Депутатлик эшитуви: Сирдарёда электр энергияси ҳамда бюджет ижроси бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди

02.08.2022, 12:17

Депутатлик эшитуви: Сирдарёда электр энергияси ҳамда бюджет ижроси бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги эшитуви бўлиб ўтди. Унда депутатлар дастлаб Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан “Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раиси ўринбосарининг ҳисоботини тингладилар.

Ҳисоботга кўра, 2022 йилнинг январь-июль ойлари давомида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши жами 1589 та бўлиб, шундан, 1083 таси ижобий, 567 тасига тушунтириш ишлари берилган, ҳозирда 39 таси жараёндадир. Мурожаатлар асосан, электр энергияси билан сифатсиз таъминлаш (ўчиш), электр тармоғи қуриб бериш, тармоққа уланиш, симёғоя ҳамда ТП ўрнатиб бериш, ходимлар ҳаракатидан норозилиги, қарздорликка аниқлик киритиб бериш бўйича тушмоқда.

Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига асосан, “Сирдарё ХЭТК” АЖ томонидан 2022 йилда бажарилаётган реконструкция ишлари тўғрисида ҳам батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Унга кўра, Гулистон шаҳарнинг “Дўстлик” ҳамда “Ибратли” МФЙларида трансформатор пунктларини ўрнатиш йиллик режада 33 дона бўлган бўлса, бугунги кунгача 5 дона ўрнатилганлиги айтилди. Янгиер шаҳарнинг “Юксалиш”, “Шодиёна” МФЙларида жами ТП ўрнатиш йиллик режада 12 дона бўлган бўлса, амалда 11 донаси ўрнатилганлиги, Оқолтин туманининг “Тошкент” ва “Янги ҳаёт” МФЙларида ТП йиллик режада 7 дона бўлган бўлса, амалда фақатгина 1 донаси ўрнатилганлиги бўйича ҳам маълумот берилди.

Шундан сўнг, вилоят Молия бошқармаси мутахассисининг 2022 йил 6 ойлиги бюджети ижроси юзасидан ахбороти тингланди.

Очиқлик ва ошкоралик, танқидий-таҳлилий рухда ўтган мазкур депутатлик эшитувида депутатлар томонидан бир қатор оғриқли масалалар айтилиб, саволлар берилди. Уларнинг ижобий ечими тез орада ҳал этилиши, бу бўйича депутатлик гуруҳига маълумот тақдим этиши зарурлиги эшитув сўнгида айтилди.

  • Кўрилди
    463
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+