Оҳангарондаги ишбилармон аёллар фаолияти қўллаб-қувватланди

04.05.2024, 20:01

Оҳангарондаги ишбилармон аёллар фаолияти қўллаб-қувватланди

Бу йил ўзгача тарзда ташкил этилаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловнинг маҳалла босқичларидан бири партия вилоят, Оҳангарон туман ва шаҳар Кенгашлари, “Ҳунарманд уюшмаси”нинг туман бўлими ҳамда “Ишбилармон аёллар” ассоциацияси туман бўлинмаси ўзаро ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг олис ҳудудларидан бўлган Оҳангарон тумани 2-сектор ҳудудида ўтказилди.

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши бўлим мудири Севара Муслимова, вилоят ҳамда Оҳангарон туман ва шаҳар Кенгашлари мутасаддилари, 2-сектордаги маҳалла еттилиги иштирок этган танловда туманнинг 2-сектори ҳудудидаги 11 та маҳаллада яшовчи фаол тадбиркор хотин-қизлар ўзларининг корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотлари кўргазмасини намойиш этишди.

Туманнинг чекка ҳудудида истиқомат қилишига қарамасдан, тадбиркорлик фаолиятини самарали йўлга қўя олган хотин-қизлар томонидан ташкил қилинган ҳунармандчилик ва тадбиркорлик маҳсулотлари кўргазмаси 2-сектор раҳбари Самариддин Аршидиновнинг ҳам қизиқишига сабаб бўлди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзоларига “Ишбилармон аёл – 2024” нинг маҳалла босқичи ғолибини аниқлаш осон бўлмади. Иштирокчилар асос солган корхоналарнинг ибратли фаолияти ўрганиларкан, уларнинг ўзига хос ютуқларига гувоҳ бўлинди. Хусусан, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишда кўмаклашаётган хусусий боғчалар, сут маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган оилавий корхоналар, ҳунармандчиликнинг тўқиш, бадиий каштачилик, гиламдўзлик, қуроқчилик каби турларини касаначилик асосида йўлга қўйган тадбиркорлар, қандолатчилик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркор аёллар ўзларининг бой тажрибаларини ҳакамлар ҳайъати аъзолари билан ўртоқлашишди.

Ҳар бир иштирокчининг кўргазмавий тақдимоти ва фаолиятини диққат билан ўрганган одил ҳакамлар адолат мезонлари доирасида кўрик-танлов ғолибларини аниқлаб беришди.

Унга кўра, танловнинг фахрли 3-ўрнига ҳунармандчиликнинг гиламдўзлик ва қуроқчилик йўналишида фаолият юритувчи Саодат Хасанова, сут маҳсулотларини қайта ишловчи “Mymilk” номли оилавий корхон асосчиси Садоқат Ашуралиева, замонавий ҳунармандчиликнинг изаллон гуллар тайёрлаш йўналишида касаначиликни самарали йўлга қўйган Гулчеҳра Эламасовалар муносиб кўрилишди.

Оҳангарон туманининг олис ҳудудларидаги болажонларни сифатли мактабгача таълим билан қамраб олиб, давлат хусусий шерикчилиги асосидаги 14 та боғчаларга асос солиб, янги таълим технологияларини жорий этган Дилором Аширматова ҳамда гул босилган газлама ва чокли буюмлар тайёрлашга ихтисослашган оилавий корхона раҳбари Мадина Тургуновалар кўрик-танловнинг 2-ўрнига лойиқ деб топилишди.

Иштирокчиларни баҳолашда уларнинг аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришдаги ташаббуслари, янги иш ўринлари яратганлик даражаси, экспорт ва импорт салоҳиятини инобатга олган ҳакамлар ўз таркибида “Авазхон” Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда “Азим ота” номли сут маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган корхонани бирлаштирган оилавий корхона раҳбари Мунира Эшбоевани кўрик-танлов маҳалла босқичини мутлақ ғолиби бўлди.

Шундай қилиб, “Ишбилармон аёл 2024” кўрик-танловининг маҳалла босқичи ғолиби Мунира Эшбоева танловнинг навбатдаги туман босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    189
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+