Партия устави

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик

партиясининг 2003 йил 15 ноябрдаги Таъсис Съездида қабул қилинган.

Партиянинг III Съезди (25.06.2005), IV Съездида (06.11.2007) киритилган ўзгартиш

ва қўшимчаларни инобатга олган ҳолда VI Съездида (31.10.2014)

янги таҳрирда тасдиқланган. Партиянинг VIII (19.10.2016) ва X Съездида (09.09.2021)

киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни инобатга

олган ҳолда XI Съездида (30.05.2023) янги таҳрирда тасдиқланган.

 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг

УСТАВИ

 I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1.1. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (бундан буён матнда - Партия деб юритилади) мулкдорлар қатлами, кичик бизнес вакиллари, тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ишлаб чиқариш соҳасидаги мутахассислар ҳамда ўз тадбиркорлиги ва ташаббускорлигини ривожлантириш эвазига халқ фаровонлигига эришишга ҳаракат қилаётган ижодкор, олимлар ва барча фуқароларнинг манфаатларини ва сиёсий иродаларини ифодаловчи сиёсий ташкилот ҳисобланади.

Партиянинг ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат бирлашмаси бўлиб, мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги, шахснинг эркин ва ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш учун зарур бўлган демократик ҳуқуқий давлат қуриш, фуқаролик жамияти, ижтимоий йўналтирилган эркин бозор иқтисодиётининг шаклланишида онгли ва масъулият билан иштирок этишни истовчи барча Ўзбекистон фуқаролари учун очиқдир.

1.2. Партия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни, Ўзбекистон Республикаси “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонуни, амалдаги бошқа қонун ҳужжатлари ҳамда ушбу Уставга мувофиқ равишда амалга оширади.

1.3. Партия ўз фаолиятида эркин фикр юритиш, партияга ихтиёрий равишда кириш ва ундан чиқиш, аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги, ўзини ўзи бошқариш, қонунийлик ва ошкоралик принципларига таянади.

1.4. Партия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида амалга оширади.

1.5. Партия юридик шахс ҳисобланади, ўзининг муҳри, штампи, бланкалари, Ўзбекистон банкларида ҳисоб рақамларига эга бўлади.

1.6. Партия қонун ҳужжатларига мувофиқ мулкий ва номулкий ҳуқуқларга, жумладан юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади.

1.7. Партиянинг тўлиқ расмий номи:

– ўзбек тилида: “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси”;

– рус тилида: «Движение предпринимателей и деловых людей – Либерально-демократическая партия Узбекистана».

– инглиз тилида: «Movement of entrepreneurs and businessmen – Liberal-democratic party of Uzbekistan».

Партиянинг қисқа расмий номи:

– ўзбек тилида: “Ўзбекистон Либерал-демократик партияси” ёки “O‘zLiDeP”;

– рус тилида: «Либерально-демократическая партия Узбекистана» ёки «УзЛиДеП».

– инглиз тилида: «Liberal-democratic party of Uzbekistan» ёки «UzLiDeP».

1.8. Партия белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинган рамзий белгиларига, жумладан байроғига, рамзи (нишони)га ва бошқаларга эга бўлиши мумкин.

1.9. Партиянинг доимий фаолият юритувчи раҳбар органи жойлашган ери (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Нукус кўчаси, 73а-уй.

 

II. ПАРТИЯНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

 

2.1. Партиянинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

Биринчи мақсад. Сиёсий куч сифатида бирлашган ҳолда тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун янги имкониятлар яратиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг мазкур қатлами манфаатларини ҳимоялаш ва эртанги кунини таъминлаш. Шу ижтимоий тоифа номидан Ўзбекистоннинг сиёсий саҳнасига чиқиш ва ўзининг муносиб ўрнини эгаллаш.

Фермерлик ҳаракати қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини асосий ишлаб чиқарувчисига айланганини ҳисобга олиб, уни аграр ва у билан боғлиқ тармоқ ва ишлаб чиқаришларни янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш борасида ўз зиммасига масъулиятни олишга қодир бўлган кучли ижтимоий-сиёсий кучга айлантириш йўлида барча мавжуд имкониятларни ишга солиш.

Иккинчи мақсад. Мамлакатнинг миллий манфаатлари ва тараққиётининг стратегик истиқболларига жавоб берадиган дастурни Конституция принципларига суяниб, бошқа сиёсий партия ва ҳаракатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун Партиянинг куч ва имкониятларини сафарбар этиш.

Ўзбекистон танлаган очиқ, бозор  иқтисодиётига асосланган демократик, ҳуқуқий давлат қуриш, фуқаролик жамияти институтларининг ривожига кенг йўл очиб бериш ва демократик қадриятларни халқ, аввало ёшлар онги ва ҳаётига сингдириш.

Учинчи мақсад. Давлатни бошқариш, жамиятда шаклланаётган қарашларга таъсир ўтказиш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш, Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини оширишда, юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлашда, миллатлараро ва фуқаролараро аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида фаол қатнашиш.

Ёшларни миллий ғояга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат, ўз элим, ўз юртим, жон Ўзбекистоним, деб ғурурланиб яшаш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиш, ҳар қандай шароитда мустақиллик йўлини, қадриятлар, миллий ва диний анъаналар ва урф-одатларни қадрлаш баробарида, барча миллат ва элатлар қадриятларини камситишга йўл қўймаслик, бундай хуружларга қарши кураш олиб бориш.

Тўртинчи мақсад. Партиянинг сиёсий платформаси — либерал-демократик ғоя ва қадриятларни кенг омма онгига сингдириш, бу борада ҳар томонлама чуқур ўйланган ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб бориш, ўз сафини кенгайтириш. Шу ғояларни ҳаётга татбиқ қилишда фидойилик кўрсатган фаолларни депутатликка номзод сифатида кўрсатиш ва сайловчилар ишончини қозонган ўз депутатлари зиммасига давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларида вакиллик вазифасини юклаш ҳамда уларнинг фаолиятини бошқариш.

2.2. Партиянинг бош вазифалари қуйидагилардан иборат:

– қонунлар ва ҳукумат қарорлари қабул қилинишига катта таъсир кўрсата оладиган ўз Дастури ва сиёсий платформасининг қоидалари амалда бажарилишини ҳамда ўз электоратининг манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш;

– бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштиришнинг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишда ташаббускор бўлиш ва фаол иштирок этиш, мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, тадбиркорлик эркинлигининг амалий кафолатларини таъминлаш, ҳақиқий мулкдорлар қатламини шакллантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш;

– давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга, кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ташаббусларни илгари суриш, жамият ҳаётида ва давлатни бошқаришда онгли ва масъулиятли иштирок этишнинг фуқаролар манфаатларига мос бўлган хилма-хил шаклларини таъминлаб берадиган нодавлат нотижорат ташкилотларининг кенг тармоқли тизимини яратиш;

– аграр соҳадаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда фаол иштирок этиш орқали фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, қишлоқда хўжалик юритишнинг энг истиқболли ва самарали шакли бўлмиш фермерликни мустаҳкамлашга қаратилган туб ўзгаришларни амалга ошириш баробарида, қишлоқда ҳақиқий мулкдорлар қатламини шакллантириш, шу жумладан, фермерларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятидаги иштирокини фаоллаштириш ҳисобига уларнинг ҳуқуқларини ҳамда ваколатларини кенгайтириш.

– муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларга жамоатчилик диққат-эътиборини тортиш ҳамда уларни Партия воситалари билан ҳал этиш йўллари ҳақида ижобий жамоатчилик фикрини шакллантириш, бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан бевосита ҳамкорлик қилиш;

– навбатдаги парламент сайловларида давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи турли даражадаги органларига номзод сифатида кўрсатиладиган юқори  малакали, етарли сиёсий ва ҳуқуқий тайёргарликка эга бўлган партия фаоллари сиймосида сиёсий элитани (сиёсий арбобларни) шакллантириш;

– Партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги (бундан буён матнда – Қонунчилик палатаси деб юритилади) фракцияси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидаги гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларда Партия Дастурини бажариш доирасида қонунчилик ташаббусини изчил ва мақсадли амалга ошириш қобилиятини шакллантириш, бу ишларнинг шакл ва услубларини такомиллаштириб бориш;

– хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини кучайтириш бўйича ҳамда ёшларнинг мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган Партия сиёсатини амалга ошириш, етакчилик сифатларига эга бўлган ва Партия ғояларига хайрихоҳлик билдирган аёллар ва ёшлар вакилларини Партия сафига жалб қилиш, улар орасидан кадрлар захирасини тайёрлаш;

– бошланғич партия ташкилотлари раҳбарлари, Партиянинг депутатлик бирлашмалари аъзолари ва бошқа фаолларига партиявий, сиёсий таълим беришнинг самарали тизимини яратиш, илғор фикрлайдиган, жамиятни ислоҳ қилиш шароитида фаолият олиб боришга, Партия  олдида турган долзарб муаммоларни ҳал этишга қодир бўлган Партия раҳбар кадрлари захирасини тайёрлаш, уларни давлат ҳокимиятининг ижро этувчи органларидаги бўш лавозимларга тавсия этиш.

2.3. Партия ўз Уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун қонун доирасида:

– Партия мақсад ва вазифалари моҳиятини аҳоли эътиборига самарали тарзда етказиш, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни мунтазам ўрганиб бориш, уларни партиявий воситалар билан ҳал этиш, шу жумладан минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фойдаланилмаётган захира ва ички имкониятларни излаб топиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган дастурларни амалга ошириш чораларини кўради;

– Қонунчилик палатасида ўз фракцияси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида партия гуруҳларини шакллантириб, улар орқали Партиянинг ижтимоий таянчи – тадбиркорлар ва ишбилармон кишилар манфаатларига мос келадиган қонунлар ва ҳукумат қарорларини қабул қилишга қаратилган ташаббусларни илгари суради;

– давлат ҳокимиятининг қонунчилик ва вакиллик органларига сайланган Партия аъзоларига кўмаклашади;

– ташкил этиладиган сайлов округларида Партия номидан номзодларни кўрсатиш орқали барча босқичдаги демократик сайловларда – халқ депутатлари Кенгашларининг туман ва шаҳар босқичларидан тортиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисигача иштирок этади;

– Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этади.

