Ғузор туманида тиббий кўрикдан ўтказилган 160 нафар хотин-қизнинг 60 фоизида турли касалликлар аниқланди - депутат изоҳи

29.03.2022, 15:10

Ғузор туманида тиббий кўрикдан ўтказилган 160 нафар хотин-қизнинг 60 фоизида турли касалликлар аниқланди - депутат изоҳи

Ғузор туманидаги “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқларда O’zLiDeP Қашқадарё вилояти Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Соғлом ва мустаҳкам оила - жамият бойлиги ва келажак пойдевори” мавзусида бепул тиббий кўрик ўтказилди.  Кўрикдан ўтган 160 нафар хотин-қизнинг 60 фоизида турли касалликлар аниқланди.

-Хотин-қизлар ўртасида касаликларнинг кўпайиб боришига экологиянинг ифлосланиши сабаб бўлмоқда, - дейди Ғузор тумани Кенгаши депутати, тумандаги тез тиббий ёрдам бўлими бошлиғи Мунира Нурхонова. -  Туманимизда кўплаб газ конлари жойлашган бўлиб, газни қазиб олиш, узатиш ва қайта ишлаш жараёнларида ҳавога зарарли газлар ажралиб чиқади. Албатта, ҳавога чиқарилиб юбориладиган зарарли газ миқдорини камайтириш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, лекин муаммо тўлалигича бартараф этилгани йўқ.

Депутатнинг изоҳига кўра, “Бўстон” МФЙ ва унга ёндош қишлоқлар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳам қониқарсиз аҳволда. Аҳоли ичимликка яроқсиз сувдан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бунинг оқибатида хотин-қизларда кўпгина касалликлар, жумладан сурункали камқонлик, пелинифрит, хронит, сурункали холицистит, буйрак етишмовчилиги ва буйракда туз йиғилиши каби касалликлар кузатилмоқда.

Хўш, хотин-қизларда аниқланган мазкур касалликларнинг келиб чиқишини бартараф этиш юзасидан қандай ишлар қилинмоқда? Бу саволга Мунира Нурхонова шундай жавоб берди:

-Албатта, тиббий кўрик ўтказилганидан сўнг, унинг натижаси ҳам бўлиши керак, - дейди у. – Шу боис мен ҳам шифокор, ҳам шу ҳудуддаги депутатлик  ваколатимдан  фойдаланган ҳолда ва Ғузор тумани Кенгашининг ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш бўйича доимий комиссияси аъзоси сифатида тегишли идораларга депутатлик сўрови билан чиқишга қарор қилдим. Хусусан, Шўртан газ кимё мажмуаси раҳбарига, “Сув таъминот” МЧЖ туман филиали бошлиғига ва қатор ташкилотларга мурожаат қилмоқчиман, масалани туман Кенгаши сессиясига кўтараман. Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишимиз муҳим бўлган энг долзарб масалалардан бири ҳам аслида шу.

Тиббий кўрикдан сўнг туман Кенгаши депутатлари ва шифокорлар тушакда ётиб қолган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож  кишилар ҳолидан хабар олишди. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, тиббий муолажа ва зарур дори-дармонлар билан таъминланди.

O’zLiDeP Қашқадарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    319
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+