Партия сайловолди дастури

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – 
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг
IX Съездида (2019 йил 5 нояб
рь куни) тасдиқланган

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар  ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сайловолди дастури (платформаси)

Янги, қудратли, очиқ ва рақобатбардош Ўзбекистон

Мақсадимиз аниқ ва унга эришиш йўлларини биламиз!

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бу – мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг партиянинг VIII съездида қабул қилинган сайловолди дастури ҳамда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тўлиқ амалга ошириш масъулиятини ўз зиммасига олган сиёсий кучдир. Ушбу мақсад йўлида биз барча имкониятларимизни ишга солмоқдамиз.

Партия мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, ор-номуси, эҳтиёжлари ва манфаатларига қаратилганини алоҳида эътироф этади. Энг муҳими, биз бугун халқимиз ва давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бизнес ҳамжамияти, ҳаётнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган олижаноб мақсадларга эришиш ғоялари атрофида жипслашаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Ривожланишнинг ушбу босқичида жамият ва давлат ҳаётида эришилган марралар ва ютуқларни эътироф этган ҳолда партия ўз олдига қуйидаги аниқ вазифаларни қўяди:

– дунёнинг 50 та ривожланган, иқтисодиёти барқарор ўсаётган ва инсон капитали юқори бўлган, демократик давлатлари қаторига Ўзбекистоннинг киришини таъминлаш;

дунёнинг аксарият мамлакатлари “Тўртинчи саноат инқилоби” арафасида турган бир пайтда Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини ошириш, мамлакатнинг инновацион ривожланиш йўлидан жадал ҳаракатланиши, “билимлар иқтисодиёти” ҳамда “рақамли иқтисодиёт”, “ахборот жамияти” шакллантирилишига эришиш;

Ўзбекистоннинг бизнес юритиш ва инвестиция киритиш учун энг жозибадор мамлакатлар қаторидан ўрин олишини таъминлаш;

– Ўзбекистонни урбанизация кўрсаткичи 60 фоизга етган, замонавий шаҳарлар, мегаполисларга эга, янги технологиялар ёрдамида бутун мамлакат бўйлаб турмушнинг бир хил юқори даражаси таъминлаган, эркин ва бахтли одамлар яшайдиган қудратли ва салоҳиятли давлатга айлантириш.

Ушбу мақсадларга либерал-демократия тамойиллари, шунингдек, “Жадал янгиланишдан – жамият тараққиёти ва гуллаб-яшнаши томон”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, “Монополиянинг ҳеч қандай кўринишига йўл қўймаслик ва рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш, шахсий мулкни ҳурмат қилиш” каби тамойиллар амалга оширилган очиқ ва кучли фуқаролик жамияти, конституциявий парламент демократияси, эркин бозор иқтисодиёти шароитидагина эришиш мумкин. Партиямизнинг бош қадриятлариэркинлик, масъулият, ҳалоллик, адолатлилик, бағрикенглик ва имкониятлар тенглиги биз учун дастуриламал бўлиб қолаверади.

Биз бугун мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига юқори фуқаролик масъулияти ва замонавий дунёқарашга эга ёшлар кириб келаётганини алоҳида эътироф этамиз. Партия халқнинг фаровонлиги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр, янги, рақобатбардош ва халқаро ҳамжамият учун очиқ мамлакатни барпо этиш, унинг барқарор ривожланишини таъминлаш вазифаларини ҳал қилишга қодир, келажаги порлоқ, аҳил жамоага таянади.

Биз уларга тўла ишонамиз, бўлажак сайловларда энг муносибларининг номзодларини илгари сурамиз, бор кучимизни ислоҳотларнинг натижаси ҳар бир инсон ва унинг оиласи ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиши ва бу таъсирни улар бугунги кундаёқ сезишига йўналтирамиз.

I. ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯНГИЧА БОШҚАРУВ

Шахс, бизнес ва хусусий секторнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган профессионал парламент

Биз учун янги Ўзбекистон – кучли парламентаризм институти фаолият кўрсатаётган ва “Инсон давлат учун эмас, давлат инсон учун” тамойили амал қилаётган мамлакатдир.

Партиянинг бу борадаги устувор вазифалари қуйидагилардан иборат:

– парламентаризмни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, сиёсий партияларнинг ролини ошириш, халқ ҳокимиятини янада кучайтириш. Биз парламент сайловларида ғалаба қозонган партия нафақат Бош вазир номзодини, балки парламент қуйи палатаси Спикери номзоди, Ҳукумат таркибини таклиф этиши, сайловларнинг пропорционал тизимига ўтиш, ҳокимият органларининг ҳисобдорлигини ва очиқлигини таъминлаш мақсадида жамоат ва парламент назорати тўғрисидаги қонунларни замон талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш каби ғоялар тарафдоримиз;

– қонун ижодкорлиги борасидаги фаолият сифатини тубдан ошириш, қонунчилик базасини тизимлаштириш ва қонуности ҳужжатлари сонини кескин қисқартириш, қонун ижодкорлигида “ақлли тартибга солиш” модели элементларини қўллаш. Партиянинг қатъий позицияси – бизга тўғридан-тўғри, бевосита ишлайдиган қонунлар керак ва қонуности ҳужжатлари билан умуммажбурий нормалар белгилашни тўхтатиш зарур;

– “қонуннинг ягона манбаи ва муаллифи халқ экан, қонунлар инсон ва жамият ҳаётини яхшилаш, эркинлаштириш учун қабул қилинади”, деган олижаноб ғояни ҳаётга жорий этиш. Партия норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш ҳамда жамоат ташкилотларининг бу борадаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаб қўйиш мақсадида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоат муҳокамасини ташкиллаштириш тўғрисида”ги қонунни қабул қилишни таклиф этади;

– халқ депутатлари кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг ваколатларини кенгайтириш, энг муҳими, мазкур тузилмаларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, реал даромадларнинг барқарор ўсиши, турмуш даражаси ва сифатини ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ҳамда назорат қилиш бўйича масъулиятини кучайтириш. Биз халқ вакиллик органларининг фуқаролар учун очиқлигини таъминлаш, “Электрон парламент” ва “Электрон халқ депутатлари кенгаши” каби концепцияларни ҳаётга изчил татбиқ этиш тарафдоримиз.

Давлат бошқарувининг самарали ва барқарор тизими

Мақсадимиз – дунёнинг давлат бошқаруви сифати юқори даражага эга, ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилган 30 та давлати қаторига Ўзбекистоннинг киришига эришиш. Бизнинг қатъий позициямиз: давлат хизмати  бу – фуқароларнинг профессионал хизмат фаолияти. Давлат хизматида ўз касбининг усталари ишлаши шарт. Бу – давлат бошқаруви тизимининг самарали ва сифатли фаолият юритиши, жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш гаровидир!

Соҳадаги устувор вазифаларимиз қуйидагиларни назарда тутади:

– менежментнинг замонавий усулларини ва корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этиш, аутсорсинг дастурларини амалга ошириш. Биз давлат хизматига замонавий фикрлайдиган, янгича тафаккурга эга, бошқарувнинг инновацион, янада мослашувчан моделларини, жумладан, лойиҳа моделини (Agile, Scrum, Kanban, PRINCE2 ва бошқалар) ишлаб чиқиш ва жорий этишга лаёқатли етук мутахассислар, сиёсий партиялар, хусусий сектор вакилларини, кучли хорижий экспертларни жалб қилишни кўзда тутувчи янги кадрлар сиёсатини амалга ошириш тарафдоримиз. Партия “Давлат хизмати тўғрисида”, шунингдек,  давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятига волонтёрлар (кўнгиллилар)ни кенг жалб этиш, уларни касбга йўналтириш борасида “Волонтёрлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф этади;

– маъмурий ислоҳотлар концепцияси қоидаларининг тўлиқ ва самарали амалга оширилиши, ҳукумат, давлат институтлари ҳамда жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг барқарорлиги ва самарадорлиги, давлат хизматларининг сифати ва тезкорлигини таъминлаш. Партия, хусусан, барча давлат хизматларини BPR (Business process reengineering – бизнес жараёнини қайта ташкил этиш) тизими асосида соддалаштириш, давлат хизматларини кўрсатишга замонавий ахборот тизимларини кенг жорий этиш, “бир ойна” тамойили асосида кўрсатиладиган давлат хизматларини кенгайтириш;

– Ўзбекистоннинг изчил инновацион ва технологик ривожланишини таъминлаш мақсадида ушбу соҳанинг бошқарув тизимини такомиллаштириш ғоясини илгари сурамиз. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб этиш, бюджет маблағлари тасарруф қилинишининг шаффофлиги, давлат мулкидан фойдаланишнинг самарадорлиги ва мақсадлилиги каби муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаймиз.