 

III. ПАРТИЯГА АЪЗОЛИК

 

3.1. Партияда чегараланган аъзолик тартиби ўрнатилади. Партияга 18 ёшга тўлган, Партия Дастурини тан оладиган ва Устави талабларини бажарадиган, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши ва жамиятда эгаллаган мавқеидан қатъий назар, Ўзбекистоннинг ҳар бир лаёқатли фуқароси аъзо бўлиши мумкин.

3.2. Партияга аъзолик якка тартибда бўлади. Партияга қабул қилиш яшаш ёки иш жойидаги партия ташкилотига ёки Партиянинг туман (шаҳар) Кенгашига ёзма ёхуд партия веб сайти орқали электрон ариза бериш асосида амалга оширилади.

Партияга аъзо бўлган шахсларга уларнинг турар жойи ёки иш жойидаги партия ташкилоти ёки Партиянинг туман (шаҳар) Кенгаши томонидан ўрнатилган намунадаги Партия аъзоси гувоҳномаси берилади.

3.3. Партия аъзолари ҳисобланган шахслар бошланғич партия ташкилотига ёзма равишда маълум қилиш орқали Партиядан ихтиёрий равишда чиқишлари мумкин.

3.4. Партия аъзоси партия Уставини, Одоб-ахлоқ қоидаларини бузган ёки Устав талабларини, партиявий мажбуриятларини бажармаган тақдирда, шунингдек, Партия шаънига доғ туширгани ёки унга зиён етказадиган хатти-ҳаракатларни содир этганда унга нисбатан қуйидаги таъсир чораларидан бири қўлланилиши мумкин:

танбеҳ бериш ва Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш мумкин эмаслиги тўғрисида огоҳлантириш, бундай ҳолат яна қайтарилмаслигини қатъий талаб қилиш;

партия мажлисларида қатнашиш (сўз олиш) ҳуқуқи вақтинчалик чеклаш;

номақбул хатти-ҳаракат содир этган партия аъзосига жамоатчилик олдида кечирим сўраш талабини қўйиш;

ушбу Уставнинг 3.5.-бандида назарда тутилган ҳолларда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ёки партиянинг тегишли ҳудудий кенгаши қарори билан O’zLiDeP аъзосини партия сафидан чиқариш. Вакиллик органлари депутатларини партия сафидан чиқариш фақат O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан амалга оширилади.

3.5. Партия аъзоси қуйидаги ҳолларда Партия сафидан чиқарилади:

ўз аризасига кўра;

Партия Уставини мунтазам равишда бузган ёки Устав талабларини, партиявий мажбуриятларини бажармаган тақдирда;

Партиянинг Одоб-ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузганда ёхуд Партия шаънига доғ туширувчи ёки унга зиён етказувчи хатти-ҳаракатларни содир этганда;

бошқа сиёсий партияга аъзо бўлганда;

бошқа сиёсий партия ҳамда у томонидан илгари сурилаётган номзоднинг сайлов кампаниясида иш бошласа, шу жумладан, унинг ишончли вакили сифатида фаолият юритса;

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотганда;

вафот этганда, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки вафот этган деб топилганда.

Партия аъзоси Партия сафидан чиқарилганда Партиядаги сайланган лавозимидан маҳрум бўлади.

Партия сафидан чиқариш ҳақидаги қарор Партиянинг туман (шаҳар) бўлими томонидан қабул қилинади ва ҳудудий партия ташкилотига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Ҳудудий партия ташкилоти ва Партиянинг туман (шаҳар) бўлимлари Кенгашлари аъзоларини Партиядан чиқариш тўғрисидаги қарор тегишли ҳудудий партия ташкилоти томонидан қабул қилинади ва Партия Сиёсий Кенгашининг Ижроия қўмитасида тасдиқланади.

Партия сафидан чиқариш ҳақидаги қарор устидан Партиянинг юқори турувчи органларига шикоят қилиниши мумкин.

3.6. Партия аъзоси бир вақтнинг ўзида ўзга партияларга ёки сиёсий мақсадларга эришиш йўлида тузилган жамоат бирлашмаларига (ҳаракатларига) аъзо бўлишга ҳақли эмас.

 

IV. ПАРТИЯ АЪЗОСИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 

4.1. Партия аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– Партиянинг турли бўғиндаги ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш, ўз қарашларини эркин баён этиш ва Партия фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

– Партиянинг раҳбар органларига сайлаш ва сайланиш, уларга ариза ва таклифлар билан мурожаат этиш;

– давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларига Партия номидан номзод сифатида тавсия этилиш;

– ўзининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимояланишида Партия кўмагидан фойдаланиш, консультациялар, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар олиш.

4.2. Партия аъзосининг мажбуриятлари:

– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, ахлоқ принциплари ва жамиятнинг маънавий мезонларига риоя қилиш;

– Партиянинг Устави ва дастурий ҳужжатлари талабларини бажариш, партиявий интизомга қатъий риоя қилиш, Партия раҳбар органлари қарорларини бажариш;

– муҳокамаларда фикр ва мулоҳазаларини эркин баён этиш ҳамда Партиянинг дастурий вазифалари ва асосий ғоялари асосида шакллантирилган якуний коллегиал позициясини якдиллик билан қўллаб-қувватлаш;

– ўз фаолияти билан Партиянинг дастурий ҳужжатларини амалга оширишга ҳамда мақсад ва вазифаларига эришишга ҳар томонлама кўмаклашиш;

– инсонлар ва уларнинг муаммоларига тушуниш ва эътибор билан ёндашиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тиклашда ўз ваколати доирасида ёрдам кўрсатиш;

– инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳаракат ва чиқишлардан тийилиш, инсон шаънини камситувчи баёнотлар бермаслик;

– оммавий баёнотлар билан чиқишда, танқидий фикрларга муносабат билдиришда камтарлик ва босиқлик принципларига қатъий амал қилиш;

– партиянинг дастурий ҳужжатларида, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни амалга ошириш учун ҳаракат қилиш; 

– Партия манфаатларини ҳимоя этиш, Партия ўтказадиган сайлов кампанияларида фаол иштирок этиш;

– Партиянинг ғоя, мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этишда фаол қатнашиш, шунингдек, партия сафига янги аъзоларни жалб этиш чораларини кўриш;

– аъзолик бадалларини ўз вақтида тўлаб бориш;

– партия органлари фаолиятида ва мажлисларида иштирок этиш, Партиянинг раҳбар органи ёки ҳудудий ташкилоти белгилаган тартибда партиявий ўқувларда мунтазам равишда қатнашиш;

– давлат ҳокимиятининг вакиллик органига депутат этиб сайланган тақдирда Партиянинг депутатлик бирлашмаси (фракцияси, партия гуруҳи) таркибига кириш, вакиллик органларида Партиянинг ягона коллегиал позициясини ифодалаш ва қўллаб-қувватлаш, Партия ва электорат манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш;

– ўзини ва Партияни обрўсизлантирувчи ҳаракатларни содир этишдан тийилиш.

4.3. Партия аъзолари Партия Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланадиган Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишлари лозим. 

 

V. ПАРТИЯНИНГ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

 

5.1. Партия қуйидаги ҳудудий бўлиниш асосида ташкил этилади: Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ташкилотлари – ҳудудий партия ташкилотлари, улар таркибига кирувчи туман (шаҳар) бўлимлари, бошланғич партия ташкилотлари.

5.2. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фақат биттадан ҳудудий партия ташкилоти тузилади.

5.3. Партия туман (шаҳар) бўлими бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш, бирлаштириш ва уларга юқори Партия ташкилотлари қарорларини етказиш ва бажарилишини таъминлаш мақсадида тузилади.

5.4. Бошланғич ташкилот Партиянинг асосий бўғини. Бошланғич ташкилот аҳолининг турли қатламлари вакиллари билан бевосита алоқада иш юритиш ва уларга таъсир кўрсатиш имконига эга бўлган Партиянинг қуйи тузилмасидир.

Бошланғич партия ташкилоти ҳар томонлама билимдон, сиёсий ва ижтимоий тайёргарликка, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш соҳасида янги ғоя ва таклифларга эга бўлган, партия воситалари билан тадбиркорлар, фермерлар, хусусий сектор вакиллари ва бошқа Партия аъзолари манфаатларини ифодалашга қодир, обрўли ва жонкуяр шахсларнинг ихтиёрий равишда бирлашишидан ташкил топади.

Бошланғич партия ташкилоти ташаббускор ва ишчан бўлиши, Партиянинг тактик вазифаларига мувофиқ иш шакли ва услубларини тез ўзгартириш қобилиятига эга бўлиши ва аҳолининг долзарб, кундалик муаммоларини ҳал этишда амалий тадбирларни бажариш билан шуғулланиши керак.

5.5. Партиянинг тегишли юқори раҳбар органлари ҳудудий, туман (шаҳар), бошланғич партия ташкилотлари қарорларини бекор қилиш ва ижросини тўхтатиш ҳуқуқига эга.

5.6. Ҳудудий партия ташкилоти ва туман (шаҳар) бўлимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шу жумладан, уларнинг мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари, уларни ташкил этиш ва тугатиш тартиби уларнинг низомларида белгиланади.

 

VI. ПАРТИЯНИНГ РАҲБАР ВА НАЗОРАТ ОРГАНЛАРИ ҲАМДА УЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ

 

6.1. Партиянинг олий раҳбар органи.

6.1.1. Партиянинг олий раҳбар органи Съезд ҳисобланади ва у 5 йилда камида бир маротаба ўтказилади. Съезд ҳудудий партия ташкилотларининг ярмидан кўпининг вакиллари (делегатлари) ва Съезд делегатларининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

6.1.2. Навбатдан ташқари Съезд Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси таклифи, Марказий назорат-тафтиш комиссияси ёки ҳудудий партия ташкилотларининг учдан бир қисмининг талаблари билан Сиёсий Кенгаш қарори асосида чақирилади.

