Кластерлар учун малакали кадрлар етишмаяпти

19.08.2019, 18:01

Кластерлар учун малакали кадрлар етишмаяпти

Президентимизнинг 2017 йил 15 сентябрдаги “Сирдарё вилоятида замонавий пахтачилик-тўқимачилик кластерини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Bek cluster” МЧЖ қўшма корхонаси ташкил этилган эди. Айни пайтда мазкур қарорга мувофиқ, корхонага 18 минг гектар ер ажратиб берилган.

Шу билан бирга, Тупроқшунослик институти ва соҳа олимлари билан иш олиб борилиб, алмашлаб экиш устувор вазифа қилиб белгиланган. Жорий йилдан бошлаб йилига 3 минг гектар ерга “Яшил ўғит” – сидератбоп экинлари экилмоқда. Чет мамлакатдан келтирилган 11 хил турдаги арпа, сули, жавдар, рапс экинлари элита уруғчилик лабораториясининг 40,6 гектар ерига экилди.

Бу ҳақда O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан “Кластерлар ва қўшма корхоналар тараққиёт драйвери сифатида” мавзусида ташкил этилган тадбирда алоҳида таъкидланди.

Тадбирда бугунги кунда вилоятда мутахассис-технологлар етишмаслиги қайд этилди. Олий ўқув юртини битириб келган мутахассисларнинг билим, малакаси ва савияси ҳам бугунги кун талабида эмаслиги таъкидланди. Бунинг учун олий ўқув юрти билан кластерлар учун малакали кадрлар етказиб бериш мақсадида битим ва келишувларнинг йўқлиги, олий даргоҳ ўқувчилари ўз билимларини амалиётда мустаҳкамлаб бормаётганлиги ҳам ана шу муаммоларни келтириб чиқараётганлиги тилга олинди.

Халқ вакили Покиза Аҳмеджанованинг айтишича, бугун меҳнат бозорида қайси мутахассисларга эҳтиёж кўплигини мониторинг қилиш керак. Олий ўқув юртлари билан кластерлар, муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарур.

“Корхонамиз 2013 йилда ташкил этилган. Асосан бир маротаба ишлатиладиган шприцлар ишлаб чиқарамиз. Маҳсулотларимиз Қозоғистон, Туркманистонга экспорт қилинади. Келгусида ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз турини кўпайтириш эвазига Россия ва бошқа давлатларга ҳам экспортни режалаштириб турибмиз. 2020 йилга бориб бир маротабалик тиббий буюмлар ишлаб чиқаришни 450 миллион донага етказишни мўлжаллаяпмиз”, – дейди “Гулистон  мед-техника” корхонаси раҳбари Акмал Убайдуллаев.

“Корхонамиз дуккакли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш билан шуғулланади, – дейди “Bek cluster” МЧЖ раҳбари  Ботир Исмоилов. –2015 йилда ташкил топган корхонамиз дуккакли маҳсулотлар экспортини 20 миллирад атрофида амалга оширган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 90 миллиардга етди. Биз бугун Сайхунобод ва Боёвут туманларидаги аҳоли етиштирган дуккакли маҳсулотларни ўзимизда қайта ишлаб экспорт қиламиз. Бошқа туманларда етиштирилган бу маҳсулотларни аҳолидан қабул қилиб олишни тўлиқ қамраб ололмаяпмиз. Чунки бу маҳсулотларни аҳолидан йиғиб олиш учун катта маблағ талаб қилинади. Шу боис сайловолди дастурига экспортни янада ривожлантириш учун банклар томонидан фоизсиз ёки кам фоизли кредитлар ажратилиши таклифини киритиш ниятидаман. Бу билан кластерлар иши ривожига катта амалий кўмак берилган бўларди”.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг иштирокчилар “Bek cluster” МЧЖ қўшма корхонаси таркибига кирувчи бир қатор корхоналарга, жумладан, корхона қошидаги МТП, “Mirzaobod  universal  trade cluster”,  “Wellfort” масъулияти чекланган жамиятига саёҳат уюштиришди.

Мирзаобод туманидаги “Mirzaobod universal trade cluster” иссиқхонасида Голландиядан олиб келинган ноёб, касалликка чидамли помидор, булғор қалампири ва бақлажон уруғлари экилиб парвариш қилинади. Иссиқхонада намлантириш иқлим технологияси жорий қилинган.

“Ундирилган кўчатлар 15-20 сантиметргача ўстирилгач, гидропоника усулида,  яъни тупроқсиз, озиқ моддалар билан тўйинтирилган сувли ерда парвариш қилинади. Бу усул айниқса, Европа мамлакатларида оммалашган, – дейди иссиқхона муҳандиси Усмон Куртасманов. –Кореядан олиб келинган асбоб ускуналар, замонавий жиҳозлар ҳароратни, ўсимликнинг сув ва озуқага бўлган талабини таҳлил қилиш орқали аниқлайди. Минераллар билан бойитилган сув томчилатиш усулида ўсимлик илдизига етказиб берилади. Иссиқхонада 400 нафарга яқин хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган”.

“Wellfort” МЧЖда асосан трикотаж кийим-кечаклар ишлаб чиқарилади. Корхонада бичиш ва ўлчашни Хитойдан келтирилган уч қурилма бошқаради. Кенг ва ёруғ цехларда асосан коллеж битирувчилари меҳнат қилмоқда.

“Чет эллик буюртмачи бизга мато тури, ранги ва кийимга босиладиган суръатни электрон шаклда жўнатади, – дейди корхона директори Ботир Исмоилов. –“Bek” бренди остида 30 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Тайёр маҳсулот буюртмачига белгиланган вақтда кечиктирмасдан етказиб берилади. 25 та автобусларимиз вилоятимизнинг турли ҳудудларидан келиб ишловчи 800 нафар ишчиларимизга хизмат кўрсатади. Ишчи-хизматчиларимиз учун барча шароитлар яратилган. Айни пайтда маҳсулотларимиз 13 та мамлакатга экспорт қилинмоқда”.

Шунингдек,  тадбир иштирокчилари “Bek cluster”га қарашли 30 гектар ерда етиштиралаётган ғўза ниҳоллари парвариши ва томчилатиб суғоришнинг афзаллиги билан яқиндан танишди.

Дилором ЭСОНОВА,

O‘zLiDeP Сирдарё

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    962
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+