Хоразмда O‘zLiDePнинг янгиланган дастури ва сайловолди дастури лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди

19.07.2019, 16:37

Хоразмда O‘zLiDePнинг янгиланган дастури ва сайловолди дастури лойиҳаси  қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди

Хоразмда O‘zLiDePнинг янгиланган Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда партия Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаларига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар таҳлил қилиниб, янгиланган дастур бўйича 20 дан ортиқ таклифлар билдирилди.

Эгамберган Бабажанов, “Ҳамкорбанк” Урганч халқаро бизнес маркази раҳбари, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси:  

–Партия сайловолди дастурининг янгиланган таҳрири билан танишиб чиқдим. Дастурда ҳар томонлама электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган таклифлар кўп. Аммо, биз, тадбиркор ва фермерлар манфаатларини ҳимоя қилувчи партия сифатида сайловолди дастурнинг бирор бандида айнан фермерларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган, уларга кўмак берувчи бандни кўрмадим. Шу боис, фермерларни қўллаб-қувватлаш бўйича уларга имконият яратувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва фермерларни қонун билан ҳимоя қилишимиз лозим.  

Абдулла Рўзметов, партия Урганч туман Кенгаши раиси, “Элита чорванасл” МЧЖ раҳбари:  

–Тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун уларга авваламбор имконият яратишимиз керак. Мана яқинда солиқ тизимида 20 фоиз НДС тўлови жорий қилинди. Банк тизимига қарайдиган бўлсак, улар 30 фоиздан кредит ажрата бошлади. Биргина мисол, тадбиркор 1 млрд сўм миқдорида айланма маблағ олса, ундан 200 млн солиққа, 300 млн банкга тўлайдиган бўлса, янги иш бошлаган тадбиркорга 500 млн сўмлик рентабелли иш қаерда бор? Мени таклифим, тадбиркорлар учун чет эл вальютасида бўладими ёки сўмдами имтиёзли кредитларни айланма маблағ сифатида беришни жорий қилиш керак. Шундагина жойларда тадбиркорлар сони кўпаяди, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик  янада ривожланади. 

Илёс Абдуллаев, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари:

–Давлатимиз раҳбари бир неча маротаба тадбиркорлик фаолиятига тўхталиб,  жойларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин, лекин уни ҳаридорини топиш ва бозорга чиқариш тадбиркор учун азоб, дея таъкидлаганлар. Бу борада чет давлатларда тармоқли маркетинглар йўлга қўйилган. Бизга ҳам кириб келган, аммо, улар давлатга ҳеч қандай солиқ тўламасдан фаолият олиб бормоқда. Таклифим, тармоқли маркетингни Ўзбекистонга қонун сифатида киритиш керак. Яна бир гап. Илгари олий таълим тизимида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик асослари фани ўқитилар эди, кейинчалик бу фан ўқув дастуридан олиб ташланди. Бугун тадбиркорлик жадал ривожланаётган бир пайтда ёшларга, бўлғуси тадбиркорларга мазкур фан асосини чуқур ўқитсак, ўйлайманки кутилган натижаларга аввалроқ эришамиз. Менинг таклифим, ушбу фанни фан дастурига қайта киритиш зарур.

Йиғилишда шунингдек, маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор ва фермерлар томонидан ҳам кўплаб таклифлар билдирилди.

 Нилуфар ДЖАББАРОВА,

O‘zLiDeP Хоразм

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    1266
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+