6.1.3. Навбатдаги ва навбатдан ташқари Съездни чақириш тўғрисидаги қарор Партия Сиёсий Кенгаши томонидан унинг ўтказилиши белгиланган муддатдан камида камида ўн беш кун олдин қабул қилинади. Ушбу қарорда, шунингдек Съезднинг кун тартиби лойиҳаси, вакиллик меъёри ва делегатларни сайлаш тартиби белгиланади.

6.1.4. Съезд делегатлари Съездни чақириш тўғрисидаги қабул қилинган қарорда белгиланган тартибда ҳудудий партия ташкилотлари Конференцияларида сайланадилар.

6.1.5. Партия Сиёсий Кенгаши, Марказий  назорат-тафтиш комиссияси ҳамда Партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари Съезднинг тўғридан-тўғри (сайланмайдиган) делегатлари ҳисобланадилар.

6.1.6. Съезднинг ваколатларига қуйидагилар киради:

– Партия Дастури ва Уставини қабул қилиш ва тасдиқлаш, уларга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш;

– Партия фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш;

– Партия Сиёсий Кенгаши аъзоларининг сонини белгилаш ва аъзоларини сайлаш (Уставнинг 6.2.5.-бандидаги ҳолатлар бундан мустасно);

– Марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзоларининг сонини белгилаш ва аъзоларини сайлаш (Уставнинг 6.4.6.-бандидаги ҳолатлар бундан мустасно);

– Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси ва Марказий назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботларини эшитиш ва тасдиқлаш;

– Марказий назорат-тафтиш комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;

– Партияни қайта ташкил этиш ва фаолиятини тугатиш;

– Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод кўрсатиш;

– Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод кўрсатиш (Уставнинг
6.2.5.-бандидаги ҳолатлар бундан мустасно);

Съезд Партия фаолиятига тааллуқли бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.

6.1.7. Съезд қарорлари Партиянинг барча органлари, ташкилотлари ва аъзолари учун мажбурий кучга эга.

6.1.8. Съезд мазкур Уставда белгиланган айрим ваколатларини Сиёсий Кенгашга бериши мумкин.

6.2. Партия Сиёсий Кенгаши.         

6.2.1. Партиянинг Сиёсий Кенгаши съездлар оралиғидаги даврда Партиянинг марказий раҳбар органи ҳисобланади, Партия манфаатларини ифодалайди ва унинг номидан иш юритади.

6.2.2. Сиёсий Кенгаш ўз фаолиятини Съезд қарорлари асосида амалга оширади. Сиёсий Кенгаш мажлислари бир йилда камида икки марта ўтказилади.

6.2.3. Сиёсий Кенгаш аъзолари Съездда энг фаол ва ташаббускор, сафдошлари ўртасида обрў-эътибор қозонган Партия аъзолари орасидан беш йил муддатга сайланадилар. Сиёсий Кенгаш аъзоларининг сони Съезд томонидан белгиланади.

Сиёсий Кенгаш таркиби Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотлари томонидан кўрсатилган вакиллардан ташкил топади.

Сиёсий Кенгаш аъзоларининг вазифалари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари Партия Сиёсий Кенгаши томонидан тасдиқланадиган низомларда белгилаб берилади.

6.2.4. Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қарори билан лавозимига тасдиқланган ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши раиси Сиёсий Кенгашнинг тўғридан-тўғри (сайланмайдиган) аъзоси ҳисобланади.

6.2.5. Сиёсий Кенгаш ваколатлари қуйидагилардан иборат:

– Партиянинг сиёсий фаолиятига раҳбарликни амалга ошириш;

– Съездни чақириш тўғрисида қарор қабул қилиш;

– Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси таркибини, унинг аъзолари ва раҳбариятини тасдиқлаш;

– Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси аъзолари ичидан Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаш;

– Партия рамзий белгиларини тасдиқлаш;

– мамлакат ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётида жиддий аҳамият касб этувчи масалалар бўйича Партия позициясини белгилаш ҳамда дастурий ҳужжатлар қабул қилиш;

– Съездга Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод кўрсатиш тўғрисида таклиф киритиш;

– Съездга Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш тўғрисида таклиф киритиш;

– у ёки бу шахсни Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги қарорни сайловга кечи билан беш кун қолганда бекор қилиши мумкин ва бу шахс Марказий сайлов комиссияси томонидан депутатликка номзодлик мақомидан маҳрум

этилганда, депутатликка номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар Марказий сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритиш;

– Марказий сайлов комиссияси айрим депутатларнинг ваколатларини ҳақиқий эмас деб топган тақдирда, шунингдек депутат чақириб олинган тақдирда, бошқа сабабларга кўра депутатлик ваколатлари муддатидан олдин тугатилган ҳолларда Қонунчилик палатаси депутатлигига бўшаб қолган ўринларга номзодларни кўрсатиш ҳамда уларнинг сайловолди кампаниясини олиб боришга кўмаклашиш;

– Съездлар оралиғидаги даврда Сиёсий Кенгаш таркибидан аъзоларни чиқариш ва чиқарилган аъзолар ўрнига янги аъзоларни навбатдаги Съездда тасдиқлаш шарти билан сайлаш ва тасдиқлаш;

– Партия Дастурини амалга оширишда салмоқли ҳисса қўшган Партия аъзоларини давлат мукофотларига тавсия этиш;

– Партия бюджетини тасдиқлаш;

– аъзолик бадаллари миқдори ва уларни тўлаш тартибини белгилаш;

– қонун ҳужжатлари асосида белгиланган ёки Съезд томонидан юклатилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

6.2.6. Сиёсий Кенгаш мазкур Уставда белгиланган айрим ваколатларини Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасига бериши мумкин.

6.3. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси.

6.3.1. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Партиянинг доимий фаолият юритувчи марказий бошқарув, ижроия ва мувофиқлаштирувчи органи ҳисобланади.

6.3.2. Партия Сиёсий Кенгаши мажлислари оралиғидаги даврда, Ижроия қўмита Партия Съезди ва Сиёсий Кенгаши унга берган ваколатлар доирасида, Партия манфаатларини ифода этади ва унинг номидан ҳаракат қилади.

6.3.3. Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг мажлислари заруратга қараб, аммо уч ойда камида бир марта ўтказилади.

6.3.4. Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси:

– Съезд ва Сиёсий Кенгаш мажлисларини чақириш ва ўтказилишини ташкиллаштиради;

– Съезд ва Сиёсий Кенгаш мажлислари қарорларининг бажарилишини ташкил қилади;

– ҳудудий партия ташкилотларини ҳамда туман (шаҳар) партия бўлимларини ташкил этиш ва улар фаолиятини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

– ҳудудий ва туман (шаҳар) партия ташкилотларининг ташкилий тузилмасини тасдиқлайди;

– марказий ва маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига номзодларни танлаш ва тавсия этиш тадбирлари билан шуғулланади;

– Партия иштирок этаётган сайлов мавсумларини ўтказишга масъулдир;

– Партия аъзоларининг марказлашган ҳисобини олиб боради;

– аъзолик бадаллари тушуми ҳисоботини олиб боради;

– Партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолиятини мувофиқлаштиради;

– Партиянинг барча тузилмавий бўлинмаларининг бир маромда, якдил, жипслашган асосдаги иш фаолиятини таъминлайди ва ушбу мақсадларда тегишли ҳужжатларни жумладан, низомлар ва йўриқномаларни тасдиқлайди.

– Партия аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари, туман (шаҳар) бўлимлари, бошланғич партия ташкилотлари раҳбарлари ва бошқа фаолларини, маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидаги партия гуруҳлари аъзоларини белгиланган тартибда ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини ташкиллаштиради;

– Партиянинг ҳамкор ташкилотлари билан сиёсий ҳамкорликни амалга ошириш доирасида қабул қилинган махсус дастур ва режаларнинг бажарилишини таъминлайди;

– Партиянинг йиллик бюджети лойиҳасини ишлаб чиқади ва Сиёсий Кенгашга тасдиқлаш учун тақдим этади;

– Партиянинг мазкур Уставдан келиб чиқувчи вазифаларини бажариш мақсадида ташкилот, корхона ва муассасаларни таъсис этади, уларнинг раҳбарларини тайинлайди ва фаолиятини назорат қилади;

– Съезд ва Сиёсий Кенгашга ҳисобдордир;

– ҳудудий партия ташкилоти мақоми, унинг Кенгаши раиси ва ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги қарорларни тасдиқлайди;

– мазкур Устав ва бошқа меъёрий ҳужжатларда кўрсатилган ваколатларга эга.

6.3.5. Ижроия қўмита ўз ваколат доирасига кирувчи масалалар юзасидан қарор ва фармойишлар қабул қилади. Бу қарор ва фармойишлар Ижроия қўмита раиси ёки тегишли соҳа бўйича унинг ўринбосарлари томонидан имзоланади.

6.3.6. Ижроия қўмита раиси қуйидаги ваколатларга эга:

– партиялараро муносабатларда Партия номидан иш юритиш;

– Ижроия қўмита мажлисларида раислик қилиш;

  • Ижроия қўмита раиси ўринбосарлари ўртасида вазифалар тақсимотини белгилаш;
  • Ижроия қўмита қарорлари, фармойишлари ва буйруқларини имзолаш;

– Ижроия қўмита аппарати, ҳудудий партия ташкилотларининг штатлар жадвалини тасдиқлаш;

– Партия фаолиятига доир молиявий ҳужжатларни имзолаши ёки ушбу ваколатни ўзининг ўринбосарларидан бирига юклаш;

– Ижроия қўмита аппарати ходимлари, ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва уларни ўрнатилган тартибда бекор қилиш;

– Партия олдида турган алоҳида вазифаларни ҳал этиш мақсадида Ижроия қўмита ҳузурида комиссиялар, ишчи гуруҳларни шакллантириш ва уларнинг мақомини белгилаш;

– марказий давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликлар, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик қилиш;

– Партия аъзоларини ҳисобга олиш, аъзоликка қабул қилиш, аъзоликни тўхтатиб туриш, аъзоликдан чиқариш, аъзолик гувоҳномаларини тайёрлаш, бериш, сақлаш, қўлланиш, алмаштиришнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш;

– бошланғич партия ташкилотлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;

– Партия Уставида белгиланган Съезд ва Сиёсий Кенгаш фаолияти доирасига кирмайдиган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

6.3.7. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосарлари, Партия таркибий тузилмалари раҳбарларининг вазифалари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланадиган низомларда белгилаб берилади.

