Партияга қандай аъзо бўлиш мумкин?

I. ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИГА АЪЗОЛИК

1.1. Партияда чегараланган аъзолик тартиби ўрнатилади. Партияга 18 ёшга тўлган, Партия Дастурини тан оладиган ва Устави талабларини бажарадиган, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши ва жамиятда эгаллаган мавқеидан қатъий назар, Ўзбекистоннинг ҳар бир лаёқатли фуқароси аъзо бўлиши мумкин.

1.2. Партияга аъзолик якка тартибда бўлади. Партияга қабул қилиш яшаш ёки иш жойидаги партия ташкилотига ёки Партиянинг туман (шаҳар) Кенгашига ёзма ёхуд партия веб сайти орқали электрон ариза бериш асосида амалга оширилади.
Партияга аъзо бўлган шахсларга уларнинг турар жойи ёки иш жойидаги партия ташкилоти ёки Партиянинг туман (шаҳар) Кенгаши томонидан ўрнатилган намунадаги Партия аъзоси гувоҳномаси берилади.

1.3. Партия аъзолари ҳисобланган шахслар бошланғич партия ташкилотига ёзма равишда маълум қилиш орқали Партиядан ихтиёрий равишда чиқишлари мумкин.

1.4. Партия аъзоси Партия Уставини бузгани, Устав талабларини бажармагани, Партия шаънига доғ туширгани ёки унга зиён етказадиган ҳатти-ҳаракатлари учун танбеҳ берилиши ёки Партия сафидан чиқарилиши мумкин. Партия сафидан чиқариш ҳақидаги қарор Партиянинг туман (шаҳар) бўлими томонидан қабул қилинади ва ҳудудий партия ташкилотига тасдиқлаш учун тақдим этилади.
Ҳудудий партия ташкилоти ва Партиянинг туман (шаҳар) бўлимлари Кенгашлари аъзоларини Партиядан чиқариш тўғрисидаги қарор тегишли ҳудудий партия ташкилоти томонидан қабул қилинади ва Партия Сиёсий Кенгашининг Ижроия қўмитасида тасдиқланади.

1.5. Партия сафидан чиқариш ҳақидаги қарор устидан Партиянинг юқори турувчи органларига шикоят қилиниши мумкин.

1.6. Партия аъзоси бир вақтнинг ўзида ўзга партияларга ёки сиёсий мақсадларга эришиш йўлида тузилган жамоат бирлашмаларига (ҳаракатларига) аъзо бўлишга ҳақли эмас.

II. ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ АЪЗОСИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

2.1. Партия аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– Партиянинг турли бўғиндаги ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш, ўз қарашларини эркин баён этиш ва Партия фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;
– Партиянинг раҳбар органларига сайлаш ва сайланиш, уларга ариза ва таклифлар билан мурожаат этиш;
– давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларига Партия номидан номзод сифатида тавсия этилиш;
– ўзининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимояланишида Партия кўмагидан фойдаланиш, консультациялар, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар олиш.

2.2. Партия аъзосининг мажбуриятлари:
– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, ахлоқ принциплари ва жамиятнинг маънавий мезонларига риоя қилиш;
– Партия Дастури ва Устави талабларини бажариш, партиявий интизомга қатъий риоя қилиш;
– Партия раҳбар органлари қарорларини бажариш;
– ўз фаолияти билан Партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларига эришишда кўмаклашиш;
– Партия манфаатларини ҳимоя этиш, унинг ғоя, мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этишда фаол қатнашиш;
– аъзолик бадалларини ўз вақтида тўлаб бориш;
– Партиянинг раҳбар органи ёки ҳудудий ташкилоти белгилаган тартибда мунтазам равишда партиявий ўқувларда қатнашиш;
– давлат ҳокимиятининг қонунчилик, вакиллик органига депутат этиб сайланган тақдирда Партиянинг депутатлик бирлашмаси (фракцияси, партия гуруҳи) таркибига кириш ҳамда Партия Съезди, раҳбар органлари ва ҳудудий ташкилотлари қарорлари асосида фаолият юритиш.

  • Кўрилди
    3104
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш