Ўзаро манфаатли ва ишончли ҳамкорлик янги марраларга чорлайди

04.05.2024, 20:03

Ўзаро манфаатли ва ишончли ҳамкорлик янги марраларга чорлайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг дунёдаги 93 та давлатдан 2500 дан ортиқ хорижий меҳмон қатнашган Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқини тинглар эканман, мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, бу йўлдаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш учун қатъий қадамлар ташланаётганлигига, юртимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорлар учун имкониятларни ҳар томонлама кенгайтирилаётганлигига яна бир марта ишонч ҳосил қилдим.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда иқтисодиётимиз қарийб икки баробар ўсди. Ўтган йил якуни бўйича бу ўсиш 6 фоизни ташкил қилди. Инфляция 9 фоизгача пасайди. Савдо айланмаси кўрсаткичлари муттасил ошмоқда. Валюта бозори ва олтин-валюта захиралари барқарорлиги сақлаб қолинмоқда.

Охирги йилларда мамлакатимизда 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилганлиги, халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағлари ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинганлиги ҳам эътиборга сазовордир.

          Айниқса, хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунни қабул қилинганлиги, натижада 250 та йирик корхонанинг давлат улушини ва салкам 1000 та кўчмас мулк объектларини сотиш, 12 та корхона акцияларини фонд бозорларида бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) учун янги дастурни ҳам ишга тушириш имконини берди.

          Эътиборлиси, тадбиркорлар барқарорлиги рейтинги жорий этилганлиги, эндиликда юқори рейтингга эга тадбиркорлик субъектлари учун солиқ текширувлари ўтказилмаслиги келгусидаги вазифалар янада кенг қамровли эканлигидан далолат беради.

Энергетика йўналишидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасини ижтимоий ва бошқа инфратузилма соҳаларида ҳам кенг татбиқ этишни режалаштирган бўлиб, хусусан, Хитой, Франция ҳамда Арабистондаги бир қатор компаниялар билан замонавий тиббиёт муассасаларини қуриш лойиҳалари ишлаб чиқилаётганлиги ҳам соҳа ходимлари учун айни муддао бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу Форумдаги нутқида Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантириш асосий мақсад эканлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида бир қатор аниқ таклифлар илгари сурилди.

Иқтисодиётда чуқур трансформация жараёнларини, қулай инвестиция ва бизнес муҳити ҳамда саноатда юқори қўшилган қийматни яратишни изчил давом эттириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича устувор йўналишларни белгилаб олишга анжуман иштирокчиларининг эътибори қаратилди. 5 та йўналишдан иборат асосий вазифалар белгилаб олинди. “Яшил” энергетика, банк-молия соҳаси, фойдали қазилмалар, мамлакатимизнинг IT трансформацияси, транспорт инфротузилмасини ривожлантиришга оид йўналишларда ҳар бир соҳа бўйича бажарилган ва амалга оширилиши кўзда тутилган вазифалар мужассам бўлган.

Мухтасар қилиб айтганда, Президентимизнинг Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқи ва унда илгари сурилган устувор мақсад ва вазифалар, нафақат биз маҳаллий тадбиркорлар, балки кичик, ўрта бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган соҳанинг барча ходимлари ва тегишли мутасаддилар учун бугунги ва келгусидаги дастуруламал бўлиб қолиши ва шунга кўра биз ҳам ўз амалий ишларимизни давлатимиз раҳбари баён этган тавсия ва кўрсатмалар асосида олиб бориш имкони бериши билан аҳамиятлидир.

Дилмурод Аҳадов,

 Бухоро шаҳридаги "CARMEN PLUS" тиббиёт маркази раҳбари,

халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати, партия фаоли

  • Кўрилди
    172
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+