6.3.8. Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг жорий фаолиятини Ижроия қўмита аппарати амалга оширади. Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси аппаратининг тузилмаси, таркиби, сони, иш юритиш тартиби Ижроия қўмита қарори билан тасдиқланади. Ижроия қўмита аппаратининг масъул ходимлари Ижроия қўмита раисининг буйруқлари билан ўз вазифаларига тайинланади ва ундан озод қилинади.

6.4. Партиянинг Марказий назорат-тафтиш комиссияси.

6.4.1. Марказий назорат-тафтиш комиссияси Партиянинг марказий назорат органи бўлиб, Партиянинг раҳбар ва ижроия органлари, қуйи партия ташкилотлари устидан ушбу Устав ва Партия раҳбар органларининг қарорлари бажарилишини ҳамда уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятларини назорат қилади.

6.4.2. Марказий назорат-тафтиш комиссияси Съезд томонидан тасдиқланган низом ва ушбу Устав асосида ўз фаолиятини олиб боради.

6.4.3. Марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзоларининг сони Съезд томонидан белгиланади. Марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзолари очиқ овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланадилар. Марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзоси бир вақтнинг ўзида Сиёсий Кенгаш аъзоси бўлиши ёки унинг ижроия органларида ишлаши мумкин эмас.

6.4.4. Марказий назорат-тафтиш комиссияси ўз мажлисида комиссия раиси ва унинг ўринбосарини сайлайди.

6.4.5. Марказий назорат-тафтиш комиссияси мажлисларида Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари маслаҳат овози билан иштирок этиши мумкин.

6.4.6. Марказий назорат-тафтиш комиссияси ваколатлари:

– Партия раҳбар органлари, қуйи партия ташкилотлари ва Партия аъзоларининг мазкур Устав, партия Дастури, қарорлар ва меъёрларни бажарилиши ва риоя этилиши устидан назорат ўрнатади;

– Партия тузилмаларининг молиявий-хўжалик фаолияти ҳамда йиллик партия бюджети режасининг мақсадли амалга оширилиши устидан тафтиш ўтказади;

– Партия аъзоларининг ариза ва шикоятларини кўриб чиқади;

– ўз таркиби доирасида фаолият юритувчи доимий ишчи орган тузади;

– Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ташкилотларининг Назорат-тафтиш комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштиради ва зарур ҳолларда уларнинг ҳисоботларини тинглайди.

Съездлар оралиғидаги даврда Марказий назорат-тафтиш комиссияси ўзининг таркибига ўзгартишлар киритиши мумкин ва кейинчалик улар Съездда тасдиқланади.

6.4.7. Марказий назорат-тафтиш комиссияси мазкур Устав ва Съезд қарорларидан келиб чиқадиган бошқа ваколатларни амалга ошириши мумкин.

6.5. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳузуридаги Одоб-ахлоқ Комиссияси

6.5.1. Комиссия партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишини назорат қилиш, уларнинг ахлоқ нормаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларини олдини олиш ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш мақсадида тузилади.

6.5.2. Комиссия Комиссия раиси, котиби ва аъзоларидан иборат бўлиб, умумий сони ўн бир нафардан кам бўлмаслиги ва тоқ сонда бўлиши лозим.

6.5.3. Комиссия таркибига тажрибали, партиявий фаолиятда обрў-эътиборга сазовор бўлган партия фаоллари киритилади.

6.5.4. Комиссия таркиби Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланади ва доимий равишда фаолият юритади.

6.5.6. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатларнинг партиявий одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқиш;

партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалаларини кўриб чиқиш, хизмат текширувларини ўтказиш;

партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар ўртасида ахлоқ нормаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш;

партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ҳолатини таҳлил қилиш, натижалари ҳақида партия раҳбарияти ва жамоатчиликни хабардор қилиб бориш.

6.5.7. Комиссия ўз ваколатлари доирасида:

партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан хулосалар тайёрлайди;

партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатларнинг одоб-ахлоқ қоидалари билан боғлиқ масалаларини кўриб чиқиш жараёнида зарур ахборотни сўраб олади;

кўриб чиқиш учун киритилган масалаларни ҳал этиш учун Комиссия мажлисларига экспертлар ва мутахассисларни жалб қилади;

одоб-ахлоқ қоидаларига оид масалалар юзасидан партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатларга тегишли маслаҳат ва тушунтиришлар беради;

зарур ҳолларда, Комиссияда кўриб чиқилган масалалар бўйича давлат хизматчисини интизомий жавобгарликка тортиш юзасидан тегишли партия ташкилоти раҳбарига таклиф киритади.

6.5.8. Партия Одоб-ахлоқ Комиссияси ўз фаолиятини ушбу қоидалар ва Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси томонидан тасдиқланадиган алоҳида Низом талаблари асосида амалга оширади.

 

VII. ҲУДУДИЙ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИ

 

7.1. Ҳудудий партия ташкилотлари – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий ҳудудида тузилган Партиянинг таркибий бўлинмаларидир. Ҳудудий партия ташкилоти туман ва шаҳарларда шакллантирилган Партия бўлимлари фаолиятини бошқариш, мувофиқлаштириш ва бирлаштириш мақсадида тузилади. Ҳудудий партия ташкилотлари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, мазкур Устав, Партия Дастури ва ҳудудий партия ташкилотлари тўғрисидаги Низомга таянган ҳолда ташкил этадилар.

7.2. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотларига, уларнинг ўрнатилган тартибдаги мурожаатномасига асосан, юридик шахс мақоми берилиши мумкин.

7.3. Ҳудудий партия ташкилотининг Конференцияси.

7.3.1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотларининг раҳбар органи Конференция ҳисобланади. Конференция беш йилда камида бир маротаба, Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарорига мувофиқ, ҳисобот-сайлов кўринишида ўтказилади ва Конференция делегатларининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Конференцияга делегатлар юқори партия ташкилоти томонидан белгиланган вакиллик меъёри асосида сайланади.

Навбатдан ташқари Конференция тегишли ҳудудий партия ташкилотининг  Назорат-тафтиш комиссияси ёки туман, шаҳар партия ташкилотларининг учдан бир қисми талаблари билан Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг Конференция кун тартибида белгиланган қарори асосида чақирилади.

7.3.2. Конференция ваколатларига қуйидагилар киради:

– Партия дастурий мақсадлари, Съезд, Сиёсий Кенгаш ва Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қарорларидан келиб чиқадиган тегишли ҳудудий партия ташкилотининг вазифалари ва уларни бажариш бўйича тадбирларни белгилаш;

– ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши ва Назорат-тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш (Уставнинг 7.4.4.-банди ва 7.7.3.-бандидаги ҳолатлар бундан мустасно);

– ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши, Назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботларини эшитиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

– белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига номзодларни кўрсатиш (Уставнинг 7.4.7.-бандидаги ҳолатлар бундан мустасно);

– Партия Съездига делегатларни сайлаш.

7.4. Ҳудудий партия ташкилотининг Кенгаши.

7.4.1. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Конференциялар оралиғидаги даврда тегишли ҳудудий партия ташкилотининг раҳбар органи ҳисобланади, унинг манфаатларини ифодалайди ва унинг номидан иш юритади.

Кенгаш аъзолари худудий партия ташкилотининг ҳисобот-сайлов Конференциясида делегатлар орасидан навбатдаги ҳисобот-сайлов Конференциясига қадар бўлган муддатга сайланадилар. Кенгаш аъзоларининг сони Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланган ҳудудий партия ташкилотларининг ташкилий тузилмасига мувофиқ, Конференция томонидан белгиланади.

7.4.2. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши мажлиси, заруриятга қараб, аммо бир йилда камида икки марта ўтказилади. Кенгаш қарорлари ҳисобдор органлар ва қуйи ташкилотлар учун мажбурийдир. Алоҳида ҳолларда, ушбу Уставда белгиланган ҳолатларда Кенгаш қарорлари Партия Сиёсий Кенгаши ёки Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланганидан кейин қонуний кучга киради.

7.4.3. Кенгаш мажлисида ҳудудий партия ташкилотининг жорий фаолиятига раҳбарликни амалга ошириш учун Кенгаш аъзолари таркибидан раис ва унинг ўринбосарлари сайланадилар.

Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимларига сайлаш учун номзодлар Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан тавсия этилади. Кенгаш раиси ва унинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги ҳудудий партия ташкилоти кенгашининг қарори Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Навбатдаги ҳисобот-сайлов Конференциясида аввалги Кенгаш раиси ва унинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи ўринбосарларининг ваколатлари тугатилган ҳисобланади ва Конференцияда янги сайланган Кенгаш аъзолари таркибидан Кенгашнинг биринчи мажлисида раис ва унинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи ўринбосарлари янгитдан сайланади.

7.4.4. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши мажлиси Конференциялар оралиғидаги даврда Кенгаш таркибидан аъзоларини чиқариш ва чиқарилган аъзолар ўрнига янги аъзоларни навбатдаги Конференцияда тасдиқлаш шарти билан сайлаш ваколатига эга бўлади.

7.4.5. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши ва Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари ҳамда тегишли давлат ҳокимияти вакиллик органидаги депутатлик бирлашмасининг аъзолари ҳудудий партия ташкилоти Конференциясининг тўғридан-тўғри (сайланмайдиган) делегатлари ҳисобланадилар.

7.4.6. Ҳудудий партия ташкилоти қарори билан лавозимига тасдиқланган туман (шаҳар) партия бўлими Кенгаши раиси ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг тўғридан-тўғри (сайланмайдиган) аъзоси ҳисобланади.

7.4.7. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши:

– ҳудудий партия ташкилоти Конференцияси ва Кенгаш мажлисларини чақириш ва ўтказилишини ташкиллаштиради;

– Партия Сиёсий Кенгаши, Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси, ҳудудий партия ташкилоти Конференцияси ва Кенгаши қарорларининг бажарилишини ташкил қилади;

– сайловга қадар исталган вақтда у ёки бу шахсни депутатликка номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиши мумкин ва бундай шахс тегишли вилоят сайлов комиссияси томонидан депутатликка номзодлик мақомидан маҳрум этилади ҳамда депутатликка номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар тегишли вилоят сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритади;

– тегишли халқ депутатлари Кенгаши айрим депутатларнинг ваколатларини ҳақиқий эмас деб топган тақдирда, шунингдек депутат чақириб олинганда ва бошқа сабабларга кўра депутатлик ваколатлари муддатидан олдин тугатилган ҳолларда маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига бўшаб қолган депутатлик ўринларига номзодларни танлаш ва кўрсатиш юзасидан қарорлар қабул қилади;

– Партия иштирок этаётган сайловолди кампаниясини ўтказишга масъулдир;

– маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидаги партия гуруҳи фаолиятини мувофиқлаштиради;

– ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзоларини сайлайди;

– Партия раҳбар кадрлари ва бошқа фаолларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини амалга оширади;

– Партия ҳамкор ташкилотлар билан сиёсий ҳамкорликни амалга ошириш доирасида махсус дастур ва режаларнинг қабул қилиниши ва бажарилишини таъминлайди;

– ҳудудий партия ташкилотининг бюджети лойиҳасини ишлаб чиқади ва Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасига тасдиқлаш учун тақдим этади;

– Партиянинг туман (шаҳар) бўлими таклифига асосан бошланғич партия ташкилотини тузиш тўғрисида қарорни тасдиқлайди;

– Партия аъзоларининг бириктирилган ҳудуд бўйича ҳисобини олиб боради;

– аъзолик бадаллари тушуми ҳисоботини олиб боради;

– ҳудудий партия ташкилотининг Конференцияси томонидан бериладиган бошқа ваколатларга эга бўлиши мумкин.

7.4.8. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши ўз ваколат доирасига кирувчи масалалар юзасидан қарор ва фармойишлар қабул қилади. Бу қарор ва фармойишлар Кенгаш раиси ёки унинг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбари томонидан имзоланади.

7.5. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши раиси қуйидаги ваколатларга эга:

– ҳудудий партия ташкилоти Конференцияси, Кенгаши ва юқори партия ташкилоти қарорларининг бажарилишини ташкил этиш, шу мақсадда қуйи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

– ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши, Ижроия қўмитаси мажлисларини олиб бориш, ушбу мажлислар қарорларини имзолаш;

– ҳудудий партия ташкилоти жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш, унинг номидан ишончномасиз иш олиб бориш, ишончномаларни тақдим этиш, битимлар, меҳнат шартномаларини тузиш ва бошқа ҳужжатларни имзолаш;

– Кенгашнинг Ижроия қўмитасига умумий раҳбарлик қилиш;

– туман (шаҳар) партия бўлими Кенгаши раиси ва унинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги туман (шаҳар) партия бўлими қарорини тасдиқлаш;

– Кенгашнинг ижроия аппарати ходимлари, Партиянинг туман (шаҳар) Кенгашлари раисининг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбарлари ва ижроия аппарати ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва уларни ўрнатилган тартибда бекор қилиш;

– бошланғич партия ташкилотини тузиш тўғрисида қарорни тасдиқлаш;

– ҳудудий партия ташкилоти фаолиятига доир молиявий ҳужжатларни имзолаши ёки ушбу ваколатни ўзининг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбарига юклаши мумкин;

– Партия аъзоларини ҳисобга олиш, аъзоликка қабул қилиш, аъзоликни тўхтатиб туриш, аъзоликдан чиқариш тадбирларини ташкиллаштириш.

7.6. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг Ижроия қўмитаси тегишли ҳудудий партия ташкилотининг ижроия органидир.

Ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг мажлислари оралиғидаги даврда Ижроия қўмитаси, унга берилган ваколатлар доирасида, тегишли ҳудудий партия ташкилотининг манфаатларини ифода этади ва унинг номидан иш юритади. Ижроия қўмита аъзолари навбатдаги Конференциялар оралиғидаги даврга сайланган Кенгаш аъзолари орасидан Кенгаш мажлисида сайланадилар. Ижроия қўмита аъзоларининг сони Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қарори билан белгиланади.

Навбатдаги Конференцияда янгитдан сайланган Кенгаш аъзолари таркибидан янги Ижроия қўмита аъзолари сайланади.

Ижроия қўмитанинг ваколатлари ҳудудий партия ташкилоти низомида белгиланади.

Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Ижроия қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча қуйи ташкилотлар учун мажбурийдир.

7.7. Ҳудудий партия ташкилотининг  Назорат-тафтиш комиссияси.

7.7.1. Ҳудудий партия ташкилотининг  Назорат-тафтиш комиссияси тегишли ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши, Ижроия қўмитаси, қуйи партия бўлимларининг Устав доирасида амалга ошираётган ҳамда молиявий-хўжалик фаолиятини, Партия бюджетининг тўғри шакллантирилиши ва сарфланишини назорат қилувчи органдир.

Ҳудудий партия ташкилотларининг  Назорат-тафтиш комиссиялари аъзолари партия ташкилотининг ҳисобот-сайлов Конференциясида делегатлар орасидан сайланадилар. Мазкур комиссия аъзоларининг сони Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қарори билан белгиланади.

Навбатдаги Конференцияда Назорат-тафтиш комиссияси аъзоларининг ваколати тугаган ҳисобланади ва ушбу Конференцияда Назорат-тафтиш комиссиянинг янги таркиби сайланади.

Ҳудудий партия ташкилотларининг Назорат-тафтиш комиссиялари ҳудудий партия ташкилоти Конференцияси ва Марказий назорат-тафтиш комиссияси олдида ҳисобдордир.

Туман (шаҳар) партия ташкилотларининг Назорат-тафтиш комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштиради ва зарур ҳолларда уларнинг ҳисоботларини тинглайди.

7.7.2. Ҳудудий партия ташкилотининг Назорат-тафтиш комиссияси ўз таркибидан комиссия раисини сайлайди. Ҳудудий партия ташкилоти раҳбарлари, Кенгаш аъзолари ва ижроия аппарати ходимлари Назорат-тафтиш комиссияси аъзолигига сайланиши мумкин эмас.

7.7.3. Конференциялар оралиғидаги даврда ҳудудий партия ташкилотининг Назорат-тафтиш комиссияси ўзининг таркибига ўзгартишлар киритиши мумкин ва кейинчалик улар Конференцияда тасдиқланади.

7.7.4. Ҳудудий партия ташкилотининг Назорат-тафтиш комиссияси ўз фаолиятида Партия Уставига, тегишли ҳудудий партия ташкилоти низомига ҳамда Марказий  назорат-тафтиш комиссиясининг меъёрий ҳужжатларига амал қилади.

7.8. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши ҳузуридаги Одоб-ахлоқ комиссияси

7.8.1. Комиссия партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишини назорат қилиш, уларнинг ахлоқ нормаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларини олдини олиш ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш мақсадида тузилади.

7.8.2. Ҳудудий партия ташкилотларида комиссия Комиссия раиси, котиби ва аъзоларидан иборат бўлиб, умумий сони 7 нафардан кам бўлмаслиги ва тоқ сонда бўлиши лозим.

7.8.3. Комиссия таркиби партия ҳудудий кенгашлари қарори билан тасдиқланади ва доимий равишда фаолият юритади.

7.8.4. Комиссияларнинг асосий вазифалари ва функциялари Партия Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги Низомда белгиланган бўлиб, комиссиялар Партия Устави ва Партия аъзоларининг Одоб-ахлоқ қоидаларида белгиланган талаблар доирасида фаолият олиб боради.

 

VIII. ПАРТИЯ ҲУДУДИЙ ТАШКИЛОТИНИНГ ТУМАН (ШАҲАР) БЎЛИМЛАРИ

 

8.1. Туман (шаҳар) партия бўлими ҳудудий партия ташкилотининг таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини бошқариш, мувофиқлаштириш ва бирлаштириш мақсадида тузилади.

8.2. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими тегишли ҳудудий партия ташкилотининг таклифига биноан Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан ташкил этилади ва тугатилади. Партия туман (шаҳар) бўлимлари Партия Устави ҳамда тегишли туман (шаҳар) бўлими низоми асосида фаолият юритадилар.

8.3. Партия туман (шаҳар) бўлимининг Конференцияси.

8.3.1. Партия туман (шаҳар) бўлимининг раҳбар органи Конференция ҳисобланади. Конференция одатда беш йилда камида бир маротаба ҳисобот-сайлов кўринишида ўтказилади ва Конференция делегатларининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Конференция тегишли ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг қарори асосида чақирилади ва мазкур қарорда бошланғич партия ташкилотининг умумий йиғилишида Конференцияга сайланадиган делегатларнинг вакиллик меъёри белгиланади.

8.3.2. Тегишли ҳудудий партия ташкилоти қарори ёки Партия аъзоларининг учдан бир қисмининг талаби билан Партия туман (шаҳар) бўлимининг навбатдан ташқари Конференцияси чақирилиши мумкин.

8.3.3. Конференция ваколатларига қуйидагилар киради:

– Партия дастурий мақсадлари, Партия Съезди, Сиёсий Кенгаши ва Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси, тегишли ҳудудий партия ташкилоти қарорларидан келиб чиқадиган вазифаларни ва уларни бажариш бўйича тадбирларни белгилаш;

– Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши ва Назорат-тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш (Уставнинг 8.4.4.-банди ва 8.7.1.-бандидаги ҳолатлар бундан мустасно);

– Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши,  Назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботларини  тинглаш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

– белгиланган тартибда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлигига номзодларни кўрсатиш (Уставнинг 8.4.6.-банди бундан мустасно);

– тегишли юқори турувчи ҳудудий партия ташкилоти Конференциясига делегатларни сайлаш.

8.4. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши.

8.4.1. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши Конференциялар оралиғида тегишли туман (шаҳар) бўлимининг раҳбар органи ҳисобланади, унинг манфаатларини ифодалайди ва унинг номидан иш юритади.

Кенгаш аъзолари туман (шаҳар) партия ташкилотининг ҳисобот-сайлов Конференциясида делегатлар орасидан кейинги, навбатдаги ҳисобот-сайлов Конференциясига қадар бўлган муддатга сайланадилар. Кенгаш аъзоларининг сони Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланган ҳудудий партия ташкилотларининг ташкилий тузилмасига мувофиқ Конференция томонидан белгиланади.

8.4.2. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши мажлиси, заруриятга қараб, аммо бир йилда камида икки марта ўтказилади. Кенгаш қарорлари ҳисобдор органлар ва бошланғич партия ташкилотлари учун мажбурийдир. Алоҳида ҳолларда, ушбу Уставда белгиланган ҳолатларда Кенгаш қарорлари ҳудудий партия ташкилоти томонидан тасдиқланганидан кейин қонуний кучга киради.

8.4.3. Кенгаш мажлисида туман (шаҳар) бўлимининг жорий фаолиятига раҳбарликни амалга ошириш учун Кенгаш таркибидан раис ва унинг ўринбосарлари сайланадилар.

Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимларига номзодлар Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси билан келишилгандан сўнг ҳудудий партия ташкилоти томонидан сайлашга тавсия этилади. Кенгаш раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги туман (шаҳар) бўлими Кенгаши қарори тегишли ҳудудий партия ташкилоти томонидан тасдиқланади.

Навбатдаги ҳисобот-сайлов Конференциясида аввалги Кенгаш раиси ва унинг ўринбосарларининг ваколатлари тугатилган ҳисобланади ва Конференцияда янги сайланган Кенгаш аъзолари таркибидан, Кенгашнинг биринчи мажлисида раис ва унинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи ўринбосарлари янгитдан сайланади. 

8.4.4. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши мажлиси Конференциялар оралиғидаги даврда Кенгаш таркибидан аъзоларни чиқариш ва чиқарилган аъзолар ўрнига янги аъзоларни навбатдаги Конференцияда тасдиқлаш шарти билан сайлаш ваколатига эга бўлади.

8.4.5. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши,  Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари ва халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига Партиядан сайланган депутатлар  туман (шаҳар) партия бўлими Конференциясининг тўғридан-тўғри (сайланмайдиган) делегатлари ҳисобланадилар.

8.4.6. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши:

– туман (шаҳар) бўлими Конференцияси ва Кенгаши мажлисларини чақириш ва ўтказилишини ташкиллаштиради;

– Партия Сиёсий Кенгаши, Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси, ҳудудий партия ташкилоти ҳамда Конференция қарорларининг бажарилишини ташкил қилади;

– сайловга қадар исталган вақтда у ёки бу шахсни депутатликка номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиши мумкин ва бундай шахс тегишли туман (шаҳар) сайлов комиссияси томонидан депутатликка номзодлик мақомидан маҳрум этилади ҳамда депутатликка номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар тегишли туман (шаҳар) сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритади;

– тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши айрим депутатларнинг ваколатларини ҳақиқий эмас деб топган тақдирда, шунингдек депутат чақириб олинганда ва бошқа сабабларга кўра депутатлик ваколатлари муддатидан олдин тугатилган ҳолларда маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига бўшаб қолган депутатлик ўринларига номзодларни танлаш ва кўрсатиш юзасидан қарорлар қабул қилади;

– Партия иштирок этаётган сайлов мавсумларини ўтказишга масъулдир;

– Партия аъзоларининг бириктирилган ҳудуд бўйича ҳисобини олиб боради;

– аъзолик бадаллари тушуми ҳисоботини олиб боради;

– халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашидаги партия гуруҳи фаолиятини мувофиқлаштиради;

– ўрнатилган тартибда бошқа ваколатларга эга бўлиши мумкин.

8.4.7. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши ўз ваколат доирасига кирувчи масалалар юзасидан қарор ва фармойишлар қабул қилади. Бу қарор ва фармойишлар Кенгаш раиси ёки унинг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбари томонидан имзоланади.

8.5. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши раиси:

– Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Конференцияси, Кенгаши ва юқори партия ташкилоти қарорларининг бажарилишини ташкил этади, шу мақсадда бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини ташкиллаштиради ва мувофиқлаштиради;

– бўлимнинг жорий фаолиятига, Кенгашнинг Ижроия қўмитасига умумий раҳбарлик қилади;

– туман (шаҳар) бўлими Кенгаши, Ижроия қўмитаси мажлисларини олиб боради ва ушбу мажлислар қарорларини имзолайди;

– бошланғич партия ташкилоти раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлайди;

– бошланғич партия ташкилотининг Партияга аъзоликка қабул қилиш тўғрисидаги қарорларини тасдиқлайди;

– Партия аъзоларини ҳисобга олиш, аъзоликка қабул қилиш, аъзоликни тўхтатиб туриш, аъзоликдан чиқариш тадбирларини бевосита амалга оширади;

– худудий партия ташкилоти Кенгаши, туман (шаҳар) бўлими Конференцияси ва Кенгаши томонидан берилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

8.6. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгашининг Ижроия қўмитаси тегишли Партия бўлимининг ижроия органидир.

Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгашининг мажлислари оралиғидаги даврда Ижроия қўмитаси, унга берилган ваколатлар доирасида тегишли Партия туман (шаҳар) бўлими манфаатларини ифода этади ва унинг номидан иш юритади. Ижроия қўмита аъзолари навбатдаги Конференциялар оралиғидаги даврга сайланган Кенгаш аъзолари орасидан Кенгаш мажлисида сайланадилар. Ижроия қўмита аъзоларининг сони Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қарори билан белгиланади.

Навбатдаги Конференцияда сайланган янги Кенгаш аъзолари таркибидан янги Ижроия қўмита аъзолари сайланади.

Ижроия қўмитанинг ваколатлари туман (шаҳар) бўлими низомида белгиланади.

Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши Ижроия қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари бошланғич партия ташкилотлари учун мажбурийдир.

8.7. Партия туман (шаҳар) бўлимининг Назорат-тафтиш  комиссияси.

8.7.1. Партия туман (шаҳар) бўлимининг Назорат-тафтиш  комиссияси туман (шаҳар) партия бўлими Кенгаши, бошланғич партия ташкилотларининг мазкур Устав доирасида амалга ошираётган ишлари ҳамда молиявий-хўжалик фаолиятини ва Партия даромад ва харажатларининг тўғри шакллантирилиши ҳамда сарфланишини назорат қилувчи органдир.

Туман (шаҳар) партия ташкилотининг Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари партия ташкилотининг ҳисобот-сайлов Конференциясида делегатлар орасидан сайланадилар. Мазкур комиссия аъзоларининг сони Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қарори билан белгиланади.

Навбатдаги Конференцияда Назорат-тафтиш комиссияси аъзоларининг ваколати тугаган ҳисобланади ва ушбу Конференцияда Назорат-тафтиш  комиссиянинг янги таркиби сайланади.

Конференциялар оралиғидаги даврда туман (шаҳар) партия ташкилотининг Назорат-тафтиш комиссияси ўзининг таркибига ўзгартишлар киритиши мумкин ва кейинчалик улар Конференцияда тасдиқланади.

Туман (шаҳар) партия ташкилотларининг Назорат-тафтиш комиссиялари туман (шаҳар) партия ташкилоти Конференцияси ва ҳудудий партия ташкилоти Назорат-тафтиш комиссияси олдида ҳисобдордир.

8.7.2. Партия туман (шаҳар) бўлимининг Назорат-тафтиш  комиссияси ўз таркибидан комиссия раисини сайлайди. Туман (шаҳар) Кенгаши раиси, раис ўринбосарлари, Кенгаш аъзолари ва ижроия аппарати ходимлари Назорат-тафтиш комиссияси аъзолигига сайланиши мумкин эмас.

8.7.3. Партия туман (шаҳар) бўлимининг Назорат-тафтиш  комиссияси ўз фаолиятида мазкур Уставга, тегишли ҳудудий партия ташкилоти низомига ва Марказий назорат-тафтиш комиссиясининг меъёрий ҳужжатларига амал қилади.

 

IX. ПАРТИЯНИНГ БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЛАРИ

 

9.1. Бошланғич ташкилот Партиянинг асосий бўғини бўлиб, ҳудудий-ишлаб чиқариш хусусиятларига кўра ва 5 тадан кам бўлмаган Партия аъзоларидан ташкил топади.

9.2. Бошланғич партия ташкилоти Партиянинг тегишли туман (шаҳар) бўлими таклифига биноан ҳудудий партия ташкилоти томонидан ташкил этилади ва тугатилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, ижодий уюшмалар, кўнгилли жамиятлар ва жамғармаларда ҳамда таълим муассасаларида бошланғич партия ташкилотлари ташкил этилишига йўл қўйилмайди.

Бошланғич партия ташкилотлари мазкур Устав ҳамда Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган низомга асосан фаолият юритадилар.

9.3. Бошланғич партия ташкилоти:

– Партия Устави, Дастури ва Партия раҳбар органларининг бошқа қарорлари билан белгилаб берилган мақсад ва вазифаларини қонун доирасида аҳоли ўртасида тарғиб қилиш ва тушунтириш ишларини олиб боради;

– жамоатчилик фикрининг шаклланишига таъсир кўрсатиш ҳамда Партия фаолияти ҳақида ахборотни жамоатчиликка етказиш ишларини ташкиллаштиради, бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари ва фуқаролар билан бевосита ҳамкорлик қилади;

– аҳоли ўртасида катта ҳурмат ва обрўга эга бўлган турли ижтимоий гуруҳ вакиллари билан алоқа ўрнатади, улар билан доимий учрашувлар уюштириб, юзага келаётган муаммоларни ўрганади ва партия воситалари билан уларни ҳал этишга кўмаклашади, Партия қарорларининг бажарилишида уларга таянади;

– аҳолининг турли қатлам вакиллари, тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, мулкдорлар синфи вакилларининг қонуний манфаатларини ифодаловчи ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва бошқа масалалар бўйича юқори партия ташкилотига доимий тарзда таҳлилий материаллар ва таклифлар тақдим этиб боришни йўлга қўяди;

– Партия сафига янги аъзоларни жалб қилиб боради ва Партия аъзолигидан чиқариш бўйича Партиянинг туман (шаҳар) бўлимига маълумотнома тақдим этади;

– Партия аъзолари фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашади, Партия аъзолари томонидан Устав талабларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

– Партия сафига киришни хоҳловчи номзодларнинг сиёсий дунёқарашини, касбий маҳорат ва тажрибасини, фуқаролик ва инсонийлик хислатларини ўрганади. Айниқса, ёшлар ичидан шундай кишиларни Партия сафига қабул қилишга тайёрлайди ва уларга ҳар томонлама ёрдам беради;

– аъзолик бадалларини Партия ҳисоб рақамига ўтказилиб борилишини таъминлайди, бу ҳақда Партиянинг туман (шаҳар) бўлимига доимий тарзда ҳисобот тақдим этиб боради;

– бошланғич ташкилотда иш юритилишини таъминлайди;

– юқори партия органлари томонидан берилган Партия ҳужжатлари ва моддий бойликларнинг тўлиқ сақланишига жавобгар бўлади.