Янги Ўзбекистон: “рақамли” ва ахборот жамиятига эга мамлакат

Партия ҳозирги ахборот жамияти шаклланиши шароитида, ахборот ва билимлар тараққиётнинг стратегик омилига айланган бир даврда мамлакат ривожланиши ва унинг рақобатбардошлигини таъминлаш замонавий ахборот-коммуникация ва “рақамли” технологиялар жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларига қанчалик жорий этилгани билан боғлиқ деб билади. Ушбу йўналишда биз қуйидаги комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф қиламиз:

– “Рақамли Ўзбекистон 2030” дастурини жорий этиш, “катта маълумотлар” (“Big data”), “блокчейн”, “ақлли”, “хавфсиз” шаҳар, “интернет буюмлар” технологияларини кенг жорий қилиш, телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш. Ушбу асосда мамлакат ЯИМнинг 30 фоизга ўсиши ҳамда юртимизнинг “рақамли иқтисодиётга тайёрлик” ва “АКТ ривожланиши” халқаро индекслари бўйича илғор давлатлар қаторига киришини таъминлаш;

– мамлакатдаги барча аҳоли пунктлари ва таълим муассасаларига замонавий оптик толали интернет алоқа тизимини олиб кириш ва интернет хизматлари нархини пасайтириш, ташқи интернет каналлари орқали интернет трафиклари сотиб олиш ва мамлакатга тарқатиш бўйича монополлашувга йўл қўймаслик;

– аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасида ўзаро самарали мулоқотни шакллантириш, ортиқча сансалорлик ва бюрократизмнинг олдини олишга қаратилган “Электрон ҳукумат” концепциясини изчил амалга ошириш;

– давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг ахборот ресурслари ва технологияларини янада тараққий эттириш, соҳада давлат-хусусий шерикчилик механизмини ривожлантириш. Хусусан, давлат кадастри ишларини юритишнинг тўлиқ рақамлаштирилишини таъминлаш ва мулкни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилини соддалаштириш. 

Ахборот соҳаси либераллашуви – жамият тараққиёти гарови

Партиянинг энг муҳим вазифаси ОАВни том маънодаги “тўртинчи ҳокимият”га, аҳоли эҳтиёжларини ҳокимият органларига етказишнинг таъсирчан воситаси, халқ ёрдамчисига, демократия кўзгусига айлантиришдан иборатдир. Давлат органлари фаолиятига танқидий ва холис баҳо бериш, турли соҳалардаги камчиликларни, долзарб муаммоларни аниқлаш ва ёритиш ОАВ фаолиятини баҳолашда бош мезон бўлиб қолиши лозим.

Бу борада биз мамлакатимизнинг глобал ахборот маконига уйғун кириб бориши ва интеграциялашуви, халқаро ахборот алмашинуви соҳасида мавқеини мустаҳкамлаш, ахборот маконидаги бозор муносабатлари ва адолатли рақобатни ривожлантириш, рақобатбардош нодавлат медиа-гуруҳларнинг вужудга келиши ва миллий журналистика институтини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этамиз.

Кучли ва адолатли фуқаролик жамиятига эга янги Ўзбекистон

Миллатнинг гуллаб-яшнашига фақат кучли ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этилган шароитдагина эришиш мумкин. Бунда барча қарорларни қабул қилишда фуқаролар ва уларнинг бирлашмалари фикрлари инобатга олинади.

Айни пайтда партия ижтимоий шериклик ва жамоат назорати институтларининг изчил кучайтирилиши, бошқарув функцияларининг аксариятини халқнинг ўзига, жамоат бирлашмаларига, ўзини ўзи бошқариш органларига, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига берилиши тарафдоридир. Партия соҳага оид миллий қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг чуқур таҳлили ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида қуйидагиларни таклиф этади:

– нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодексни қабул қилиш ҳамда халқаро амалиётда кенг тарқалган жамоатчилик назоратининг самарали ва таъсирчан шаклларини жорий этиш, уларни амалга ошириш механизмларини қонунда батафсил белгилаб қўйиш мақсадида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқиш;

– мамлакатда фуқаролик жамияти ривожланишини, жамият институтларининг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини, шунингдек, уларнинг мамлакатни социал-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини баҳолаш индикаторларини ишлаб чиқиш ҳамда келгуси беш йилликда мамлакатда фуқаролик жамиятини шакллантириш концепциясини қабул қилиш.

Партия жамиятда адолат тантанаси тамойили амалга оширилишини таъминловчи фуқаролик институтларининг кенг тармоғи шакллантирилиши тарафдоридир. Биз давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўта муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, янги инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш чораларини қўллаб-қувватлаймиз. Бу йўналишдаги устувор вазифамиз – фуқаролик жамияти институтларининг ҳаётий муҳим муаммоларни ҳал қилиш, мулкдорлар синфи манфаатларини ҳимоялаш соҳасидаги фаолиятини самарали ташкил этиш.

Ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини ҳар томонлама яхшилаш – тўғридан-тўғри демократияни амалга оширишнинг асосий йўлидир. Биз жамоат бошқарувида маҳалла фаолияти аҳамияти ва самарадорлигини ошириш, уни халққа амалий ёрдам кўрсатувчи мустақил, кучли ва таъсирчан фуқаролик институтига айлантириш тарафдоримиз.

II. ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ, ЭРКИНЛИКЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИ ТАЪМИНЛАНГАН ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТ

Янги Ўзбекистон – қонун ва адолат устуворлиги тамойиллари амал қиладиган мамлакат

Устувор вазифаларимиздан бири – дунёдаги “қонун устуворлиги индекси” юқори даражада бўлган 30 та давлат қаторига Ўзбекистоннинг киришини таъминлаш ва аҳолининг адолатли судловга ишончини ошириш. Инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоялаш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлов ҳолатини тубдан яхшилаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш.

Мустақил ва адолатли суд ҳокимиятига ишончни мустаҳкамлаймиз!

Биз судга бўлган ишонч ва ҳурматни юксалтирамиз. Биз учун суд фаолияти ва мустақиллигининг энг муҳим мезони – фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоялангани, адолатли судлов таъминлангани, якуний ва барқарор суд қарорларининг қабул қилинганидир.

Биз судлар фаолияти очиқлиги ва ошкоралигининг кучайтирилиши, “электрон ва рақамли суд” концепциясининг амалга оширилиши, судлар томонидан ўз фаолияти ҳақидаги ҳисоботларнинг халқ депутатлари Кенгашларига тақдим этилиши, маҳалла, корхона ва ташкилотларда кўчма суд йиғилишлари ўтказилишини – адолатли суднинг гарови, деб биламиз.

Партия суд тизимини такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, адолатли судловдан фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилган қуйидаги таклифларни илгари суради:

– хусусий мулк дахлсизлигини, тадбиркорлик ва тадбиркорларни ишончли ҳимоялашни таъминлашда судларнинг ролини кучайтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкларини бузиш, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкалари ва хусусий мулк объектларини олиб қўйиш ҳамда тадбиркорлик субъектларига берилган лицензияларни бекор қилиш бўйича қарорларнинг фақат суд томонидан қабул қилиниши, тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида кўрган зарарлари борасидаги даъволари муддатларини бекор қилиш ва муддатсиз эканини кафолатлаш, шу мақсадда “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиш;

– “Хабеас корпус” институтининг қўлланилиши соҳасини янада кенгайтириш, суд мустақиллигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ваколатларини қайта кўриб чиқиб, оптималлаштириш. Прокуратура органларининг суд ҳужжатлари бўйича протест келтириш ваколатларини бекор қилиб, уларни тегишли қарорлар бўйича шикоят қилиш ҳуқуқига алмаштириш, прокуратура ваколатларидан унга хос бўлмаган вазифаларни чиқариб ташлаш, тегишли ваколатларни ижро ҳокимиятига бериш. Прокурорларнинг мақоми, уларнинг мустақиллигини таъминлаш масалалари, танлаш ва хизмат поғоналаридан ўстиришнинг холис мезонлари қонунда аниқ белгиланган бўлиши, ҳокимиятлар бўлинишининг Конституциявий тамойилидан келиб чиқиб Мажбурий ижро бюросини Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказиш зарур;

– вилоятлар миқёсидаги судларни оптималлаштириш, бирлаштириш, ягона суд раиси бўйсинувига ўтказиш. Хусусан, маъмурий судлар томонидан оммавий, моддий ҳуқуққа оид ишлар ҳам амалда кўриб чиқилаётганини инобатга олиб, уларнинг мақомини қайта кўриб чиқиш;

– суд буйруғи институтини такомиллаштириш, унинг айрим турлари ўрнига судгача ҳал этиш механизмларини жорий этиш ҳамда боқиманда қарздорликни суд орқали ундириш масаласи ва механизмларини қайта кўриб чиқиш;

– халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлиги борасидаги конституциявий тамойилни ҳаётга изчил татбиқ этиш, судлар фаолиятида халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидаги тамойиллар ва нормаларнинг кенгроқ қўлланишига эришиш;

– суд тергови институтини такомиллаштириш, Судьялар олий кенгаши ваколатлари ва мақомини қайта кўриб чиқиш, унинг қарор ва хулосаларига нисбатан номзодларнинг шикоят қилиш ҳуқуқини назарда тутиш.

Мустақил адвокатура институти

Мақсадимиз – суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш. Тергов ва суднинг барча босқичларида, жиноий, фуқаролик, маъмурий ва хўжалик ишларини кўриб чиқишда адвокатнинг ролини ошириш асосий вазифаларимиздан саналади.

Адвокатура ва юридик хизматлар кўрсатиш институтларини ривожлантириш мақсадида партия қуйидагиларни таклиф этади:

– Адвокатлар палатасининг мустақиллигини амалда таъминлаш, унинг ҳузурида Адвокатлар академиясини ташкил этиш, адвокат мақомини олиш учун қўйилган стажировка муддати ҳақидаги талабни бекор қилиш, адлия тизимининг адвокатура соҳасига аралашувига чек қўйиш;

– адвокатура институти мустақиллиги, адвокатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоясини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилгани тўғрисидаги шикоятларини кўриб чиқиш ва тегишли баҳо бериш масалаларида парламентнинг роли ва аҳамиятини ошириш. Шу мақсадда Олий Мажлис қуйи палатасида адвокатура институтини мустаҳкамлаш комиссиясини ташкил этиш;

– нодавлат нотариат институти фаолиятини қайта тиклаш, кенг йўлга қўйиш, нотариал ҳаракатларнинг масофадан туриб, интерактив – электрон хизмат кўринишидаги фаолият соҳасини кенгайтириш, нотариусларнинг нодавлат бирлашма шаклидаги ҳамжамиятини тузиш ҳамда Нотариат тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрини ишлаб чиқиш;

– юридик хизмат кўрсатиш соҳасини янада такомиллаштириш, “Шартномавий ҳуқуқий база ва юридик хизмат тўғрисида”, “Текин юридик ёрдам тўғрисида”ги қонунларни ҳамда яхлит ҳуқуқий ҳимоя концепциясини ишлаб чиқиш, аҳоли онгида адвокатура ва нотариат институтларининг хизмат кўрсатувчи субъектлар экани тўғрисидаги қарашни шакллантириш, ушбу соҳада хусусий сектор ролини ошириш.

Коррупция устидан ғалаба қозониш ва “тоза қўллар” сиёсати

Мақсадимиз – коррупция устидан ғалаба қозониш, мамлакатимизнинг коррупцияни рад этадиган ва бу борада “ноль тоқатлилик”ка эришган давлатлар қаторига киришига эришиш. Бу борада биз қуйидагиларни таклиф этамиз:

– сиёсий арбоблар ва давлат хизматчиларининг маблағлари ва молк-мулклари ҳақидаги маълумотларни очиқлаштириш ва декларация қилишнинг янги тизимини жорий қилиш;

– давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмларини кучайтириш мақсадида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунни ва электрон харидлар тизимини такомиллаштириш;

– жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича ҳуқуқий ва ташкилий-амалий чораларни кучайтириш, қонунчиликдаги жазони оғирлаштириш ёки енгиллаштиришга оид нормаларни қўллаш жараёнидаги инсон омилини бартараф этиш;

– раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган, парламентга ҳисобдор, Прокуратура, ИИВ, ДХХдан мустақил фаолият юритадиган алоҳида давлат органлари – Коррупцияга қарши кураш ва Тергов департаментларини ташкил этиш;

– парламент палаталаридаги коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталарининг ваколат ва функцияларини кучайтириш.

Янги Ўзбекистон – либерал қонунлар, юксак ҳуқуқий маданиятга эга фуқаролар мамлакати

Биз маъмурий, жиноят, жиноят-процессуал ва хўжалик қонунчилигини янада эркинлаштириш, айрим жиноий ҳаракатларни криминаллаштиришдан холи қилиш, тадбиркорлик субъектлари жавобгарлигини либераллаштириш, жиноий жазолар ва улар ижросини инсонпарварлаштириш тарафдоримиз.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш, ювеналь юстицияни ривожлантириш, мулкчилик тўғрисидаги қонунчиликни тубдан такомиллаштириш, дунёда тан олинган юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари, хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқий мақомлари, аутсорсинг механизмини жорий этиш каби илғор тажрибаларни қонунчилигимизга имплиментация қилишни таклиф этамиз.

Фуқароларнинг ҳуқуқий билимлари ва онгини юксалтириш, жамиятда қонунни ҳурмат қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, ушбу йўналишда давлат тузилмаларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро самарали ҳамкорлиги ташкил этилишини муҳим, деб биламиз. Шахсий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “қонунда тақиқланмаган барча нарса мумкин” тамойилини ҳаётга татбиқ этишни таклиф этамиз.

III. ЭРКИН ВА РАҚОБАТБАРДОШ ИҚТИСОДИЁТ

Янги Ўзбекистон: рақобатбардош иқтисодиётга эга кучли давлат ва фаровон жамият

Биз давлат иқтисодий сиёсати самарадорлигининг бош мезони – мамлакат рақобатбардошлиги, фуқаролар ҳаёти сифати, оилалар фаровонлигининг изчил ва жадал юксалиши, деб биламиз.

Партия макроиқтисодий барқарорликни, барқарор юқори иқтисодий ўсиш суръатлари, давлат бюджети мутаносиблигини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлаш, бутун солиқ тизимини соддалаштириш, молия бозори барқарорлигини таъминлашга қаратилган мўътадил ва қатъий пул-кредит сиёсатини амалга оширишга йўналтирилган макроиқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлайди. Бунинг бирдан бир самарали йўли – бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, деб биламиз.

Биз иқтисодиёт ва хўжалик субъектлари учун солиқ юкини янада камайтириш, солиқ ставкаларини узоқ муддат ўзгармаслигини кафолатлаш ҳамда солиқ тўловчиларни бу борадаги ўзгаришлар юзасидан камида 2-3 йил олдин хабардор қилиш, тадбиркорлардан солиқ мажбуриятини тўлиқ бажаришни талаб қилиш билан бирга уларнинг манфаатларини тўла ҳимоялаш тарафдоримиз. Партия янги таҳрирдаги “Солиқ кодекси”га тегишли таклифлар киритиш ва “Солиқ – 2025” стратегиясини ишлаб чиқиш лозим, деб билади.

Қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит – барқарор ривожланиш гарови! Тадбиркорликка тўсқинлик – давлат сиёсатига тўсқинлик!

Партия Ўзбекистоннинг бизнес юритиш ва инвестиция киритиш учун энг жозибадор мамлакатлар қаторидан ўрин олишини таъминлаш, саноатнинг юқори технологияли тармоқларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинишини рағбатлантириш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштиришга йўналтирилган фаол инвестициявий сиёсат юритилиши тарафдоридир.

Энг муҳим вазифамиз – Ўзбекистоннинг “Бизнесни юритиш”, глобал рақобатбардошлик (GCI), инновациялар (GII), саноатнинг рақобатбардошлиги индекслари бўйича дунёнинг етакчи 50 та мамлакати қаторидан ўрин эгаллашига кўмаклашиш.

Партия қуйидагиларнинг амалга ошишини қўллаб-қувватлайди:

– бизнес юритишнинг олис истиқболга мўлжалланган имкониятини таъминлаш, бугунги кунда тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи юзлаб қонун ҳужжатлари мавжудлигини инобатга олиб ҳамда давр талабларидан келиб чиқиб тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ва либераллаштириш мақсадида ягона Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш;

– инвестиция фаолиятини амалга оширишнинг эркинлиги, инвесторлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, инвестициялар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш мақсадида ягона Инвестиция кодексини ишлаб чиқиш;

– Бизнес-омбудсман билан ҳамжиҳатликда ишлайдиган Инвестицион омбудсман институтини ташкил этиш, хорижий сармоядорлар учун тайёр инвестицион пакетларнинг электрон базасини шакллантириш ва тақдим этиш тизимини ишлаб чиқиш;

– янги эркин иқтисодий ҳудудларни ташкил этиш ва мавжуд ҳудудлар фаолиятининг самарадорлигини таъминлаш, экспортни рағбатлантириш ҳамда кўмаклашиш орқали унинг номенклатураси ва географик маконини кенгайтириш;

– сармоя жалб қилишда “парламент, партия ва бизнес дипломатия”си институтларидан кенг фойдаланиш, қўшни мамлакатлар билан савдо айланмасини рағбатлантирувчи механизмни ривожлантириш;

– Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқа иқтисодий ташкилотларга аъзо бўлиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

 етакчи халқаро ва хорижий молия институтлари билан алоқаларни кенгайтириш, жалб қилинган хорижий инвестициялар ва кредитлардан самарали фойдаланиш.

Иқтисодиёт ривожланишининг инновацион йўлига ўтишини рағбатлантирувчи рақобатбардош бозорни шакллантириш, рақобатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тенг имкониятларни яратиш ва ички бозорнинг монополлашувига йўл қўймаслик, давлат-хусусий шерикчилигини такомиллаштириш – партия иқтисодий сиёсатининг энг муҳим йўналиши. Давлат хизматлари сифатини ошириш, замонавий халқаро стандартлар ва корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, давлат харидларининг самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, давлат мулки хусусийлаштирилишини кенгайтириш ва соддалаштириш тарафдоримиз.

Ўрта ва кичик бизнес, эркин тадбиркорлик

Биз кичик бизнеснинг иш билан банд ходимлар сони, умумий пул айланмаси, саноатни ривожлантириш, иқтисодиётга инвестициялар киритилиши каби кўрсаткичлар  ҳамда унинг саноат ишлаб чиқарилишидаги улушини кўпайтириш, унинг мамлакат ЯИМдаги ҳиссасини 80 фоизга етказиш, хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес ва фермерлик ҳаракатини, айниқса, уларнинг шаклланиш босқичида қўллаб-қувватлаш тарафдоримиз.

Партия:

– “Ҳар бир оила – тадбиркор” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш, жамиятда фаол тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, мактабдан бошлаб олий таълим муасассаларида ҳам тадбиркорлик дарсларини ўтиш, тўгараклар ташкил этиш, жумладан, Тадбиркорлар академиясини, соҳага қизиқаётган ёшлар учун эса консалтинг марказларини ташкиллаштириш;

– ҳудудларда тадбиркорликнинг ривожланишига хизмат қилувчи инфратузилмаларни ҳар томонлама ривожлантириш, истиқболдаги ривожланиш стратегияларини белгилаш, шу мақсадда оптимал бошқарув қарорларини қабул қилиш;

– тижорат банклари, лизинг компаниялари ва бошқа молиявий ташкилотлар томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиялаштирилишини кенгайтириш, гаров таъминотини расмийлаштириш билан боғлиқ банк кредитлари бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш;

– экспорт-импорт тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бўйича давлат харидларини кенгайтириш;

– кичик бизнеснинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашуви, экспорт салоҳиятини ошириш ва диверсификациялаш, маркетинг тизимини ислоҳ қилиш, инновацион ва стратегик бошқарувни такомиллаштириш, маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш, хорижда миллий брендларни фаол илгари суриш каби ғояларнинг ҳаётга татбиқ этилишини таклиф этмоқда.

Партия йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес ўртасидаги саноат кооперациясини ривожлантиришга, саноат гуруҳлари, кластерларини шакллантиришга йўналтирилган тизимли чораларни амалга оширади. Иқтисодий кластерлар, бизнес гуруҳлар, давлат мулкини бошқариш борасидаги қонунчиликни ривожлантириш бўйича таклифларни илгари суради.

Инновацияларнинг бош манбаи, саноат ва фан, ишлаб чиқариш ва бозор ўртасидаги боғловчи бўғин – бу кичик бизнес. Партия кичик инновацион компанияларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чораларини таклиф этади. Энг муҳим вазифамиз – венчур корхоналар ва жамғармалар, “бизнес-фаришталар” – молиявий ва бошқа ресурсларни инновацион лойиҳаларга сарфловчи хусусий инвесторлар фаолияти ва “стартап”лар учун қулай шарт-шароитни яратишдан иборат. Корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ва инновацион ишларни солиқ имтиёзлари орқали рағбатлантиришни таклиф этамиз.

Саноатлаштириш ва янги технологиялар – иқтисодиёт рақобатбардошлиги асоси!

Мақсадимиз – 2030 йилгача саноатнинг (кимё, геология, ёқилғи энергетика комплекси ва бошқалар) мамлакат ЯИМдаги улушини 40 фоизга етказиш ҳамда бугун дунёнинг кўп мамлакатлари “тўртинчи саноат инқилоби” арафасида турган пайтда Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини, мамлакатнинг инновацион ривожланиш, “билимлар иқтисодиёти” ва “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш йўлидан жадал ҳаракатланишини таъминлаш. Иқтисодиётда асосий ўринни хомашёга чуқур ишлов бериш асосида тайёр, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи, якунланган технологик циклли ишлаб чиқариш эгаллаши лозим.

Партия, хусусан:

– ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босиш жараёнларини янада чуқурлаштириш, 2025 йилгача саноат корхоналаридаги 51 мингдан зиёд ускуналарни замонавийларига алмаштириш ҳамда шу асосда, жумладан, қўшилган қиймат яратишнинг ягона занжирини ҳосил қилиш, республикада ишлаб чиқарилаётган ип-калаванинг бутун ҳажмини қайта ишлаш ҳисобидан тўқимачилик маҳсулотлари эспорти ҳажмини 7 миллиард АҚШ долларига етказиш;

– саноатни инновацион асосда ташкиллаштириш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси, илмий-технологик ҳамда инновацион тадбиркорликни барқарор ривожлантириш, юқори технологияли ишлаб чиқаришлар, ноу-хауларни ўзлаштириш, корхоналарда инновацияларнинг жорий қилиниши, технологиялар трансферини таъминлаш учун технополислар, технопарклар каби эркин иқтисодий ҳудудлар ва илмий-ишлаб чиқариш кластерларининг барпо қилинишига  йўналтирилган қонунчиликни яратиш ва тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш каби таклифларни илгари суради.

