Бухоролик тадбиркорлар нимадан норози?

04.02.2019, 21:48

Бухоролик тадбиркорлар нимадан норози?

ёхуд солиқ тўлови билан боғлиқ муаммолар қачон ҳал бўлади?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва O‘zLiDeP Cиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида бўлиб, жойларда мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганди, халқ билан юзма-юз мулоқот қилди.  

Партия фаолларининг дастлабки манзили Бухоро шаҳридаги “Дилум нур строй”, “Моҳигулбегим омад файз”, “Строй само” МЧЖда бўлди.

 Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ аъзолари мазкур корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди, ишчи-ходимлар билан мулоқот қилди, тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ўрганди.

“Бухоро уй қурувчилар” уюшмаси раиси О.Зариповнинг айтишича, бугун тадбиркорларни солиқ тўлови билан боғлиқ муаммолар қийнаяпти. Қурувчилар тайёр турар-жойни сотувга рухсат олгандан сўнг мижоз билан олди-сотди амалиётида ҳар иккала томондан 12 фоиздан уй-жой солиғи ушлаб қолиняпти. Бу эса қурилиш фирмасини фойдага киришини чеклаб қўймоқда.

Муаммони жойида ўрганган халқ вакиллари ушбу масала юзасидан тегишли ташкилотларга сўров чиқарди ва ижросини назоратга олди.

Шундан сўнг, O‘zLiDeP фаоллари Бухоро муҳандислик  технология институтига боришди. Ташриф чоғида мазкур олий даргоҳда ҳам муаммолар борлиги аниқланди.

Хусусан, Бехзод Акрамов тикув цехи ташкил этиб, ёшлар бандлигини таъминламоқчи. Лекин тикув машинаси ва зарур маблағи йўқлиги учун ишни бошлолмаяпти. Шу масалада ишчи гуруҳдан кўмак сўраган фуқаронинг мурожаатини O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Ш.Махмудов ўз зиммасига олди ва ҳал этиб беришга ваъда берди.

Ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек, Когон туманида ҳам  бўлиб, аҳоли билан учрашди, мулоқот қилди. Ўрганишлар давомида фуқаролардан турли масалаларга оид кўплаб мурожаатлар келиб тушди.

Мисол учун, тадбиркор Саодат Намозова 2018 йилда тижорат банкидан 800 млн. сўмлик имтиёзли кредит олиб, МТМ қуришни бошлаган. Лекин ички йўллар таъмирталаб аҳволга келиб қолгани учун боғчани фойдаланишга топшириш ишлари бироз чўзиляпти.

“Ёғингарчилик вақтида кўчамиз лой ва балчиққа айланади. Аҳоли лой кечиб юришга мажбур бўлмоқда. Агар тезроқ таъмирланмаса, боғчага келадиган болажонлар ҳам лой кечиб қатнашга мажбур бўлади. Бу кўчадан ёши катта инсонлар юришга қийналаётган вақтда ёш болаларнинг қандай лой кечишини тасаввур қилаверинг”,– дейди С.Намозова.

Мурожаатни O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ўз зиммасига олиб, ечими бўйича тегишли ташкилотларга сўров чиқарди.

Кейинги манзил Қоровулбозор тумани бўлди. Ташриф чоғида ишчи гуруҳ аъзолари жорий йилда туманда режалаштирилган инвестиция лойиҳалари билан танишди.

Маълум бўлишича, шу йил охирига қадар ҳудуддаги “Бўзачи”, “Имом ал Бухорий”,  “Навбахор”, “Чўлқувар” маҳалла фуқаролар йиғинида жами 16 инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Қолаверса, С.Умаров, Э.Амонов, М.Қозоқов, М.Самадов,  И.Эгамов, Р.Болтабоев, С.Вахобовлар саъй-ҳаракати  билан кўплаб майдонларда иссиқхоналар, “Кемпинг” хизматларини, чорвачилик фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бироқ инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида сифатли амалга оширилиши банклардан тегишли миқдордаги кредитларнинг ажратилиши, зарур хомашё ва қурилиш материалларининг узлуксиз етказиб берилишига боғлиқ.

Ушбу мурожаат ҳам ишчи гуруҳ эътиборидан четда қолмади, халқ ноиблари томонидан шу куннинг ўзида тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови чиқарилди.

Хўш, бугун партия фаолларига аҳоли қайси масалаларда кўпроқ мурожаат қилмоқда? Уларни ҳал этиш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда, қандай ташаббуслар илгари сурилмоқда?

“Бугун халқимиз сиёсий партиялардан кўпроқ амалий ишлар кутмоқда. Шу боис, партиямиз ташкилотлари ўз ишини қайтадан кўриб чиқди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан жойларга тушиб, уйма-уй юриб, одамларнинг турмуши билан танишдик, уларни ташвишга солаётган масалаларни ўргандик. Асосийси, муаммоларга ўз вақтида ечим топиш бўйича маҳаллий ҳокимликларга, тармоқ, ташкилот ва идораларга мурожаат қилдик”, – дейди O‘zLiDeP Cиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири, ишчи гуруҳ аъзоси Насимжон Алимов.

O‘zLiDeP Бухоро вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1809
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

O‘zLiDeP Бухоро туман раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Саттор Бафоев2019-02-08 13:14:56

Бугунги кунда уйма-уй юриб, одамларнинг турмуши билан танишиб, уларнинг муаммоларини ўз вақтида ечим топишга кўмаклашиш ҳар бир O‘zLiDeP депутатининг бурчидир.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+