9.4. Бошланғич партия ташкилотининг умумий йиғилиши.

9.4.1. Бошланғич партия ташкилотининг умумий йиғилиши бошланғич партия ташкилотининг раҳбар органи ҳисобланади. Бошланғич партия ташкилоти умумий йиғилиши зарурат бўлган пайтларда, аммо бир йилда камида 4 марта ўтказилади. Бошланғич партия ташкилоти умумий йиғилишида унинг раиси ва ўринбосари бир йил муддатга сайланади.

Бошланғич партия ташкилоти умумий йиғилишининг раиси ва раис ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги қарори туман (шаҳар) партия Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланади.

9.4.2. Умумий йиғилиш ваколатлари:

– бошланғич партия ташкилотининг раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш, уларнинг ҳисоботларини тинглаш ва тегишли қарорлар қабул қилиш;

– Партиянинг тегишли туман (шаҳар) бўлими Конференциясига делегатларни сайлаш;

– Партиянинг тегишли туман (шаҳар) бўлими Кенгаши таркибига киритиладиган бошланғич партия ташкилоти вакилини сайлаш ва уни чақириб олиш;

– бошланғич партия ташкилоти кенгашини зарурат бўлганда сайлаш, унинг  таркибини белгилаш, кенгаш ҳисоботини тинглаш ва тегишли қарорлар қабул қилиш;

– Партиянинг тегишли туман (шаҳар) бўлими Конференцияси ва Кенгаши томонидан тақдим этилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

9.5. Умумий йиғилишлар оралиғидаги даврда бошланғич партия ташкилоти фаолиятига раис раҳбарлик қилади. Бошланғич партия ташкилоти раисининг битта ўринбосари бўлади.

9.6. Аъзолари сони 30 кишидан ортиқ бўлган бошланғич партия ташкилотларида жорий фаолиятга раҳбарлик қилиш учун, заруратга кўра, бошланғич партия ташкилоти раиси, унинг ўринбосари ва бошқа аъзолари таркибида камида беш кишидан иборат Кенгаш сайланиши мумкин.

9.7. Бошланғич партия ташкилоти Кенгашига бошланғич партия ташкилоти раиси раҳбарлик қилади. Бошланғич партия ташкилоти раиси:

– бошланғич ташкилот жорий фаолиятига раҳбарлик қилади ва унинг вакили бўлиб, унинг номидан ишончномасиз иш юритади;

– умумий йиғилишларни (Кенгаш мажлисларини) олиб боради, улар томонидан қабул қилинган қарорларни имзолайди;

– тегишли юқори турувчи Партиянинг туман (шаҳар) бўлими кенгаши Конференцияси, Кенгаши, раиси ва бошланғич партия ташкилотининг умумий йиғилиши томонидан берилган ваколатларни амалга оширади.

9.8. Бошланғич партия ташкилоти раиси вазиятни, тез ўзгариб бораётган сиёсий шароитни чуқур таҳлил қила олиши, холисона баҳолай билиши ва жойларда етилган муаммоларни ҳал этиш учун бутун масъулиятни истаган вақтда ўз зимммасига олишга тайёр туриши керак.

 

X. ПАРТИЯНИНГ ДЕПУТАТЛИК БИРЛАШМАЛАРИ

 

  1. Партия манфаатларини давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида уюшқоқлик билан ифодалаш мақсадида қонунда белгиланган тартибда Қонунчилик палатасидаги Партия фракцияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари тузилади.

Партия фракцияси ва мазкур партия гуруҳлари Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатларга эгадирлар.

10.1. Қонунчилик палатасидаги Партия фракцияси.

10.1.1. Партия фракцияси Партия томонидан кўрсатилиб сайланган депутатларнинг таъсис йиғилишларида ўз партиясининг сиёсатини уюшқоқлик билан ўтказиш учун тузилади. Фракция раҳбари берган тегишли ариза ва таъсис ҳужжатларига асосан Қонунчилик палатаси томонидан рўйхатга олинади.

Партиядан кўрсатилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайланган депутат фақат Партия фракцияси аъзоси бўлиши мумкин.

Фракция аъзолари ўзларининг ораларидан, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси тавсиясига кўра, фракция раҳбарини сайлайди.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарини сайлаш учун фракция, қоида тариқасида, ўз фракцияси раҳбарининг номзодини киритади.

10.1.2. Партия фракцияси ўз ишини Ўзбекистон Республикасининг “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш” тўғрисидаги Конституциявий қонун, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонун, Партиянинг дастурий ҳужжатлари, Партия Съезди белгилаган парламентчилик фаолияти вазифалари ҳамда Партиянинг марказий органларининг тавсияларига мувофиқ ташкил этади.

10.1.3. Муҳим сиёсий масалалар юзасидан нуқтаи назарларни келишиб олиш учун Партия фракцияси ва Партия Сиёсий Кенгаши ёки Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг биргаликдаги қўшма мажлислари ўтказилиши мумкин. Партия фракцияси аъзолари Қонунчилик палатасида овоз бериш жараёнида биргаликда ишлаб чиқилган нуқтаи назарларга асосланадилар.

Партия фракцияси Қонунчилик палатасидаги бошқа партиялар фракциялари билан парламент кўпчилигини ташкил этувчи блок тузиши мумкин.

10.1.4. Партия фракцияси ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасига мунтазам равишда ахборот бериб боради. Қонунчилик палатаси ваколати давридаги фаолияти бўйича Партия фракцияси ҳисоботи Партия Съездида тингланади.

10.1.5. Партия фракциясининг фаолияти Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан мувофиқлаштирилади.

10.1.6. Партия фракцияси қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

– Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибини тузишда иштирок этиш;

– Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича музокараларда фракция вакилига кафолатланган сўз берилиши;

– тегишли равишда Қонунчилик палатаси Спикерига ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, вазирларга, шунингдек бошқа давлат органларининг раҳбарларига сўров билан мурожаат этиш;

– Қонунчилик палатасининг Спикер ўринбосарлигига қўмиталари ва комиссиялари раислигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш;

– Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилинаётган масала бўйича фракция фикрини депутатлар орасида тарқатиш;

– Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини лавозимидан озод этиш тўғрисидаги ташаббус билан Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилиш;

– Қонунчилик палатаси депутатлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

10.2. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари (кейинги матнларда – Партия гуруҳлари) Партия томонидан кўрсатилиб сайланган депутатларнинг таъсис йиғилишларида ўз партиясининг сиёсатини уюшқоқлик билан ўтказиш учун тузилади.

10.2.1. Партия гуруҳлари партия гуруҳининг раҳбари берган ариза ва таъсис ҳужжатларига асосан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан рўйхатга олинади.

Партиядан кўрсатилиб, маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик  органларига сайланган депутат фақат мазкур Партиянинг партия гуруҳи аъзоси бўлиши мумкин.

Партия гуруҳи аъзолари ўзларининг ораларидан, ҳудудий партия ташкилоти тавсиясига кўра, гуруҳ раҳбарини сайлайдилар.

10.2.2. Партия гуруҳлари фаолияти тегишли ҳудудий партия ташкилотларининг Кенгаши томонидан мувофиқлаштирилади.

10.2.3. Партия гуруҳлари ўз фаолиятларини Партиянинг дастурий ҳужжатлари, тегишли ҳудудий партия ташкилотлари Конференциялари томонидан белгиланган қонунчилик фаолияти вазифалари, ҳудудий партия ташкилоти Кенгашлари тавсиялари ҳамда юқори партия органлари қарорларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этадилар.

10.2.4. Партия гуруҳлари аъзолари маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органида овоз беришда биргаликда ишлаб чиқилган нуқтаи назарга асосланадилар.

10.2.5. Муҳим ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича нуқтаи назарларни келишиб олиш учун Партия гуруҳлари ва тегишли ҳудудий партия ташкилоти Кенгашларининг биргаликдаги қўшма мажлислари ўтказилиши мумкин.

10.2.6. Партия гуруҳлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– сессия кун тартибини тузишда иштирок этиш;

– сессия кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича музокараларда гуруҳ вакилига кафолатланган сўз берилиши;

– тегишли равишда Жўқорғи Кенгеснинг Раисига ва Вазирлар Кенгашига, Қорақалпоғистон Республикасининг вазирларига ва бошқа давлат органлари раҳбарларига, ҳокимларга, ҳоким ўринбосарларига, ҳокимликлар бўлимлари ва бошқармаларининг раҳбарларига, шунингдек тегишли халқ депутатлари Кенгаши ҳудудида жойлашган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарларига сўровлар билан мурожаат этиш;

– тегишли вакиллик органи қўмиталари ёки комиссиялари раислигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш;

– тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки халқ депутатлари Кенгашининг сессиясида муҳокама қилинаётган масала бўйича партия гуруҳининг фикрини депутатлар орасида тарқатиш;

– вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган хулосалар тақдим этиш ташаббуси;

– давлат ҳокимияти тегишли вакиллик органларининг депутатлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

10.2.7. Партия гуруҳлари аъзолари томонидан партия манфаатларига зид ҳатти-ҳаракатлар содир этилганда ёхуд уларни атайлаб инкор этилганда тегишли ҳудудий партия ташкилоти томонидан депутатларни чақириб олиш ва ваколатларини муддатидан илгари тугатиш масаласи кўтарилиши мумкин. 