Биз, шунингдек, стратегик инвесторлар ва дунёнинг етакчи компаниялари иштирокида узоқ муддатли ривожланиш дастурлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу дастурлар доирасида, жумладан:

– автомобилсозликни ривожлантириш, аҳолининг кенг қатламлари фойдаланишига мўлжалланган енгил автомобилларнинг янада замонавий моделлари ишлаб чиқарилишини ташкил этиш, енгил автомобиллар ишлаб чиқарилишининг маҳаллийлаштириш даражасини ўрта ҳисобда 75 фоизга етказиш;

– атом фани, технологиялари ва энергиясидан хавфсиз фойдаланиш инфратузилмасини, ядровий ва энергетик машинасозликни, ядровий ёқилғи ишлаб чиқарилиши ва атом энергетикасини ривожлантириш асосида, хусусан, умумий қуввати 2,4 ГВт га тенг АЭС иншоотини бунёд этиш ва ундан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш;

– иқтисодиётнинг космик тармоғини ривожлантириш, фазовий ва ер сунъий йўлдошлари билан боғлиқ технологияларни ҳамда инновацион ғоя ва ишланмаларни жорий этиш, ер сунъий йўлдошлари алоқасининг миллий тармоғини, давлат-хусусий шерикчилиги асосида ривожлантириш;

– “яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш орқали иқтисодиётнинг энергия ва ресурс сиғимдорлигини қисқартириш, ишлаб чиқаришга тежамкор технологияларни кенг жорий қилиш, қайта тикланувчи технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш, атом энергетикасини ривожлантириш. Шу асосда қайта тикланадиган ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда 2025 йилга қадар электр ишлаб чиқаришни 20 фоизга кўпайтириш, мамлакатни ишончли, хавфсиз, тежамкор ва самарали электр энергия манбаи билан таъминлаш. Ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига 2030 йилга қадар электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 20 минг мВтга етказиш ғоялари тарафдоримиз.

Фармацевтика саноатини ривожлантиришни иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани барқарор ривожлантиришнинг муҳим омили, деб биламиз. Тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, фармацевтик эркин иқтисодий ҳудудлар фаолиятини ташкил этиш, саноат плантацияларини яратиш ва доривор ўсимликларни етиштириш каби мақсадли дастурларни амалга ошириш асосида дори воситалари ва биологик фаол моддаларнинг ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаймиз.

Самарали сервис иқтисодиётига эга янги Ўзбекистон

Партия мамлакат ЯИМда хизмат кўрсатиш соҳаси улушини жадал ривожлантириш эвазига аҳоли бандлиги ва оилалар фаровонлигини таъминлаш тарафдори. Республикада хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришнинг 2020 – 2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини ишлаб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз ва уни ҳаётга татбиқ этиш масаласини кун тартибига қўймоқдамиз. Бу борадаги энг муҳим стратегик йўналиш – туризмни ривожлантириш ҳисобланади. Устувор вазифаларимиздан бири – Ўзбекистонни жаҳон туризмининг жозибали марказига айлантириш, юртимизни сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган дунёнинг 30 та давлати қаторига изчиллик билан киритиш. Шу мақсадда туристик кластерларни яратиш, соҳага стратегик шерикларни жалб қилиш, туризм саноатини жадал ривожлантириш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, миллий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уни жаҳон бозорларига олиб чиқиш (авиа ва темирйўл билетларининг онлайн тарзда сотилишини йўлга қўйиш, меҳмонхоналарни “бронлаш”, Wi-Fi билан қамралган ҳудудлар сонини ошириш, биотуалетлар тармоғини ташкил этиш, ижарага автомобиль хизматини йўлга қўйиш (Rent а Car) кабиларни таклиф этамиз.

Бу йўналишдаги асосий вазифаларимиз қуйидагилардан иборат: туризм равнақи учун махсус иқтисодий ҳудудларни яратиш, соҳанинг янги истиқболли турларини жадал ривожлантириш, туристик кластер, туристик зоналар, туристик индустриядаги хизматларни ташкил этишга ихтисослашган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, туристик инфратузилмани яхшилаш, туристик хизматлар кўрсатилиши соҳасига илғор жаҳон стандартларини жорий этиш, Low cost авиақатновларни йўлга қўйиш орқали сайёҳлар учун қулайликлар яратишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш; туристик инфратузилма фаолияти учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш.

Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш – барқарор ривожланиш гарови

Мақсадимиз – озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини 4 баробар ошириш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти йиллик ҳажмини камида 5 миллиард АҚШ долларига етказиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришнинг ўртача самарадорлигини ҳамда уларни ишлаб чиқарувчилар даромадини 2-3 баробар ошириш.

Биз тегишли йўналишлар бўйича қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширамиз:

– фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, қишлоқ аҳолиси ўртасида “Томорқа – қўшимча даромад манбаи!” шиорини кенг тарғиб қилиш, ер эгаларининг билим ва тажрибасини ошириш;

– қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш, интенсив боғлар ва токзорлар яратиш, органик қишлоқ хўжалиги, мева-сабзовот, озиқ-овқат, асаларичилик, балиқчилик, паррандачилик ва чорвачилик маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш. Биз қишлоқларда кичик ишлаб чиқариш корхоналари тармоғи, қишлоқ хўжалиги кластерлари (агрокластерлар), кўп тармоқли фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, уларга чуқур ишлов бериш, транспортда ташиш ва сотиш (экспорт қилиш) бўйича кичик ишлаб чиқариш корхоналари (“қишлоқ хўжалиги хаблари”) тармоғини ривожлантиришга оид қонунчиликни такомиллаштириш, “Кластерлар фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва бошқа амалий чораларни таклиф қиламиз;

– қишлоқда ишлаб чиқариш инфратузилмасини яратиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш, замонавий агротехнологиялар, селекция ва уруғчилик усулларини жорий қилиш, ер, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланишда ривожланган мамлакатлар даражасига етиш. Қишлоққа саноатни жалб қилиш тамойилини амалга ошириш, ҳар бир қишлоқда ҳудуд имкониятларидан келиб чиқиб ишлаб чиқариш корхоналари қуриш ғояларини илгари сурамиз;

– қишлоқ хўжалигида янада кўпроқ маҳсулдорликка эришиш мақсадида ҳудудларда ернинг балл бонитети ҳисобга олинган ҳолда экин турларини жойлаштириш, ҳудудларнинг ихтисослаштирилишини ҳаётга кенг жорий этиш;

– ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалигига замонавий сув ва ресурс тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, Сув кодексини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг янги селекция навларини ишлаб чиқаришга жорий этиш;

– қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи фермерлар, деҳқон ва томорқа ер эгалари манфаатларига хизмат қилувчи кооперативлар ташкил этиш ва улар фаолиятини такомиллаштириш.

IV. ИЖТИМОИЙ СОҲАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

Тўлиқ бандлик ва барча учун муносиб иш ўрни!

Партия мамлакатимизда ишсизлик, айниқса, ёшлар ўртасидаги ишсизлик муаммоси бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайди. Фуқаролар бандлигини тўлиқ таъминлаш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, янги иш ўринларини яратиш, меҳнат бозори инфратузилмасининг мувозанатланганлиги ва ривожланишига эришиш, ишсизлик даражасини қисқартириш – мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим шарти. Биз “Тадбиркорлик – аҳоли бандлигининг гарови!” ғояси ҳаётимизга тўлиқ жорий этилишига интиламиз ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси амалиётини қўллаб-қувватлаймиз.

