Маҳалла ободлиги – юрт ободлиги демакдир

20.04.2022, 15:11

Маҳалла ободлиги – юрт ободлиги демакдир

Баъзан бугун реал воқеликка айланиб, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ҳақида сўз кетганда, аҳоли билан бевосита ишлашнинг энг самарали ва анъанавий механизми бўлган маҳаллабай ишлаш тизими ҳақида ҳам тўхталиб ўтишга тўғри келади. Бошқа сифат жиҳатдан янги иш усуллари қатори, “Маҳаллабай” ишлаш тизими ҳам жойлардаги ҳокимлик, ташкилот ва идораларнинг вакилларига, депутатларга бевосита ҳар бир инсоннинг дардини тинглаш, уларнинг қувончу ташвишлари билан ҳамнафас бўлиш, кўпчиликни ўйлантираётган, одамларнинг фаровон ҳаёти сари интилишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш, жамият тараққиётини иқтисодий ўсишлар билангина эмас, балки аҳолининг бугунги ўтаётган кунидан рози бўлиб, эртанги кунига ишонч билан қарашига замин тайёрлайдиган мезонларни англаш ва шу асосда фаолиятларини шакллантириш имкониятини яратмоқда. Давлатимиз раҳбари 2022 йилни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб номлашни таклиф қилар экан, “Инсон қадрини улуғлаш — юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутади”, деб алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил    3 декабрдаги фармонига мувофиқ, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилган эди. Хўш, бу янги тизим ўтган вақт давомида қандай амалий самаралар бермоқда?

Президентимиз раислигида жорий йил 19 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг дастлабки натижалари кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, улар уч ой давомида 6 миллион 900 минг хонадонни хатловдан ўтказиб, 4 та тоифага ажратган. Хонадонларнинг 11 фоизи кам даромадли, 47 фоизи қўшимча даромадга эҳтиёжи бор, 6 фоизи ижтимоий ҳимояга муҳтож, 36 фоизи ўзига тўқ оилалар экани аниқланган. Шунга қараб маҳаллий раҳбарлар фаолияти манзилли ташкил этилиб, минглаб фуқароларнинг ишга жойлашиши, касб-ҳунар ўрганишига кўмаклашилган.

Шу уч ойда ҳоким ёрдамчиларининг ташаббуси билан 50 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун 1 триллион 300 млрд. сўм кредит ва 20 млрд. сўм субсидия ажратилган. Натижада жойларда 47 мингта янги тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилган, 8 мингта кичик саноат ва сервис лойиҳалари ишга туширилган.

Бундай хайрли мисолларни Жиззах вилояти мисолида ҳам келтириб ўтишимиз мумкин. Авваламбор, вилоятдаги мавжуд 299 та маҳаллада фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиларининг аксарияти партиямиз фаоли, баъзилари эса, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари эканлигини алоҳида айтиб ўтишимиз керак.

Бироқ, барча маҳалларда ҳам ҳоким ёрдамчилари фаолияти кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Буни Президентимиз ҳам йиғилишда куюнчаклик билан таъкидлаб ўтар экан, “Одамларни рози қилмаган, инсон қадрини тушунмаган раҳбарларга орамизда ўрин йўқ” – деб таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, энди ҳар бир маҳалла ихтисослашуви бўйича қўллаб-қувватланади.

Мисол учун, 2 минг 500 та маҳалла чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликка ихтисослашган. Улар қўшимча қўллаб-қувватланиб, омилкор одамларга инкубатор, хонаки товуқ, асалари уялари етказиб берилса, аҳоли даромади янада ошади. Хонадонларда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик йўналишларида 140 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги айтилди.

Шунингдек, жойларда аниқланган бўш бино-иншоотлардан самарали фойдаланиш, уларни сотиш ёки ижарага беришдан тушган маблағларни ўша маҳалланинг инфратузилмасини ривожлантиришга сарфлаш зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари касаначиларга ўзини ўзи банд қилган фуқаролар каби фақат ижтимоий солиқ тўлаш имконияти яратилади, олис ҳудудда ишлаётган касаначиларнинг дастлабки 1 ойлик иш ҳақи давлат томонидан қопланади. Юртимизда 2 мингдан зиёд маҳалла хизматлар соҳасига ихтисослашган. Бундай ҳудудларни кўпайтириш мақсадида аҳолиси 20 мингдан ошадиган маҳаллаларда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бу марказлар ҳам 5 йил муддатга ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади.

Белгиланган вазифалар кўлами катта. Бироқ, улар хайрли мақсад – одамларнинг ўз маҳалласида меҳнат қилиб, даромад топиш орқали турмушларини фаровон қилишларига замин, имконият яратиб беришга қартилган. Бу вазифалар ижросини таъминлашни депутатлик ва жамоатчилик назоратига олиш, зарур ўринларда ривожланишимизга тўсиқ бўлаётган муаммо ва камчиликларни партиявий воситалар билан бартараф этиш барча маслакдошларимизга, депутатларимизга катта масъулият юклайди.

Шерзод МАМАТҚУЛОВ

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    363
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+