10.2.8. Партия гуруҳлари ўз фаолиятлари тўғрисида белгиланган муддатларда тегишли ҳудудий партия ташкилотига ахборот бериб борадилар. Уларнинг ваколат давридаги фаолиятлари тўғрисидаги ҳисоботлар тегишли ҳудудий партия ташкилотлари Конференцияларида эшитилади.

10.3. Партия аъзолари ва Партия раҳбар органлари ташаббуси билан Партия клублари, сиёсий марказлар, қизиқишлар ва муаммолар, касб-кор бўйича ҳам бирлашишнинг хилма-хил шакллари ташкил қилиниши ва фаолият кўрсатиши мумкин. Улар Партиянинг дастурий ҳужжатларига асосланиб турли масалаларни муҳокама қиладилар, ўз таклифларини ишлаб чиқадилар ва уларни турли даражадаги партия ташкилотлари ҳамда уларнинг раҳбар органлари муҳокамасига киритадилар.

 

XI. ПАРТИЯНИНГ САЙЛОВЛАРДА ИШТИРОКИ

 

11.1. Партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида иштирок этиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Партиянинг иштироки тўғрисидаги қарор Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан чақирилган Сиёсий Кенгаш мажлисида қабул қилинади.

Партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Партия Съездида кўрсатилади. Бу ҳақдаги қарор Съезд делегатларининг кўпчилиги ёқлаб овоз берган тақдирда қабул қилинади ва тегишли баённома билан расмийлаштирилиб, тегишли ҳужжатлар илова қилинганидан кейин Марказий сайлов комиссиясига топширилади.

11.2. Партиянинг Қонунчилик палатасига бўладиган сайловларда иштироки тартиби Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Қонунчилик палатасига бўладиган сайловларда Партиянинг иштирок этиши тўғрисидаги қарор Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан қабул қилинади.

Қонунчилик палатаси депутатлигига Партиядан номзодлар Партия Сиёсий Кенгаши тақдим этган рўйхат асосида Съезд томонидан кўрсатилади.

Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни кўрсатиш тўғрисидаги қарор Съездда қатнашаётган делегатларнинг кўпчилиги ёқлаб овоз берган тақдирда қабул қилинади ва тегишли баённома билан расмийлаштирилиб, Марказий сайлов комиссиясига топширилади.

Партия Сиёсий Кенгаши у ёки бу шахсни Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги қарорни сайловга кечи билан беш кун қолганда бекор қилиши мумкин ва бу шахс Марказий сайлов комиссияси томонидан депутатликка номзодлик мақомидан маҳрум этилганда, депутатликка номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар Марказий сайлов комиссиясига янги номзод Ижроия қўмита тақдим этган рўйхат асосида Партия Сиёсий Кенгаши томонидан таклиф қилинади.

Марказий сайлов комиссияси айрим депутатларнинг ваколатларини ҳақиқий эмас деб топган тақдирда, шунингдек депутат чақириб олинган тақдирда, бошқа сабабларга кўра депутатлик ваколатлари муддатидан олдин тугатилган ҳолларда Қонунчилик палатаси депутатлигига бўшаб қолган ўринларга номзодлар Ижроия қўмита тақдим этган рўйхат асосида Партия Сиёсий Кенгаши томонидан кўрсатилади.

11.3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар Кенгашларига бўладиган сайловларда Партиянинг иштирок этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларида Партиянинг иштирок этиши тўғрисидаги қарор Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан қабул қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига Партиядан номзодлар Партиянинг тегишли ҳудудий партия ташкилотлари, туман ва шаҳар бўлимлари томонидан кўрсатилади. Партия фуқаролар орасидан мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида, тегишли вилоят, туман, шаҳар иқтисодиётини ривожлантиришда фаол иштирок этаётган, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг, фермерлик ҳаракатининг самарадорлигини оширишга кўмаклашаётган шахсларни депутатликка номзод этиб кўрсатади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига Партиядан номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги қарор тегишли ҳудудий партия ташкилоти, туман ва шаҳар бўлими Конференцияларида ёки белгиланган тартибда Кенгаш мажлисида, унда иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва баённома расмийлаштирилиб, тегишли сайлов комиссиясига топширилади.

 

XII. ПАРТИЯНИНГ БОШҚА СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР ВА ЖАМОАТ ТАШКИЛОТЛАРИ  БИЛАН МУНОСАБАТИ

 

12.1. Партия Ўзбекистон Республикаси қонунлари доирасида бошқа сиёсий партиялар билан иттифоқ (блок) тузиш, улар билан ва бошқа жамоат бирлашмалари билан шартнома муносабатлари ўрнатиши мумкин.

12.2. Партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) Кенгашларидаги гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида расман фаолият юритувчи бошқа сиёсий партияларнинг депутатлик бирлашмаларидан сайланган депутатлар билан умумий нуқтаи назар бўйича келишишлари ёки уларга нисбатан мухолифатда бўлишлари мумкин.

Қонунчилик палатасидаги Партиянинг бошқа сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиққан нуқтаи назари тўғрисидаги қарори фракция раҳбари томонидан Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинади.

12.3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) Кенгашларидаги Партия гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида расман фаолият юритувчи бошқа сиёсий партиялар депутатлик бирлашмалари билан ишлаб чиққан нуқтаи назари тўғрисидаги қарори партия гуруҳи раҳбари томонидан тегишли ҳудудий (туман, шаҳар) партия кенгаши билан келишилган ҳолда қабул қилинади.

 

XIII. ПАРТИЯ ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ, УНИНГ МОЛ-МУЛКИ  ВА ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ

 

13.1. Партия қонун томонидан белгиланган тартибда Партия Дастурида кўрсатилган устувор мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун қуйидаги молиявий манбалардан фойдаланиши мумкин:

– Партия аъзоларининг аъзолик бадаллари;

– Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ва фуқаролари томонидан қонунга мувофиқ бериладиган хайрия ёрдамлари;

– давлат бюджетидан қонунга мувофиқ ажратилган маблағлар;

– қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар;

– амалдаги қонунларга зид бўлмаган бошқа тушумлар.

13.2. Аъзолик бадали миқдори ва уни тўлаш тартиби Партия Сиёсий Кенгаши қарори билан белгиланади. Пенсионер ва талабалар аъзолик бадалини тўлашдан озод этиладилар.

13.3. Партия ушбу Уставда белгиланган вазифаларни амалга ошириши учун иншоотлар, турар жойлар, ускуналар, транспорт воситалари, инвентарь, пул маблағлари, қимматли қоғозлар ва бошқа ҳаракатда чекланмаган мол-мулкка эга бўлиши мумкин.

13.4. Партиянинг ҳудудий ташкилотларига ва бошқа қуйи бўлинмаларига бириктирилган мулк Партиянинг мулки ҳисобланади. Партиянинг ҳудудий ва бошқа қуйи ташкилотлари Партия томонидан белгиланган доирада ўзларига бириктирилган мол-мулкни бошқарадилар.

13.5. Партия ушбу Уставда белгиланган вазифаларни бажариш мақсадидагина қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширади. Партия таъсисчилигида ташкилот, корхона ёки муассаса ташкил этишга Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг тегишли қарори билан рухсат этилади.

Партиянинг тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлари Партия аъзолари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ва улардан Уставда белгиланган вазифаларни бажариш учунгина фойдаланилади.

13.6. Партия қонун томонидан белгиланган тартибда Партиянинг Дастурида кўрсатилган устувор мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун жамғарма жорий этиши мумкин.

13.7. Юридик шахс мақомига эга бўлган ҳудудий партия ташкилоти ҳисоб рақамларига келиб тушган аъзолик бадаллари, тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар, Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ва фуқаролари томонидан бериладиган хайрия ёрдамлари ҳамда амалдаги қонунларга зид бўлмаган бошқа барча тушумларнинг (давлат бюджетидан ажратилган маблағлар бундан мустасно) 20 фоизи миқдоридаги қисми ҳудудий партия ташкилоти томонидан ҳар ойда Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати ҳисоб рақамига ўтказилади.

Партия ҳисоб рақамларига тушган маблағларни ишлатиш тартиби Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан белгиланади.

13.8. Партия ҳар йили барчанинг эътибори учун ўз бюджетини эълон қилади ва ўз фаолиятини маблағлар билан таъминлаш манбалари ва уларнинг сарфланиши тўғрисида тегишли органларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда ҳисобот тақдим этади.

 

XIV. ПАРТИЯ УСТАВИ ВА ДАСТУРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ, УЛАРГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ

 

14.1. Партия Устави ва Дастурини қабул қилиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Партия Съезди қарори билан амалга оширилади.

14.2. Партия Съездининг Партия Устави ва Дастурини қабул қилиш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади ва Партия Съездида иштирок этаётган делегатларнинг учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги ёқлаб овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.

 

XV. ПАРТИЯНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ФАОЛИЯТИНИ ТУГАТИШ ТАРТИБИ

 

15.1. Партияни қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Съезд қарорига биноан амалга оширилади.

Партия фаолиятини тугатиш ушбу Уставда ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Съезд қарорига биноан ёки Олий суд қарори асосида амалга оширилади. Партияни қайта ташкил этиш ёки фаолиятини тугатиш тўғрисидаги қарор Партия Съездида унинг барча ташкилотлари фикри ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади. Бу қарор Съездда делегатларнинг учдан икки қисми ёқлаб овоз берган тақдирда қонуний ҳисобланади.

15.2. Партия тугатилганда, унинг мол-мулки ва маблағларидан фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

15.3. Партия тугатилган тақдирда Партиянинг барча қуйи ташкилотлари Ижроия аппарати ходимларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси билан белгиланган тартибда амалга оширилади.

15.4. Партия ҳужжатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат архив идораларига топширилади.

  • Кўрилди
    2555
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш