Йиллар давомида йиғилган муаммо бир кунда ҳал бўлганида эди...

12.07.2019, 11:58

Йиллар давомида йиғилган муаммо бир кунда ҳал бўлганида эди...
Маълумки, газетамиз саҳифаларида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партия ҳудудий ташкилотлари ходимлари, депутатлар, БПТ етакчиларидан ташкил топган ишчи гуруҳларининг вилоятларда олиб борган қизғин фаолияти мунтазам ёритиляпти

   881 та масалага ечим топилди
 
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партия Наманган вилоят, туман, шаҳар кенгашлари масъул ходимлари, депутатлардан ташкил топган ишчи гуруҳлари аъзолари вилоятдаги 4 минг 800 та хонадонда бўлиб, аҳолининг яшаш шароити, тадбиркор ва фермерлар фаолияти билан яқиндан танишиб чиқдилар. 
 
Аҳоли, хусусан, тадбиркорлар, фермерлар ва деҳқон хўжаликлари раҳбарларини қийнаб келаётган 100 дан ортиқ муаммо жойида бартараф этилди. Ҳар бир туман ва шаҳардаги 20 тадан корхона, ташкилот, тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжалик­лари фаолияти ўрганилиб, аниқланган камчилик ва нуқсонлар ҳамда қонунбузилишлар тўғрисида мутасадди идораларга депутатлик сўровлари киритилди.
 
Уйма-уй юриш асносида партия­миз вакиллари турли соҳаларга тааллуқли 2586 та масалани қайд этдилар.  Ишчи гуруҳлар одамларни асосан нималар ташвишга солаётгани борасида муайян хулосалар чиқарди. Газ, электр, ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ 1009 та, ички йўллар таъмирталаблигига тегиш­ли 465 та, бандлик бўйича 106 та, банк кредити олиш ва тадбиркорлик фаолиятида учраётган 316 та, тиббий хизматга доир 85 та муаммо ҳисобга олинди. Эътиборлиси, 881 та масала ишчи гуруҳлари саъй-ҳаракатлари туфайли ечимини топди.  Қолганларини ҳал қилиш юзасидан депутатлик назорати йўлга қўйилди. 
 
–  Кўчамиздаги 87 та хонадонда 508 нафар фуқаро яшайди, – дейди Чуст туманидаги “Шербилак” МФЙга қарашли Наврўз кўчасида истиқомат қилувчи Жабборхон Нодиров. – Ичимлик суви танқислигидан жуда қийналяпмиз. Устига-устак, оқар сув ҳам деярли йўқ. Ариқларимизга баҳор ойларида 1-2 маротаба сув келади, холос. Томорқалардаги ернинг умри беҳуда ўтяпти. “Халқ қабулхонаси”га икки бора мурожаат қилдик, бироқ натижа бўлмади.  
 
Тилга олинган кўчада яшовчи 4 нафар кишига уй-жой қуриш учун ер ажратиш тўғрисида туман ҳокимининг қарори чиққанига тўрт йилдан ошган. Аммо уларга ҳануз ер берилгани йўқ. Бундан ташқари, Шербилак маҳалласида яшовчи 8 фуқаро Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш масаласида талай мушкулотларга дуч келяп­тилар.  
Мазкур муаммолар юзасидан туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари тегишли идораларга депутатлик сўрови йўлладилар. 
 
Ишчи гуруҳлар партия дастурий ғоя ва мақсадларини, юртимизда кечаётган туб ислоҳотлар моҳиятини  тарғиб қилиш мақсадида кўплаб хусусий корхоналар, уюшма ва бирлашмалар, хўжаликларда ҳам бўлдилар. Суҳбатлар чоғида электоратимиз вакиллари нафақат айрим муаммоларни баён қилдилар, балки уларнинг ечими бўйича ҳам таклиф-мулоҳазаларини ўртага ташладилар. 
 
