O‘zLiDeP ташкил этган форум доирасида аҳоли мурожаатлари ўрганилди

19.08.2019, 17:59

O‘zLiDeP ташкил этган форум доирасида аҳоли мурожаатлари ўрганилди

O‘zLiDeP Марғилон шаҳар Кенгаши ташаббуси билан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Наврўз” МФЙ ҳудудида жойлашган Йўлдош шаҳарчасида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида форум ўтказилди.

Дастлаб, партиянинг мақсад ва вазифалари ҳақида йиғилганларга кенгроқ маълумотлар берилди. Шунингдек, аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан самарали фойдаланиш бўйича партиянинг тарқатма материаллари тарқатилди.

Шундан сўнг, форум доирасида ҳудуд аҳли учун сайёр қабул ўтказилди. Қабулда фуқаролар томонидан келиб тушган қатор мурожаатлар атрофлича ўрганилди ва ҳал этиш чоралари кўрилди.  

“Партия вакиллари доимий равишда биз билан учрашиб, муаммоларимизни ўрганиб келади. Бугунги учрашув давомида ҳам кўплаб муаммоларимиз ўз ечимини топди. Масалан, тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммо бизни кўпдан буён қийнаб келаётган эди. Бу масалада партия фаолларига мурожаат қилган эдик, муаммойимиз шу ернинг ўзида ҳал бўлди”,– дейди С.Юсупова.

Марғилон шаҳридаги 7-сонли оилавий поликлиникада партиянинг бошланғич партия ташкилоти очилган. Бу муассаса ходимлари партиянинг фаол аъзолари ҳисобланади. Форум доирасида ушбу поликлиника бепул тиббий кўрик ташкил этилиб, 200 нафарга яқин фуқаролар чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилди.

“Айни пайтда 78 ёшдаман. Умрим давомида кўп қийинчиликларни кўрдим, болам, дея сўз бошлади “Парвоз” кўчаси 43-уйда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Шаҳодатхон ая Тўрақулова. – Президентимизга минг раҳмат. Кексалик давримизни шодумон ўтказишимиз учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Нафақа пулларини ўз вақтида оляпмиз. Маҳалла мутасаддилари ҳам кунда-кунора соғлигимдан хабар оладилар. Мана, бугун ҳам улар яхши инсонларни хонадонимга бошлаб келдилар. Бундай йўқловлардан миннатдорман”.

Форум якунида ташкилотчилар ҳудуддаги нуронийлар, боқувчисини йўқотган юртдошларимиз ва беморлар ҳолидан хабар олди. Уларга “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси Марғилон шаҳар филиали томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди.

Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,

O‘zLiDeP Фарғона вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    825
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+