Марказий Осиё иқтисодиёти – глобал аҳамиятга молик ўзаро боғлиқлик маркази

27.11.2023, 09:21

Марказий Осиё иқтисодиёти – глобал аҳамиятга молик ўзаро боғлиқлик маркази

Жорий йилда БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) таъсис этилганига 25 йил тўлди. Айтиш жоизки, СПЕКА 1998 йил 26 март куни Марказий Осиё президентлари, шунингдек, БМТ Европа иқтисодиёти комиссияси ҳамда Осиё ва Тинч океани учун БМТ Иқтисодиёти комиссиялари ижрочи котиблари томонидан имзоланган Тошкент декларацияси билан таъсис этилган.

Дастурнинг асосий мақсади иштирокчи давлатларнинг иқтисодий ривожланишига, ҳамкорликка, шунингдек, Европа ва Осиё иқтисодиётларини интеграция қилишга кўмаклашиш ҳисобланади. Ҳозирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон СПЕКАнинг иштирокчи давлатлари ҳисобланади. Европа иқтисодий комиссияси ва ЭСКАТО ҳамкорликда СПЕКА мамлакатларидаги БМТнинг доимий координаторлари билан яқин ҳамкорликда Дастур доирасидаги фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Дастурга ҳозирда Бокуда “СПЕКА ҳафталиги”га мезбонлик қилган Озарбайжон раислик қилмоқда. Форумда минтақанинг транзит йўналишларини диверсификация қилиш, рақамлаштириш, савдо ва транспортни ривожлантириш, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишдаги муҳим роли муҳокама қилинди. Боку шаҳрида, шунингдек, СПЕКАнинг қатор ишбилармонлар анжуманлари, жумладан, иқтисодий форум ва Марказий Осиё мамлакатлари саноат салоҳияти кўргазмаси ўтказилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Давлатимиз раҳбари СПЕКА биринчи саммитида иштирок этди.

Дастур доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, ҳудудий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида СПЕКАнинг Мақсадли жамғармасини ташкил этиш, транспорт йўлакларини рақамлаштиришга қаратилган “йўл харитаси”ни қабул қилиш, тадбиркорлик ташаббусларини илгари суриш ва бошқа масалалар сессия кун тартибидан ўрин олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида мазкур тарихий саммит кенг минтақамизни глобал аҳамиятга молик ўзаро боғлиқлик марказига айлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. Мазкур муҳим платформа Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда минтақавий шерикликнинг амалий механизми сифатида ўзининг ниҳоятда зарурлигини яққол кўрсатди. Унинг доирасида тижорат, коммуникация, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, энергетика, сув ресурслари, экология, гендер тенглиги ва бошқа соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 400 дан ортиқ лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди, савдони соддалаштириш ва инновацион ривожланиш стратегиялари қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича қатор амалий ташаббусларни илгари сурди. Дастурни иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш борасида янада таъсирчан минтақавий платформага айлантириш мақсадида шерикликнинг асосий йўналишлари бўйича ишчи гуруҳлар фаолияти самарадорлигини кескин ошириш, дастурнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди. БМТ Европа иқтисодий комиссияси ҳамда ЭСКАП экспертлари билан биргаликда “СПЕКА – 2030” тараққиёт концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Бу ва бошқа чоралар, давлатларимиз ўзаро савдо айланмасини ҳозирги 52 миллиарддан 2030 йилга бориб 100 миллиард долларга, унинг таркибидаги саноат маҳсулотлари улушини эса 70 фоизга етказишга хизмат қилади.

“Яшил” иқтисодиёт, инновациялар, юқори технологиялар, логистика, муқобил энергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, замонавий ижтимоий инфратузилмани яратиш ва бошқа соҳалардаги йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида СПЕКАнинг Мақсадли жамғармасини келгуси йилнинг ўзида ташкил этиш ва унинг амалий ишини йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.

БМТ ихтисослашган институтлари билан минтақада транспорт боғлиқлигини кучайтириш бўйича йирик лойиҳаларни фаол илгари суриш нияти билдирилди.

Ўзбекистон етакчиси СПЕКА доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича юқори даражадаги махсус ишчи гуруҳини тузишни ва унинг илк учрашувини келгуси йили Самарқандда ўтказишни таклиф этди. Сув, энергетика, экология ва қишлоқ хўжалиги соҳалари ўзаро узвий боғлиқ эканидан келиб чиқиб, СПЕКАнинг кенг кўламли янги концептуал ҳужжатини – кўп томонлама “Яшил стратегияси”ни қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди.

БМТ таҳлилларига кўра, сув тақчиллиги туфайли минтақамиз давлатлари ҳар йили қарийб 2 миллиард долларгача маблағ йўқотмоқда. Бундай мураккаб жараён янада кучайса, муаммолар комплекс ҳал этилмаса, келгусида аҳоли жон бошига сув билан таъминлаш кўрсаткичи 25 фоизга, ҳосилдорлик эса 40 фоизга қисқариб кетиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрига амалий ташрифи доирасида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди. Ўзбекистон – Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, шу жумладан олий даражада эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди.

Тизим ва самарали мулоқотлар туфайли Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани, амалий мазмун билан бойигани мамнуният билан қайд этилди. Йил бошидан буён товар айирбошлаш 34 фоизга ошди. Автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва ипакчилик тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Транспорт ва логистика соҳасида истиқболли лойиҳалар тайёрланмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, қабул қилинган резолюцияда БМТ Бош Ассамблеяси СПЕКАнинг минтақавий дастур сифатидаги муҳим ролини тан олган. Ўз навбатида, СПЕКА ўзаро англашув, иқтисодий ҳамкорлик ва минтақавий ривожланишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш лозим. Бокуда ўтказилган саммит СПЕКА мақсадларини татбиқ этишда зарур ресурсларни жалб қилиш учун янги имкониятлар яратмоқда.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    2244
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+