Кимёгарликларни тутун заҳридан ким қутқара олади?

12.10.2019, 17:15

Кимёгарликларни тутун заҳридан ким қутқара олади?

Мутахассисларнинг фикрича, ифлосланишдан ўлим сони чекиш сабаб юз берадиган ўлим миқдоридан бир ярим баробарга; ОИТС, сил ва безгакдан уч мартага, урушлар ва зўравонликлардан 15 баробар юқори.

Тиббиёт мутахассислари чекиш зарарлигини, чекувчининг олдида 5 дақиқа нафас олган кишининг умри маълум муддатга қисқариши ҳақида бонг урадилар. Шу ўринда, шифокорларга, хусусан, пулмонологларга саволим бор. Хафтасига уч, тўрт кун саккиз-тўққиз соатдан пласмасса идишлари ёки полетилин (бу хид табиий ашё тутуни эмас) ёнганда чиқарадиган дудга ўхшаш ҳидни ҳидлаш одам умрига қанчалик зарар?! Саволимдан хайратланманг. Самарқанд шаҳри Кимёгарлар қўрғони аҳолиси бир неча йилдан буён ҳафтада 3-4 кун кеч ва эрталаб тутунлардан “баҳра олиб” яшашмоқда.

Муаммо шундаки, Самарқанд шаҳар Хишрав қўрғончасидаги қарийб 70 гектардан ортиқ Самарқанд шаҳар чиқиндихонасида  кечаси содир бўлган ёнғин тутунидан кимёгарликлар азият чекишмоқда.

“Умуман нафас олиб бўлмайди, деразаларимизни ёпсак ҳам ичкарига киради кечаси кўчага ёйган кирларимизга тутун хиди уриб қолади”, дейди  Шукрона маҳаласи фуқароси Мамура Қаландарова.

Жаҳон тиббиёт мутахассисларининг фикрича, маиший чиқиндилар, синтетик моддалар тутуни ўпка саротони ва турли хилдаги ўсма касалликлари ҳамда юрак-қон тизими хасталикларининг авж олишига сабаб бўлар экан.

Бу аччиқ димоқни қуритувчи тутун хиди 4-5 йилдан буён мавжуд муаммо бўлиб, кейинги уч йилда кучайди. Муаммо юзасидан шаҳарча аҳолиси охирги 5 йил ичида 100 га яқин ташкилотларга мурожаат қилган десам муболаға бўлмайди.

Мендаги маълумотларга кўра, 2017 йилнинг июнь ойида “Нурафшон” маҳалласи фуқароси Сайёра Ишназарова ва юздан ортиқ аҳоли Ўзбекистон Республикаси  Президентининг виртуал қабулхонасига хат билан мурожаат қилган. Мазкур мурожаатга жавобан, чиқиндихона ёнмагани ва бадбўй ҳид Пастдарғом тумани ҳудудидаги чўчқахона атрофида уюлиб қолган чиқиндилардан келаётгани аниқлангани ва чора кўрилгани тўғрисида Самарқанд шаҳар хокимининг хати келади.

2017 йилнинг август ойида эса “Маданият” маҳалласи фуқароси Х.Хушмиров ишонч телефонига мурожаат қилганида, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш вилоят бошқармасидан бу ”ҳид” қўрғонча  ҳудудида фаолият кўрсатаётган асфальт ишлаб чиқариш заводидан келаётганлиги ва чора кўрилганлиги ҳамда тегишли кўрсатмалар берилганлиги тўғрисида хат олади. Аммо муаммо бартараф этилмайди.

Ушбу муаммо халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Ҳаким Жўраев томонидан ҳам ўрганилган. Муаммо юзасидан мутасадди ташкилотларга 10 дан ортиқ сўровлар чиқарилган, “Самарқанд” газетасига 10 дан ортиқ мақолалар чоп этилсада, муаммо ўз ечимини топмасдан қолиб кетаверган.

“Нурафшон” маҳалласи фуқароларнинг ўзи мутасадди идораларга мазкур муаммо юзасидан ўнлаб мурожаатлар йўллаган. Масалан, 2017 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ишонч телефонига муаммо юзасидан қўнғироқ қилади. Шундан сўнг Экология ва атроф - муҳитни муҳофаза қилиш шаҳар бўлими вакиллари билан бир неча бор рейд ташкил қилинди. Муаммо 5-6 кунга бартараф этилиб яна такрорланаверди.

2018 йилнинг август ойида вилоят хокими Эркинжон Турдимов шаҳарчада ўтказган сайёр қабулда экология муаммоси кўтарилди. Шундан сўнг, Хишрав қўрғонидаги чиқиндихона Самарқанд шаҳар”Мароқанд обод” ДУК га бириктирилиб, техникалар ажратилди. Ёнғин содир бўлаётган ҳудудлар тупроқ билан ёпилди. Ўтган давр мобайнида мазкур ҳудуднинг катта қисми девор билан ўралди. Кимёгарликлар қарийб бир йил экология муаммосидан ҳалос бўлишди.

Яқиндан бошлаб яна кечалари шаҳарчани бадбўй тутун қоплай бошлади. Мазкур муаммо юзасидан жорий йилнинг 15 сенябр куни Ўзбекистон Республика Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ишонч телефонига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Мазкур мурожаатимдан сўнг, ташкилотнинг Самарқанд шаҳар бўлимидаги инспекторлари олдимга келиб, муаммони назоратга олишини, аммо жаримага тортишдан бошқа ваколати йўқлигини айтишди. Мурожатимдан сўнг ҳам шаҳарчани кун ора тутун қоплашда давом этмоқда.

Бугун Кимёгарлар шаҳарчаси янгича қиёфа касб этган. Самарқанд вилоят ҳокими Э.Турдимов вазифасига киришган кундан бошлаб мазкур ҳудудга алоҳида эътибор қаратди. Вилоят раҳбари ташаббуси билан ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ички йўллар, пиёдалар йўлаги, кўп қаватли уйлар ҳамда ижтимоий соҳа объектларини мукаммал таъмирлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳудудда ўтган асрда қурилган таълим муассалаларининг айримлари қайта қурилди, айримлари капитал таъмирланди. Шаҳарча ҳудудидаги бир неча йилдан буён  ҳаробага айланган Маданият саройи қайта таъмирланиб, фойдаланишга топшириш арафасида.

Бугун вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ва бошқа бир қатор мутасадди ташкилотлар вилоят раҳбари амалга ошираётган ислоҳатларда елкадош бўлиб, ҳудуддаги қатор йиллардан буён мавжуд экология муаммосини бартараф этсалар, Кимёгарлар шаҳарчаси Самарқанднинг энг сўлим масканларидан бирига айланар эди.

Бахтигул Қаршиева,

O‘zLiDeP Cамарқанд

вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

  • Кўрилди
    1800
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2019-10-27 14:09:44

Айтишларича, Хишрав қўрғони ҳудудида бир вақтлар сўлим дам олиш масканлари бўлган экан?


Isanov fikrat mamadiyorovich2019-10-14 22:26:18

Bu chiqindini tutunidan faqat kimyogarlar qurgoni emas balki xishrav qurgoni navruz mahallasi aholisi ham bir necha yillardan buyon zarar kurib kelmoqda. Meni taklifim shuki ushbu chiqindixonani biron bir chekka joyga kuchirish kerak. Chunki chiqindini tashlash uchun joy yuq shu sababli yoqish hisobiga bartaraf qilinib kelinmoqda'


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+