Муаммоли кредитларни юзага келиш сабаблари таҳлил қилинди

27.04.2024, 16:28

Муаммоли кредитларни юзага келиш сабаблари таҳлил қилинди

“OʻzLiDeP PRESS KLUBI”нинг навбатдаги сессиясида
тижорат банклари томонидан берилаётган кредитлар таркибида муаммоли кредитларнинг юзага келиш сабаблари, муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди.

Пресс-клубда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар, банклар, тадбиркорлар, ОАВ вакиллари, олимлар ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил
21 февралдаги ПФ-37-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон - 2030” стратегиясининг Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналиши бўйича 2024 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси”нинг 3-бандига мувофиқ иқтисодиётга ажратилган кредитлар таркибида муаммоли кредитларни камайтириш орқали банк тизимида молиявий барқарорликни таъминлаш вазифаси белгиланган.

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатида тижорат банкларининг кредит қўйилмалари 471,4 трлн.сўмни ташкил қилиб, 2023 йил 1 январдаги кўрсаткичга нисбатан 21 фоизга ошган.

Жами кредит қўйилмаларининг 31,5 фоизи жисмоний шахслар, 29,7 фоизи саноат, 10 фоизи қишлоқ хўжалиги, 7,3 фоизи транспорт ва коммуникация, 6,9 фоизи савдо ва умумий хизмат, 2,6 фоизи қурилиш ва 11,9 фоизи бошқа соҳалар ҳисобига тўғри келади. Кредит қўйилмаларининг 148,6 трлн.сўм қисми жисмоний шахслар ва
322,9 трлн.сўм қисми юридик шахслар томонидан фойдаланилмоқда.

2024 йилнинг 1 январь ҳолатига муаммоли кредитлар улуши жами кредит қўйилмалари таркибида 3,5 фоизни ёки 16,6 трлн.сўмни ташкил қилган.

Муаммоли кредитлар улуши Бизнесни ривожлантириш банкида 8,9 фоиз, Халқ банкида 7,6 фоиз, Микрокредитбанкда 6 фоиз, Ипотека банкда 4,7 фоиз, Асакабанкда 4,4 фоиз, Агробанкда 3,8 фоизни ташкил қилиб, ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган.

Муаммоли кредитларнинг йилма-йил ўзгариши таҳлил қилинганда 2020 йил якунида 5,8 трлн.сўм, 2021 йил якунида 17 трлн.сўм,
2022 йил якунида 14 трлн.сўм ва 2023 йил якунида 16,6 трлн.сўмни ташикл қилиб, ўтган йилган нисбатан 2,6 трлн.сўмга кўпайган. 

Экспертлар томонидан билдирилган фикрларга кўра, муаммоли кредитларнинг ўсиши объектив омиллар биргаликда мижозларнинг ўзларига ҳам боғлиқ бўлмоқда.

Жумладан, бизнесни ташкил қилишда тажрибанинг етишмаслиги, мақсадсиз ишлатиш, маҳсулотларни сотишдаги муаммолар, таннархнинг ошиб кетиши натижасида рақобатбардошликнинг заифлашиши, молиявий саводхонликнинг етишмаслиги ва шу кабилар.

Муаммоли кредитларнинг салмоқли қисми жисмоний шахслар ҳисобига тўғри келаётганини ҳисобга олган ҳолда аҳоли ўртасида молиявий саводхонликни янада ошириш чораларини кўриш, бизнесни бошлаш учун амалдаги тизимни танқидий кўриб чиққан ҳолда “хатарсиз бизнес” ғояси асосида аҳолини тадбиркорликка ўргатиш лозимлиги таъкидланди.

Банклар томонидан мижознинг молиявий аҳволи ёмонлашганда кредитни муддатдан олдин ундириш, гаров мулкига тақиқ қўйиш орқали қийин аҳволдаги тадбиркорни янада қийин вазиятга солишдан, уларга мижоз топишда, ишлаб чиқаришини барқарор ташкил қилишда кўмаклашиш масалалари ҳам таклифлар сифатида билдирилди.

Шу билан бирга, қарийиб 24 трлн.сўм миқдордаги муаммоли кредитларни ундириш масаласи, келгусида янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишнинг молиявий манбаси эканлиги қайд этилди.

Пресс клуб давомида кун тартибидаги масала юзасидан вазирлик ва идоралар, банклар вакиллари ва депутатлар сўзга чиқиб, ўзларининг турли ҳил фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир якунида муаммоли кредитларни юзага келишига йўл қўймаслик мақсадида ЎзЛиДеПнинг барча даражадаги депутатлари ва фаоллари банклар билан бирга ҳамкорликда молиявий саводхонликни ошириш, бизнес хатарларини камайтириш, қийин аҳволдаги тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш бўйича амалий ишлар, тушунтириш-тарғибот тадбирларини тизимли амалга оширишга келишиб олинди. 

  • Кўрилди
    145
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+