Нуронийлар ҳаёти — ибрат мактаби

16.10.2023, 10:32

Нуронийлар ҳаёти — ибрат мактаби

O'zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши ҳузуридаги фахрийлар кенгаши ҳамда “Нуроний” жамғармаси Бухоро вилоят бўлими томонидан вилоятимиз маҳаллаларида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, барқарорликни мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий муҳитни янада яхшилаш, асрлар давомида сайқалланиб келаётган анъана ва қадриятларимизни тарғиб этиш, юксак маънавиятли, ватанпарвар, ватанига, оиласига садоқатли ва фидойи ёшларни тарбиялаш, уларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтириш, онгида Ватан тақдири ҳамда келажаги учун дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлашда нуронийларнинг ўрнини кўрсатиш ва уларнинг фаоллигини ошириш мақсадида конференция ўтказилди.

Бухоро давлат университетида ўтказилган конференцияда Ички ишлар, Мактаб ва мактабгача таълим, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Ёшлар ишлари, Оила ва хотин-қизлар бошқармалари, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Ўзбекистон мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги мутасаддилари, вилоятнинг фаол нуронийлари ва ёшлар иштирок этди.

Тадбир аввалида “Нуроний” жамғармаси Бухоро вилоят бўлими раиси Самойиддин Ҳусенов кейинги йилларда юртимизда кексаларни эъзозлашга қаратилаётган эътибор, жамиятда нуронийларнинг ўрни, роли ва ваколатларини ошириш, уларнинг бой тажрибасидан фойдаланишни ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. “Нуроний” жамғармасининг алоҳида тузилма сифатида қайта ташкил этилишининг ўзи жамиятда фахрийларнинг ўрни нечоғлик муҳим эканлигидан далолат бериши қайд этилди. Шунингдек, кекса авлод вакиллари олдига масъулиятли вазифалар қўйилаётганлиги алоҳида таъкидланди. 

Шунингдек, сўзга чиққанлар конференциянинг мазмун-моҳияти, ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда нуронийларнинг ўрни, оилавий ажримлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда бошқа долзарб масалаларда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Шундан келиб чиқиб, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жиноятчилик ва оилавий ажримларнинг олдини олиш, маҳаллалар ва оилаларда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ободонлаштириш ишларида нуронийлар фаоллигини янада кучайтириш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, маҳалладаги ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлашда “Устоз-шогирд” ҳамда “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили асосида ҳамкор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик фаолиятини кенгайтириш бўйича конференция иштирокчиларининг таклифлари ўрганилди. 

— Кексалик бекорчилик эмас, балки энг масъулиятли давр эканлигини ҳис этган ҳолда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни халққа тўғри, халқона тушунтиришга ҳаракат қилмоқдамиз, – дейди “Нуроний” жамғармаси Шофиркон туман бўлими раиси Ботир Олимов. — Бугунги тадбирда айтилган фикрларни эшитиб, зиммамиздаги масъулият юкини яна бир бор чуқур англадик. Биз бор кучимиз билан юртимиз равнақи йўлида хизмат қилишда давом этиб, ёш авлодга ўрнак бўламиз.

Тадбир сўнггида ижтимоий ҳаётда фаол бўлган нуронийлар республика Нуронийлар кенгаши раисининг ташаккурномалари билан тақдирланди. Шунингдек, конференция иштирокчилари Бухоро давлат университетида ёшларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, бир пиёла чой устида келгуси режаларни келишиб олдилар.

  • Кўрилди
    360
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+