“Наманганбалиқсаноат” МЧЖ раҳбари Равшан Абдуллаевнинг айтишича, соҳада малакали мутахассисларнинг етишмовчилиги тобора кучлироқ сезиляпти. Айниқса, балиқчиликни интенсив шаклда ташкил қилиш бўйича қарийб ҳеч қандай тажриба йўқ. Анъанавий усулларда фаолият юритадиган балиқчилик хўжаликлари эса мавжуд имкониятлардан тўла фойдалана олмаяптилар. Унинг фикрига кўра, аҳволни ўнглаш учун балиқчиликка ихтисослашган хўжаликлар раҳбарлари, ишчи-хизматчиларини мазкур соҳа ривожланган Япония, Вьетнам, Хитой, Жанубий Корея сингари давлатларга сафарга жўнатиш лозим. Улар бу мамлакатлардан илғор технологияларни ўрганиб қайтадилар. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Савдо-саноат палатаси ва  “Ўзбалиқсаноат” уюшмаси ана шу ишларга бош-қош бўлишлари мақсадга мувофиқ. Яна бир масала. Бугунги кунда балиқчилик хўжаликларига банклар томонидан юқори фоизли кредитлар ажратиляптики, бу соҳа ривожига хизмат қилмайди, албатта. Балиқчилик билан шуғулланувчиларга имтиёзли шартларда сармоялар берилишига эришиш лозим. Зеро, бу соҳа, айниқса, замонавий интенсив услублар катта маблағларни талаб қилади. Соҳанинг жадал ривожланишига халақит бераётган омиллардан яна бири шуки,  ҳозирда республикамизда буғдой очиқ биржа савдолари орқали сотиляпти. Бу эса ем нархининг қимматлашишига ва ўз навбатида балиқ маҳсулотлари нархининг ҳам ошишига олиб келяпти. Буғдойнинг муайян қисмини ем ишлаб чиқарувчиларга давлат томонидан арзонлаштирилган нархларда сотилиши муаммонинг энг мақбул ечимидир.
 
“Наманган чорва насл маркази” корхонаси бошлиғи Комилжон Холиқов ҳам  чорвачилик, наслчилик соҳасини такомиллаштиришга доир асосли таклифларини билдирди.  Мамлакатимизда чет давлатлардан қорамол олиб келинишига кўмаклашувчи логистика марказларини барпо қилиш, чорвачилик бўйича етук мутахассислар тайёрловчи ўқув мас­канлари очиш шулар жумласидандир. 
Ишчи гуруҳлари ана шу ва бошқа таклифларни жамлаб, парламент қуйи палатасидаги фракциямизга тақдим этиш борасида иш олиб боряптилар. 
 
– Қиш­лоқлар­даги ҳар бир оиланинг ўртача 10 сотихдан томорқаси бор, – дейди ишчи гуруҳ аъзоси, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходими Севара Муслимова. – Лекин ҳанузгача айрим хонадонларда деҳ­қончилик мада­нияти оқсаётгани ғоятда ачинар­лидир. Баъзилар бўш томорқаси бўла туриб, бозор­­даги сотувчининг қўлига қараб яшаяпти. Томорқа эгалари замон талабига янгича ёндашиши, рўзғори обод­лигини таъмин­лаши, оилавий қўшимча даромад ман­баи­ни шакллан­тириши, фар­занд­лари келажаги йўлида саъй-ҳа­ра­кат­лар қилиши зарур. Шундан келиб чиқиб, биз ҳар бир туманда энг намунали томорқа ва кўп тармоқли фермер хўжаликлари соҳиблари билан учрашувлар ташкил этдик. Бундай мулоқотларда томорқа хўжалигини юритишни мақсад қилган одамлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топишди.  
 
Шу билан бирга ишчи гуруҳлар томонидан партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари фаолияти танқидий йўсинда кўриб чиқилди. Партия маҳаллий кенгашларининг моддий-техник аҳволини яхшилаш, партия аъзолари сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотлари сонини  кўпайтириш, уларни тарғибот материаллари билан таъминлаш, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари фаоллигини ошириш борасида қилинаётган ишлар атрофлича ўрганилди. Шу масалаларга бағишланган йиғилишлар ўтказилиб, партия фаолларининг таклифлари асосида бажарилиши зарур вазифалар белгилаб олинди.
Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1106
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+