Партия мазкур йўналишда қуйидаги чора-тадбирларни таклиф этади:

– иш ўринлари захирасини яратиш, аҳоли, жумладан, хотин-қизлар, ногирон шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож бошқа тоифалари, энг аввало, ёшларни ишга жойлаштиришда янги усуллардан фойдаланиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, реал иш ҳақининг барқарор ўсишига кўмаклашувчи солиқ сиёсатини амалга ошириш;

– оилавий тадбиркорлик, касаначилик, томорқа хўжалиги ва хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар оилавий бюджети даромадларини ошириш. Биз оилавий тадбиркорлик, касаначилик, томорқа хўжалиги ва хусусий бизнес билан машғул фуқароларнинг замонавий машиналар, ускуналар, хомашё ва материаллар харид қилиши учун молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини янада яхшилаш, уларга маркетингни ўргатиш ҳамда касаначилик маҳсулотлари (ишлар ва хизматлар) ишлаб чиқарилишини ташкил этиш мақсадида буюртмачиларни излаш, бозорда  талаб катта бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариши учун тадбиркорликнинг бошқа субъектлари билан кооперацияга киришиши тарафдоримиз;

– бозор талабларини ҳисобга олган ҳолда ишга жойлашишга муҳтож шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш. Ўзбекистоннинг халқаро ишчи кучи бозорига босқичма-босқич кириб бориши, меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, ўз уйи, оиласини ташлаб узоқ юртларда даромад топиш мақсадида ишлаётган юртдошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари кафолатларини кучайтириш, жамиятда уларга нисбатан билдирилаётган ҳар қандай салбий муносабат ва фикрларга қарши туриш ҳамда давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган алоҳида “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш;

– жамиятдаги муаммоларга тадбиркорлик орқали ечим топишнинг самарали усули сифатида “ижтимоий тадбиркорлик”ни қўллаб-қувватлаш, уни ривожлантириш концепциясини қабул қилиш, устоз-шогирд анъанасини давом эттириш, рағбатлантириш.

Барча учун қулай, сифатли ва профессионал тиббиёт

Мақсадимиз – Ўзбекистоннинг дунёда соғлиқни сақлаш тизимида юқори самарадорликка эришган энг илғор 30 та мамлакат қаторига кириши, оналар ўлими кўрсаткичини учдан бир қисмга, чақалоқлар ва беш ёшгача бўлган болалар ўлимини - икки баробар, аҳоли ўртасида юрак-қон томир, онкологик касалликлар, қандли диабет ва сурункали респиратор касалликлардан ўлим ҳолатларини 30 фоизга камайишига эришиш. Ана шу мақсадларга эришиш учун партия қуйидаги устувор вазифаларни белгилаб олган:

– соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, суғурта соҳасини ривожлантириш ва аҳоли соғлигини суғурталаш тизимини жорий этиш, давлат-хусусий шериклик тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиш, хусусий тиббиётни ривожлантириш орқали малакали тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда тиббиёт туризмининг юксак халқаро мезон ва стандартларга мослигини таъминлаш;

– мамлакат соғлиқни сақлаш тизими, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматларни дунёдаги илғор мезонлар даражасига олиб чиқиш, касалланиш кўрсаткичларини пасайтириш ва аҳолининг узоқ умр кўришини таъминлашга йўналтирилган “Ақлли тиббиёт” концепциясини жорий этиш;

– замонавий ускуналар билан жиҳозланган, малакали кадрлар билан таъминланган, юқори технологияли ва самарали тиббий хизмат шаклланиши, тиббиёт муассасаларининг илмий, услубий ва таълимга оид салоҳияти ривожланишига, соғлиқни сақлаш тизимида инновацион диагностика воситалари ва усуллари жорий этилишига кўмаклашиш;

– юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича узоқ муддатли давлат стратегиясини (дастурини) ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, аҳолини арзон нархдаги сифатли дори воситалари билан таъминлаш;

– шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шифокор ва аҳоли ўртасидаги муносабатларнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш ва уни қонун даражасига кўтариш, шифокорларга узоқ муддатли ипотека кредитлари тақдим этилишини жорий этиш ва уларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини кўтариш. Давлат тиббиёт муассасалари шифокорлари ўртасида ҳар йили “Йил шифокор-олими”, “Йил шифокор-тадқиқотчиси” “Йил эркак шифокори”, “Йил аёл шифокори” “Йил ҳамшираси”, “Йил тез тиббий хизмат ҳайдовчиси” каби танловлар ўтказилишини йўлга қўйиш;

– жамиятда соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини шакллантириш, оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, болаларда, айниқса, қизларда жисмоний тарбия ва спортга муҳаббат уйғотиш. Партия “Фарзандлари соғлом юртнинг келажаги буюкдир” тамойилини ҳаётга изчил жорий қилиниши тарафдори.

Янги Ўзбекистон: инсон камолоти ва иқтидори қадрланаётган мамлакат

Мақсадимиз – Ўзбекистоннинг таълим ва интеллектуал ривожланиш даражаси бўйича дунёда энг юқори рейтингга эга 30 та давлат қаторидан жой олишини таъминлаш. Юксак инсон капитали, жамиятни интеллектуаллаштириш, мактаб, ўрта махсус ва олий таълим тизимида рақобат муҳитини шакллантириш, давлат-хусусий шерикчилик ва хусусий сектор ресурсларидан кенг фойдаланиш, “фуқароларни бутун умри давомида ўқитиш” моделини ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини ривожланган давлатлар даражасига (50 фоиздан кам бўлмаган) етказиш  мамлакат рақобатдошлиги гаровидир.

Партия бу борада қуйидаги вазифаларни устувор деб билади:

– таълим тизимида рақобат муҳитининг шаклланиши, хусусий сектор ресурсларидан фойдаланиш, давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш ҳисобига 3-7 ёшлардаги болаларнинг 73,1 фоизи ҳамда 6 ёшдаги барча болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олинишига эришиш;

– ҳар бир туманда камида тўрттадан хусусий мактаблар барпо қилинишига эришиш, соҳада давлат-хусусий шерикчилиги ва хусусий хизматларни жадал ривожлантириш ҳисобидан болалар учун спорт, мусиқа ва санъат мактаблари қурилишини қўллаб-қувватлаш, ана шундай объектларни реконструкция қилиш орқали болаларни оммавий спорт, мусиқа ва санъат дунёсидан баҳраманд қилиш, уларнинг бу борадаги эҳтиёжларини тўлиқ қондириш. Инглиз тили, информатика ва бошқа талаб юқори бўлган фанларни, жумладан, математика, физика, кимё, биологияни чуқурлаштирилган тарзда ўргатиш соҳасида хусусий секторнинг улкан имкониятларини ишга солиш;

– таълим-тарбия соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, Таълим тўғрисидаги кодексни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, унда таълим муассасаларини молиялаштириш, фаолиятини баҳолаш методологияларини жорий этиш ҳамда олий таълимда молиявий мустақилликни белгилаб берувчи қоидаларни баён этиш, мамлакатимиз халқ таълими тизимига ривожланган давлатлар тажрибаларини кенг жорий этиш, ҳудудларда таълим самарадорлиги мониторингини юритиш, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш;

– илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятнинг қўллаб-қувватланиши, амалиётга илмий ва инновацион ютуқларнинг жорий қилинишини рағбатлантириш, давлат-хусусий шерикчилиги, бизнес жамоалар ҳамда илмий-тадқиқот ва академик марказлар, муассасалар шерикчилиги институтини қўллаб-қувватлаш. Биз мазкур шерикчилик асосида ташкил қилинган замонавий лабораториялар, юқори технологиялар марказлари, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари қошидаги технопарклар, илмий-экспериментал ихтисослашган марказлар тармоғини ривожлантириш тарафдоримиз. Бунда қуйидаги масалаларга алоҳида аҳамият қаратамиз: илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, олий ўқув юртларида академик фан ва таълим жараёни интеграциясини чуқурлаштириш, ёш олимларни илмий-тадқиқот фаолиятига жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳамда технологиялар трансферини тижоратлаштириш, ишланмаларни патентлаш, лицензиялаш ва бошқалар.

Янги Ўзбекистон – бахтли инсонлар мамлакати. Ривожланган ҳудудлар – қудратли Ўзбекистон демак

Мақсадимиз – мамлакатимиз урбанизация даражасини 2030 йилга қадар 60 фоизга етказиш, бутун аҳолининг, жумладан, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг базавий захиралар (ер участкаси, технология, кредит ва бошқалар)дан фойдаланишлари учун қулай иқтисодий ва молиявий шарт-шароитлар билан таъминланишига эришиш. Биз тенг имкониятлар, турмушнинг юқори даражаси ва барча учун бирдек фаровонликни таъминлаш тамойилларини ҳаётга татбиқ этилишини қўллаб-қувватлаймиз.

