Қашқадарёда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати бўйича масъулларнинг ахбороти танқидий кўриб чиқилди

28.09.2023, 12:08

Қашқадарёда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати бўйича масъулларнинг ахбороти танқидий кўриб чиқилди

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашининг O’zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишида “Вилоятдаги истеъмолчиларни кузги-қиш мавсумида узлуксиз табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси ва кўмир маҳсулоти билан таъминлаш борасида қилинган ишлар юзасидан” “Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Кўмир таъминот” вилоят филиаллари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. 

“Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти вилоят филиали бошлиғи ўринбосари, бош муҳандис Бахтиёр Жабборовнинг таъкидлашича, бугунги кунда вилоятда 776740 та истеъмолчи мавжуд бўлиб, шундан 182 минг 306 таси табиий газдан, 594 434 таси суюлтирилган газдан фойдаланиб келишмоқда. Жорий йил октябрь-декабрь ойларида режага мувофиқ 316,8 млн.куб метрда табиий газ етказиб бериш режалаштирилган. Сентябрнинг 25 кунига қадар бу кўрсаткич 461,7 млн. куб метрни ташкил этди. Куз-қиш мавсумини беталофат ва барқарор ўтказиш мақсадида 24 та авария тиклаш автотранспорт воситаси, 8 та махсус техника, 143 дона маиший газ баллон ташувчи машина, 2 дона компрессор агрегатлари тайёр турибди. 109 нафар махсус ишчи ходимлардан иборат 20 та бригада ҳам истеъмолчилар хизматида бўлади. “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини (АСКУГ) жорий этиш” лойиҳаси доирасида 170, 8 минг дона ақлли электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилди.

-Вилоятдаги 751,5 мингта истеъмолчиларга 182 та подстанциялар, 28,9 минг км электр тармоқлари ва 10 минг 526 та трансформаторлар орқали электр нури етказиб берилмоқда, - деди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ директори ўринбосари Нурбек Исматов. – Электр энергияси билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш ҳамда барқарорлигини таъминлаш мақсадида Давлат дастурлари доирасида 1349,3 км электр тармоқлари, 365 дона трансформаторни янгидан қуриш ва реконструкция ишлари олиб борилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 381 км электр узатиш тармоқларида янгидан қуриш, 191 дона трансформатор ўрнатилди. 

“Кўмир таъминот” вилоят филиали раҳбари Роман Бобоёров ўз ҳисоботида ташкилотларга 40 834 тонна кўмир етказиб бериш юзасидан шартнома имзоланганини, аҳоли хонадонларига эса 55 минг маҳаллий ва 10 минг импорт кўмир тарқатиш режалаштирилганлигини таъкидлаб ўтди.

Йиғилишда депутатлардан Иброҳим Халилов, Исмигул Хушмуродова, Момосулув Бердиқулова ва бошқалар сўзга чиқиб, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашда муаммолар юзага келаётганлиги, баллонлардаги газ миқдори камлиги, ўз вақтида келтирилмаётганлиги, қиш ойларида қишлоқларда электр нури қуввати 160-170 киловаттга ҳам етмаслиги, ёруғлик етарли бўлмагани учун болалар дарс қилишга қийналаётганлиги, қишлоқ ва маҳаллаларда чириб кетган симёғочлар одамлар ҳаётига хавф солаётгани, аҳоли учун тарқатилаётган кўмир фақат кулдан иборат бўлганлиги учун одамлар норози бўлиб харид қилишни хоҳламаётганликлари, аксинча олибсотарлар қоплаб сотаётган кўмир маҳсулоти сифатли эканлиги, аммо нархи қимматлиги боис камбағал оилалар харид қилишга қийналаётганликларини танқид қилдилар.

Йиғилишда мазкур ташкилотлар томонидан кузги-қишки мавсумга тайёргарлик юзасидан ҳали кўп иш қилиниши лозимлиги эътироф этилиб, депутатлар томонидан билдирилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

  • Кўрилди
    312
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+