Ўзбекистоннинг Хитойдаги “Яшил ташаббуслари”

20.10.2023, 10:07

Ўзбекистоннинг Хитойдаги “Яшил ташаббуслари”

Жорий йилда “Бир макон, бир йўл” ташаббусига ўн йил тўлди. У  тарихан қисқа даврда кўплаб тарафдорларига эга бўлди ва халқаро ҳамкорликнинг янги моделига айланди. Айни дамда  ушбу ғоя Хитой Халқ Республикаси Раиси томонидан илк бор 2016 йилда айнан бизнинг мамлакатимизда эълон қилингани чуқур рамзий маънога эга.

Умуман олганда, Ўзбекистон Хитой билан кўп қиррали муносабатларни янада чуқурлаштириш тарафдори. Хусусан, ҳар томонлама стратегик шерикликни янги даврда ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилмоқда. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.  Кейинги йилларда Хитой инвестициялари ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони уч баробар кўпайди. Жорий йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 36 фоизга ошди. Йил якунигача ушбу кўрсаткич 10 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Товар айирбошлашни яқин беш йилда 20 миллиард долларга етказиш учун барча асослар бор.

Хитой компаниялари ва молиявий институтлари иштирокида юксак технологиялар, муқобил энергетика, кимё, машинасозлик, металлургия, электротехника тармоқларида, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа йўналишларда бир қатор йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. 

Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш борасида самарали тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон “Ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позиция ўзгармас экани тарафдори.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги давлатлараро муносабатларнинг бу ва бошқа ютуқлари Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин ўртасидаги ишончли  муносабатларга асосланади.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг амалий ташрифи  якунлари ҳам ўзаро муносабатлар юксак даража эканининг навбатдаги  далилидир.

Ташриф  давомида ХХР Раиси Си Цзиньпин, Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши раиси Ван Хунин билан музокаралар, бошқа икки томонлама учрашувлар (Вьетнам Социалистик Республикаси Президенти Во Ван Тхионг,  “Amer International” индустриал-саноат холдинги раиси Ван Вэньин,   "China CAMC Engineering" компанияси раиси Ван Бон, “China Energy Engineering Corporation” раиси Сун Хайлян, “State Grid” компанияси раиси Синь Баоан) бўлиб ўтди.

“Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форуми,  Инсон ва табиат уйғунлиги йўлида “Яшил ипак йўлини” биргаликда барпо этиш” мавзусидаги ялпи йиғилиш асосий тадбирлардан бўлди. Унда Шавкат Мирзиёев ҳам нутқ сўзлади.

Форумда шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Россия Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Покистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар ул-Ҳақ Какар, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, қатор бошқа мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари ҳам иштирок этди. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон биринчилардан бўлиб “Макон ва йўл” ташаббусини қўллаб-қувватлаганини қайд этди. Мамлакатимиз мазкур ташаббуснинг асосий мақсад ва вазифаларини янада илгари суришнинг қатъий тарафдори эканлиги билдирилди. Президентимиз “Яшил ипак йўли” ташаббуси моҳият эътибори билан умумий “яшил” келажак кун тартибини шакллантиришини таъкидлади.

Хусусан, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган махсус резолюция доирасида Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудларини яратиш бўйича кенг кўламли дастурни амалга оширмоқда.

Хитойнинг етакчи компаниялари билан биргаликда ва бошқа хорижий ҳамкорларни жалб этган ҳолда, “яшил технологиялар”ни кенг жорий қилиш асосида саноат соҳасида ва муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дастурларни амалга ошириш учун Оролбўйи минтақасида Махсус намунали технологик паркни ташкил этишга тайёрлик билдирилди.

Ўзбекистон Президенти Оролбўйи халқаро инновациялар маркази негизида “яшил” билим ва ечимларни трансфер қилиш бўйича илмий-ахборот платформасини ишга тушириш ташаббусини илгари сурди.

Форум мамлакатимиз томонидан бошқа ташаббусларни суриш майдончасига ҳам айланди. Хусусан,  Марказий Осиёда “яшил” тараққиёт соҳасидаги мақсадларга эришиш йўлида фикр алмашиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун Ўзбекистон раҳбари 2024 йилда Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Ушбу форум барқарор ривожланиш йўлидаги глобал хавф-хатарларга жавоб топиш учун “Келажак учун – Самарқанд мулоқоти”ни ташкил этишда амалий қадам бўлиб хизмат қилади.

“Марказий Осиёнинг “яшил” кун тартиби” ва “Яшил ипак йўли” концептуал ташаббусларини ўзаро боғлаш доирасида иқтисодиёт тармоқларини “яшил” тараққиёт талаблари асосида трансформация қилиш ва рақамлаштириш, транспорт ва энергетика тармоқларида барқарор инфратузилмани яратиш, “яшил” саноат қувватларини ишга тушириш, камбағалликни қисқартириш ва “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш чоралари ва лойиҳаларини ўз ичига олган “Яшил” тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Кам  углеродли иқтисодиёт ва “тоза” технологияларни ривожлантириш, шунингдек, минтақа мамлакатларида юқори экологик стандартларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистонда “Яшил молиялаштириш” жамғармасини таъсис этишни таклиф қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси “яшил” маҳсулотлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдосидаги чеклов ва тўсиқларни камайтиришга чақирди.

Хулоса ўрнида шуни  қайд этамизки,  бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро форуми якунлари инсониятнинг “яшил” келажагини барпо этиш йўлида муҳим ҳисса бўлади. Бу айниқса, минтақамизда аномал об-ҳаво шароитлари, тез-тез юз бераётган қурғоқчилик ва чанг бўронлари, ерларнинг шиддат билан деградацияга учраши ва чўлланиши, биохилма-хилликнинг йўқолиши кўринишида намоён бўлаётган мураккаб экологик вазият сабабли юазага келаётгани учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, Марказий Осиё жаҳондаги иқлим ўзгариши оқибатларидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан бирига айланмоқда ва “яшил” ечимларга муҳтож.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    242
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+