корхонамиз хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида кластер тизимини ривожлантириш борасидаги кўрсатмалари асосида мазкур корхонамиз учун 8 минг гектар ер ажратилган эди. 3 мингдан зиёд киши иш билан таъминланиб, пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш йўлга қўйилди. Биргина 2018 йилда 20 минг тоннадан зиёд хомашё етиштирилиб, уни қайта ишлаш натижасида 61,5 миллион долларлик даромад олинди.

Эътиборлиси, корхонамизга дастлаб қарийб 75 миллион доллар инвестиция йўналтирилган эди. Яъни сарфланган маблағ бир йилдаёқ ўзини деярли оқлади.

Президентимиз томонидан бежизга барча соҳаларни кластер тизимига ўтказиш борасида ташаббусни илгари сурмаяпти. Мана бизнинг корхонамиз кластер тизимида фаолиятини йўлга қўйиб, хорижлик ҳамкорларимиз билан замонавий технологиялар асосида тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик.

Умуман, кластер пахта хомашёси етиштириш, уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотларгача бўлган 8 та лойиҳани ўз ичига олади. Ип-калава ва мато ишлаб чиқариш, уларни бўяш, тайёр кийим тикиш фабрикалари қурилиши давом этмоқда. Шунингдек, ёғ-мой заводи, чорвачилик комплекси ва озуқа ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этишни режалаштирганмиз.

Мақсадимиз келажакда яна минглаб иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришдан иборат.

  • Кўрилди
    1196
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

O‘zLiDeP Бухоро туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Саттор Бафоев2019-04-03 16:45:00

Жорий йилнинг 29-30 март кунлари Президентимизнинг Бухорога ташрифида белгилаб берган топшириқларни бажаришга ситқи дилдан ҳаракат қиламиз.


Ташанов Яздон Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари аппарат раҳбари2019-04-03 14:12:00

Президентимизнинг Бухорога ташрифи чоғида белгилаб берган вазифалари биргина Бухоро вилояти учун эмас балки барча вилоятлар учун берилган топшириқлар деб қабул қилишимиз керак.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+