Партия янги Ўзбекистоннинг янги қиёфасини ривожланган инфратузилмага эга замонавий шаҳарлар ва қишлоқлар ташкил этиши, замонавий технологиялар воситасида бутун мамлакат аҳолиси турмушининг юқори даражаси таъминланиши, урбанизация жараёни халқ билан мулоқот асосида лойиҳалаштирилиши зарур, деб ҳисоблайди. Бу борадаги устувор вазифалар сирасига қуйидагилар киради:

– ҳудудларнинг табиий, маъданли хомашё, саноат, қишлоқ хўжалиги, туристик ва меҳнат салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишини таъминлаш. Биз ҳар бир туман ва маҳалла кесимида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини қўллаб-қувватлаймиз;

– аҳолини, энг аввало, ёш оилаларни арзон ва замонавий қулай уй-жой билан таъминлаш, аҳоли учун яшаш жойи атрофида иш жойларини яратиш, коммунал-маиший хизматлар, аҳолининг тоза ичимлик суви,  электр энергияси ҳамда ишончли ва замонавий энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш имкониятини янада ошириш, соҳада хусусий секторни ривожлантириш;

– мамлакатимиздаги шаҳарларни дунёнинг ривожланган мегаполислари модели асосида тараққий эттириш. Биз  шаҳарларимизни ишбилармонлик ва бизнес марказларига, тан олинган фан, маданият, маърифат ва маънавият марказларига айлантиришни, “ақлли ва хавфсиз шаҳарлар” концепцияларини, шунингдек, шаҳарлар ва қишлоқлар ривожланишининг узоқ муддатли дастурлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таклиф қиламиз. Ушбу дастурлар ҳар бир юртдошимизга ғамхўрлик қилиш, илғор амалиётлар асосида барча масалаларни самарали ва оқилона ҳал қилиш, иқтисодиётнинг бизнес драйвери сифатида шахсий ташаббусни рағбатлантириш, ҳокимликларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш каби тамойилларга асосланади;

– уйсозлик ва лойиҳалаштиришда аҳолининг бу борадаги эҳтиёжларини ҳисобга олиш, хавфсиз, ранг-баранг ва эстетик жозибали муҳитни яратиш, жумладан, имкониятлари чекланган шахсларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олинган янги замонавий технологиялардан фойдаланишни рағбатлантириш;

– аҳолига транспорт хизматлари кўрсатилишини тубдан яхшилаш, йўловчи ташишнинг хавфсизлиги ва қулайлигини ошириш, йўл инфратузилмасини барпо этиш ва реконструкция қилиш.

Партия ҳар қандай жамиятнинг маданияти даражаси унинг кексалар ва хотин-қизларга бўлган муносабати билан белгиланади, деб ҳисоблайди. Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг муносиб меҳнат қилиши ва  қобилиятлари,  салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш, жамиятдаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлашга кўмаклашиш партиянинг ўта муҳим вазифаларидан бўлиб қолаверади. Биз:

– хотин-қизлар тадбиркорлиги ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, мамлакат равнақи, халқ фаровонлиги ва инновацион лойиҳалар амалга оширилишига салмоқли ҳисса қўшаётган фаол, тадбиркор хотин-қизлар ва фермерларни рағбатлантиришга, уларнинг фаолияти ва илғор иш тажрибасини оммалаштиришга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширамиз;

– ижтимоий бизнесни ривожлантириш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш тарафдоримиз, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, энагалар, ҳайдовчилар, уй ишчилари меҳнатига оид қонунчиликни ривожлантириш, ушбу хизматлар бўйича фирмалар ташкил этиш ва уларнинг хизматидан фойдаланганлар учун мол-мулк солиғидан чегирмалар ажратиш тарафдоримиз;

– “Оила соғлом ва бахтли бўлса, бутун жамият гуллаб-яшнайди” тамойилини амалга ошириш, оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларни қўллаб-қувватлаймиз. Оила қанчалик мусаҳкам бўлса – жамият шунчалик кучли, давлат эса қудратли бўлади! Биз оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига, энг аввало, унинг иқтисодий асосларини яхшилаш – оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантириш нуқтаи назаридан ёндашамиз;

“Турмуш қурган аёлларнинг фуқаролиги тўғрисида”ги халқаро Конвенцияга Ўзбекистоннинг қўшилиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида вақтинчалик ишларни бажарувчи аёлларни ҳисобга олиш марказлари ташкил қилиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий кафолатларини қонуний мустаҳкамлаш тарафдоримиз.

Аҳолининг ночор қатламлари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ижтимоий хизмат кўрсатилишини яхшилаш, аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатилишида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш устувор вазифаларимиз сирасидан ўрин олган.

Партия имконияти чекланган, ногирон шахслар ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси, деб ҳис этиши, ўз бизнесини йўлга қўйиб, келажагини ўз қўли ва ҳаракатлари билан барпо этадиган реал шарт-шароитларни яратишга интилади.

Баркамол, эркин, кучли ва жасур ёшлар – жамият таянчи, келажагимиз бунёдкорлари

Ҳар жиҳатдан баркамол, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий қарашларга эга ёшларни тарбиялаш, уларнинг интеллектуал, маънавий салоҳиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш партиянинг муҳим вазифаларидан бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда.

Давлатнинг ёшлар сиёсатини амалга ошириш, ёшлар ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришда бошқарув органлари, фуқаролик жамияти институтлари, хусусий секторнинг қизғин ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаймиз. Устувор мақсадимиз – барча ёшлар учун ижтимоий-сиёсий истиқболни яратиш, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга фаол жалб қилишдан иборат. Шунингдек, биз ёшларни ижтимоий ҳимоялаш, ёш оилалар учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ёшлар учун уйлар қуриш бўйича самарали ишлар амалга оширилишини қўллаб-қувватлаймиз.

Партия ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши учун зарур шарт-шароит яратилиши, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари, меҳнат бозори ва иқтисодиёт эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ёшларни касбга йўналтириш масалаларининг самарали ҳал қилинишига ҳар томонлама кўмаклашиш тарафдори. Биз ёшларнинг ўз бизнесини йўлга қўйиши, старт-ап лойиҳаларини амалга ошириши, ёшлар тадбиркорлиги кластерларини яратишига қаратилган чораларни қўллаб-қувватлаймиз. Шунингдек, мамлакатнинг олий ўқув юртлари қошида ёшлар инновацион марказларини ташкил қилиш ва ривожлантиришга қаратилган ишларни ёқлаймиз.

Биз ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, улар орасидан ҳақиқий етакчиларни камолга етказиш, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, она Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик туйғусини қарор топтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз.

Ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий маданияти ва онгини ошириш, уларда фаол фуқаролик позициясини, сиёсий жараёнларга онгли муносабатини, турлича ташқи ва ички таҳдидларга қарши мустаҳкам мафкуравий иммунитетини шакллантириш, болаларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш партиянинг энг муҳим вазифаларидир.

Ишонамизки, келажагимиз айнан интеллектуал салоҳияти юксак, маънан камолга етган, ўз кучи ва имкониятларига ишонувчи, кучли фуқаролик позициясига эга соғлом ёшлар қўлида!

V. ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН: ХАВФСИЗ, ТИНЧ ВА БАРҚАРОР МАМЛАКАТ

Кучли армия – хавфсизлик ва барқарорлик, халқнинг фаровон ҳаёти кафолати

Партия демократик ва ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар, халқнинг маънавий ривожланишига фундаментал вазифа – мамлакат хавфсизлигини, жамиятда тинчлик, барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва фуқаролар ҳамжиҳатлигини таъминламасдан эришиб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Конституциявий тузум ва суверенитетимизни, ҳудудий яхлитликни ҳимоялаш, мамлакатнинг мудофаа лаёқатини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг салоҳиятини ошириш масалалари ҳар доим биз учун устувордир. Хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги партия фаолиятининг негизида “Ўзбекистон халқига тинчлик ва осойишталик керак” тамойили туради.

