Билимли, ташкилотчи, ташаббускор ёшлар қўллаб-қувватланмоқда

08.04.2022, 13:59

Билимли, ташкилотчи, ташаббускор ёшлар қўллаб-қувватланмоқда

O’zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши ташаббуси билан Наманган Давлат университети тарих факультети талабалари иштирокида “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси доирасида тадбир ўтказилди.

Уни партия вилоят кенгаши аппарати раҳбари Орифжон Маҳмудов қисқача кириш сўзи билан очди. У партия Дастури, унда ёшларга берилган имкониятлар, хусусан, “Янги авлод кадрлари” лойиҳасининг мазмун-моҳият ҳақида тушунча берди. Айниқса, партия тавсияси билан давлат бошқаруви идораларида ишлаётган ташаббускор ёшлар, тадбиркорлар, депутатлар фаолияти ҳақидаги маълумотлар талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Партия вилоят Кенгаши масъул ходими Комилжон Файзиев эса Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси  ва унинг еттита устувор йўналиши, ундан келиб чиқиб белгиланган вазифалар, мақсадлар, хусусан, ёшларга билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари, тадбиркорлик билан шуғулланишлари, 3-4-босқичларда ўз йўналишлари бўйича ҳам ўқиб, ҳам ишлашлари учун  яратилган имконият ва  имтиёзларга кенг тўхталди. 

Партия вилоят Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, Давлат хизматлари маркази вилоят бўлими директори ўринбосари Иброҳим Ҳоджиев дастлаб ўз ҳаёти мисолида, яъни 25 ёшида мазкур партия номидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлганлиги, қонунларнинг яратилиш жараёнларидаги иштироки, кўп вилоятларда, хорижий мамлакатларда хизмат сафарида бўлганлиги ва улардан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.

Тадбирнинг музокара қисми ҳам  баҳс-мунозараларга жуда бой бўлди. Сўзга чиққанлар битирувчи талабаларни солиқ идораларига ишга жойлаштириш бўйича бошланган тажрибани эътироф этганлари ҳолда буни тижорат банкларида ҳам қўллаш, сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат муҳити, унда O’zLiDePнинг тутган ўрни, ёшларнинг Олий Мажлис палаталари йиғилишларида, маҳаллий кенгашларнинг сессияларида иштирокини таъминлаш бўйича  таклиф-мулоҳазаларини айтдилар, 4 нафар талаба эса тарғибот тадбиридан хулоса қилганлари ҳолда партияга аъзо бўлиш истагини билдирдилар.

O’zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    640
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+