Ўзбекистон коррупцияга қарши кенг қамровли кураш олиб бориш тарафдори

20.12.2023, 15:44

Ўзбекистон коррупцияга қарши кенг қамровли кураш олиб бориш тарафдори

Коррупцияга қарши кураш замонавий дунёда бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳозирда коррупциянинг дунё миқёсидаги зарари 3 триллион АҚШ долларига яқин миқдорни ташкил қилмоқда. Аммо, коррупция натижасида жамият кўрадиган маънавий зарар кўламини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Коррупция бутун инсониятга, барча жамиятлар асосига, иқтисодий тараққиётга зарба берадиган, қонун устуворлигини бузадиган ва халқнинг давлат сиёсатига ишончини кескин сусайтирадиган, демократик институтлар ривожига тўсқинлик қиладиган хатарли таҳдиддир.

Шу боис Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар марказида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бинобарин, коррупцияга қарши изчил кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада мамлакатимизда илғор халқаро стандартларга асосланган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашиш тизимини жорий этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини, шунингдек, мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш орқали давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Шавкат Мирзиёевнинг коррупцияга қарши курашдаги кучли сиёсий иродаси, унинг тизимлилик, изчиллик ва очиқлик тамойилларига мувофиқ амалга оширилаётган стратегияси бу борадаги муваффақиятларнинг асосий омили эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Шунингдек, Олий Мажлиснинг ҳар икки палатасида Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари фаолият кўрсатаётгани, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда. Коррупцияга қарши кураш Агентлиги ташкил этилди. Унга давлат органлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг биргаликдаги фаолиятини таъминлаш вазифаси юкланди.

Коррупцияга қарши курашишнинг муҳим механизми нафақат коррупция оқибатларига қарши курашиш, балки коррупциянинг намоён бўлишига олиб келадиган омилларни бартараф этишдир. Бу, хусусан, давлат органлари фаолиятининг, шу жумладан молиявий фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумот берган шахслар ва уларнинг яқин қариндошларини давлат томонидан ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ва бошқалардан иборат.

Мазкур иллатга қарши курашишда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон 2021 йилда Халқаро Очиқ маълумотлар хартиясига аъзо бўлди. Мамлакатимиз Истанбул ҳаракатлар дастури, Глобал оператив тармоқ, Евроосиё ва Эгмонт гуруҳлари, бошқа кўплаб платформаларда самарали иштирок этиб келмоқда. Ғарбий ва Марказий Осиё давлатларининг активларни қайтариш тармоғининг Котибияти вазифасини бажармоқда.

Ҳар йили Тошкентда анъанавий Халқаро аксилкоррупция форуми ўтказиб келинмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимиз “Transparency International” индексида 42 поғонага кўтарилди ва бу борада минтақамизда энг юқори ўринни эгалламоқда. 2030 йилга қадар Ўзбекистон мазкур рейтингдаги ўрнини яна 50 поғонага яхшилаш мақсадини кўзлаган. “Open Data Inventory” рейтингида эса жорий йилда мамлакат 30-ўринга кўтарилди. Очиқ маълумотлар манбалари бўйича Ўзбекистон дунёда 4-ўриндан жой олган.

Коррупцияга қарши курашга бундай ёндашув Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлигининг халқаро эътирофида ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимидаги нутқида таъкидлаганидек, шиддат билан ўзгараётган дунёдаги энг долзарб муаммолардан бири бўлган коррупцияга қарши курашиш соҳасида глобал мукофотнинг таъсис этилгани ва уни топширишга бағишланган маросимлар барча қитъаларда ўтказиб келинаётгани юксак эътирофга сазовордир.

Ушбу нуфузли мукофот орқали коррупцияга қарши курашишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган жаҳондаги энг фаол шахсларнинг эътироф этилиши бундан роппа-роса 20 йил аввал қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси талабларини ҳаётга изчил ва тўлиқ татбиқ этишга хизмат қилади.

Ўз тараққиёт ютуқларини ва фойдали сармояларини дунё халқлари билан баҳам кўраётган, коррупцияга қарши курашда ғайрат ва шижоат кўрсатаётган Қатар Амирининг глобал даражадаги саъй-ҳаракатлари барчамизнинг эзгу интилишларимиз билан бирлашиб, албатта ўзининг улкан ижобий натижаларини беради.

Шу билан бирга, халқаро ҳамжамият эътирофи Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам катта режа ва вазифаларни амалга оширишда янги туртки бўлади. Бу коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегияни ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этишни назарда тутади. Давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хорижий турдош муассасалар билан яқин ҳамкорлигини кучайтириш орқали унинг салоҳият ва имкониятлари янада оширилади. Энг илғор халқаро тажрибага асосланган янги механизмлар татбиқ қилинади, жумладан, коррупция ҳолатлари бўйича “дастлабки ўрганиш” – коррупцион суриштирув институти жорий этилади.

Мақолани Тошкентда ўрнатилган халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ифодаловчи, кафти очиқ қўл кўринишида ишланган монумент тавсифи билан якунламоқчиман. Бу барчамиз анжуманда иштирок этаётган, адолат йўлидаги қатъиятли ва толмас қаҳрамонларимиз қўлларини пок қалб ва виждон амримиз билан маҳкам тутаётганимиз рамзидир. Ўзбекистон бундай кенг-кўламли ислоҳотларни амалга ошираётганлар билан доим ҳамжиҳат.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    466
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+