Биз миллий армиямизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлаймиз. Партиянинг бу йўналишдаги асосий мақсади – миллий хавфсизлик каби ўта муҳим соҳани қонунчилик йўли билан тартибга солиш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоялаш самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада давлат дастурларини амалга оширишдан иборат. Партиянинг фикрича, ҳарбий хизматга муносиб ҳақ тўланиши керак. Армияда хизмат қилиш ҳар бир ёш, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун ғурур, мардлик ва ватанпарварлик тимсоли бўлмоғи лозим.

Миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик – жамият ва давлатнинг муҳим қадриятлари

Партия бағрикенглик, инсонпарварлик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликнинг мустаҳкамланиши, дўстлик, ҳамжиҳатлик, тинчлик ва барқарорлик муҳити бардавом бўлишини давлат ҳамда жамият ривожланишининг энг муҳим ва зарурий шарти, деб билади.

Биз мамлакатимизнинг қуйидагиларга асосланган миллий сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз: тенг ҳуқуқ ва эркинликларнинг амалда бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мақомидан қатъи назар, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрлар хилма-хиллиги шароитида ижтимоий ҳаётни ривожлантириш, турли миллатлар ва элатлар вакилларининг тили, урф-одатларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг тараққий этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш. Ўзбекистонда қарор топган ижтимоий ва сиёсий барқарорлик, миллатлараро тенглик ва фуқаролар тотувлиги олиб борилаётган оқилона сиёсат самарасидир.

Биз фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллатлар ва элатларнинг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш борасидаги улкан хизматларини эътироф этамиз. Биз хорижий давлатлар билан миллатлараро муносабатлар ва дўстлик алоқаларини уйғунлаштириш масалаларини ҳал қилишда парламент ва халқ дипломатияси салоҳиятидан юқори даражада фойдаланишга кўмаклашамиз.

Биз “Инсон эътиқодсиз яшай олмайди”, “Дунёвийлик – даҳрийлик эмас” тамойилларини изчиллик билан ҳаётга татбиқ қилиниши, эътиқод ва виждон эркинлиги, давлатнинг дунёвий характери тўғрисидаги конституциявий меъёрларнинг тўла-тўкис амалга оширилиши тарафдоримиз. Турли диний бирлашмалар билан уларнинг имкониятларидан маънавий юксалиш, умумиинсоний қадриятларни қарор топтириш мақсадида мулоқот қилиш сиёсати тарафдоримиз. Дин халқнинг маънавий таянчи ва покланишининг ҳақиқий воситаси бўлиб хизмат қилиши, одамларни тинчликка, хайрли ва савобли ишларга ундаши, этник, лисоний, диний фарқларга қарамай, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик каби азалий қадриятларга даъват этиши керак.

 Биз жамиятда бағрикенглик муҳитининг янада мустаҳкамланиши, турли динларни нотўғри талқин қилувчи, уларнинг ниқоби остида тинч ва осойишта ҳаётга раҳна солишга интилувчи бузғунчи кучларга қарши қатъий кураш тарафдоримиз. Биз маданий ва диний экстремизмга қарши кураш сиёсати, энг аввало, “Жаҳолатга қарши маърифат билан”, “Маърифат ва таълим – тинчлик ва бунёдкорлик йўли” тамойилларининг ҳаётга изчил татбиқ қилиниши асосида олиб борилишини қўллаб-қувватлаймиз. Айнан маърифат ва таълим халқларнинг гуллаб-яшнашига хизмат қилувчи, одамларни хайрли ишларга, меҳр-мурувватга, бағрикенгликка етакловчи омилдир. Бизнинг фикримизча, бундай ёндашув – давр талаби.

Биз буюк аждодларимиз меросини, уларнинг жаҳон цивилизацияси равнақига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур ўрганиш, англаш ва кенг оммалаштириш, конфессиялараро, миллатлараро ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, тинчлик ва ҳажиҳатликни таъминлаш тарафдоримиз.

Ишончимиз комилки, юртимизда истиқомат қилувчи турли миллат ва конфессиялар вакиллари Ўзбекистонни ўз уйи деб ҳисоблайди, мамлакатимиз ягона халқини ташкил этади, ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳитида яшашга, жамиятдаги тинчлик, ҳамжиҳатлик ва барқарорликни асрашга интилади.

Самарали, ўзаро манфаатли, конструктив ва прагматик ташқи сиёсат

O‘zLiDeP мамлакатнинг қуйидаги фундаментал тамойилларга асосланган ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлайди: умумқабул қилинган халқаро меъёрлар ва тамойилларга содиқлик, ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, юзага келаётган низолар ва келишмовчиликларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал қилиш.

Парламент, халқ дипломатияси ва хусусий сектор имкониятларидан фойдаланиб, биз давлатнинг ташқи сиёсат соҳасидаги энг муҳим вазифаси  – Марказий Осиёни барқарор ривожланаётган ва яқин қўшничилик муносабатлари қарор топган ҳудудга айлантиришга  кўмаклашамиз.

Биз, энг аввало, халқимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, яқин ва узоқ хорижий мамлакатлар, бутун дунё ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликни давом эттиришга йўналтирилган ташқи сиёсий фаолиятни қўллаб-қувватлаймиз. Биз тинчликпарвар, очиқ, оқилона сиёсат юритилишига содиқ бўлиб қоламиз.

БМТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар, турли иқтисодий ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига ҳамоҳангдир. Биз халқаро иқтисодий ва молия-банк тузилмалари, хусусан, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом ривожланиш банки, Халқаро валюта жамғармаси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон савдо ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва бошқа халқаро молиявий ва иқтисодий ташкилотлар билан амалий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратамиз.

Ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг тегишли меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, етакчи хорижий сиёсий партиялар билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳам устувор мақсадларимиз сирасидан ўрин олган.

Партия бундан кейин ҳам тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ва илғор технологияларни миллий иқтисодиётнинг устувор соҳаларига жалб қилиш, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг энг муҳим йўналишлари бўйича Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини илгари суришда партиялараро ҳамкорлик механизмларидан фойдаланади. Жумладан, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликнинг ўрнатилиши, Орол ҳалокати ҳамда ҳозирги даврнинг турли экологик муаммоларини ҳал қилиш, жаҳоннинг йирик бозорларига чиқиш имкониятини берадиган транспорт-коммуникация йўлакларининг кўп вариантли тизимларини шакллантириш учун истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқа масалаларга алоҳида эътибор қаратади.

Электорат манфаатидан келиб чиқиб, партия Ўзбекистондаги хўжалик юритувчи субъектларнинг хорижда савдо ваколатхоналари очилишига, уларнинг турли халқаро тадбирлар ва кўргазмаларда иштирок этишига, чет элларда мамлакатимиз фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар томонлама ҳимоя қилинишига фаол кўмаклашади.

Юқорида баён этилган асосий мақсад ва вазифаларни илгари суриб, партия жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини эркинлаштириш мақсадида иш олиб борувчи сиёсий куч сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлашга интилади.

- O‘zLiDeP аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатлари ҳамда жонажон Ўзбекистонимизнинг равнақига хизмат қилувчи қарорлар қабул қилинишига астойдил ҳаракат қилади.

- O‘zLiDeP – бунёдкорлар партияси!

- Биз, ислоҳотлар йўлидаги ҳар қандай тўсиқларни енгиб, зиммамиздаги вазифаларни ҳалоллик ва масъулият билан бажаришга тайёрмиз!

- Бетакрор юртимизга, олижаноб халқимизга садоқат билан хизмат қилиш – ҳар биримиз учун юксак шараф ва муқаддас бурч!

- Фаровонлигимиз бунёдкорлари – тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатини тўла ифода этамиз.

- Мақсадимиз – Янги Ўзбекистонни олижаноб халқимиз билан бирга барпо этиш ва унинг буюк келажагини таъминлаш!

  • Кўрилди
    1730
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш