“Янги бўстон” бўстонга айланди, бироқ аҳоли бир муаммодан азият чекмоқда

14.10.2019, 16:12

“Янги бўстон” бўстонга айланди, бироқ аҳоли бир муаммодан азият чекмоқда

Яқинда O`zLiDeP Cирдарё вилоят Кенгашига бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Муаамо партия вакиллари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Гулистон шаҳрининг 4-мавзесидаги “Янги Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам намунали типдаги арзонлаштирилган кўп қаватли турар-жойлар қурилмоқда. 2017 йилдан бошлаб мингдан ортиқ хонадонларга эга бўлган 30 та кўп қаватли уй-жойлар қурилди. Маҳалла ҳудуди кўркамлашиб замонавий шаҳарчага айлантирилди.

Аҳоли табиий газ, электр энергияси, тоза ичимлик суви билан таъминланди. Хонадонларга телефон, интернет каби замонавий телекоммуникациялар тармоғи уланди. Чиқиндилар учун махсус қутилар ўрнатилди. Бир сўз билан айтганда янги уйларда рисоладагидек яшаш учун барча шароитлар яратилди.

Аммо, ҳудуд аҳолиси анчадан буён бир муаммодан азият чекиб келмоқда. Бу ерда истиқомат қилувчиларнинг қайд этишларича бир йилдирки, мутасадди идоралар ҳам ечимини топа олмаётган муаммо гирдобида яшашмоқда. Гулистон шаҳрининг 2 та аҳоли пункти очиқ канализациянинг бадбўй ҳидидан қочгани жой тополмай қолишмоқда. 1 километр узунликдаги зовур - ер ости канализация қувурларидан оқиб чиқаётган ўта бадбўй сув Т.Аҳмедов МФЙ ҳамда шаҳарнинг 4-мавзеси “Янги Бўстон” МФЙ ҳудудидаги турар - жой бинолари олдидан оқиб ўтади.

Хонадон соҳиб ва соҳибалари эрта-ю кеч уйларининг эшик-тешикларини маҳкам ёпиб, ўзларини бадбўй ҳиддан ҳимоя қилишга мажбур бўлишмоқда. Энг ачинарлиси, ёш болалар ана шу очиқ зовурнинг атрофида ўйнашади. Болажонларнинг бирор бир юқумли хасталик билан касалланмасликларига ким кафолат беради.

- Бутун шаҳарнинг канализация чиқинди ариғи йилнинг тўрт фасли ҳам тўхтовсиз равишда уйимизнинг олдидан оқиб ўтади, - дейди “Янги Бўстон” МФЙ 3/10 уйда яшовчи фуқаро Саидқул Досанов. – Айниқса, кечқурун соат 21:00дан то эрталабки 9:00гача бутун оқава сувлар оқизилиб у очиқ зовурга келиб тушади. Унинг бадбўй ҳидига чидаш борган сари жуда қийинлашиб бормоқда. Бу бадбўй ҳид шу атрофдаги 2 километргача бўлган ҳудудга тарқалади. Қўшнилар билан мутасадди идораларга уч-тўрт маротоба ёзма шикоятлар билан мурожаат қилдик. Лекин натижа бўлмади. Бундан ташқари хонадонларнинг оқава сувлари учун ўрнатилган канализация трубалари ҳам сифатсиз ўрнатилган бўлиб, бир йил ўтмасдан улардан сизиб оқаётган чиқинди сувлар бинонинг ертўла қисмигача оқиб кетаяпди.

Ушбу масалаларни бартараф этиш борасида O‘zLiDeP депутатларидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилинган.

Аҳоли номидан бир неча маротаба мутасадди идораларга мурожаат қилган Саидкул Досанов, Шаҳноза Акромоваларнинг мурожаатлари ва мавжуд ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар Кенгаши депутати Акмалжон Увайдуллаев хабардор қилиниб, у ҳам бу муаммони ўрганиб чиқди. Депутат томонидан муаммони бартараф этиш юзасидан тегишли мутасадди ташкилотларга сўровнома чиқариладиган бўлди.

Холжигит Ортиқбоев,

O‘zLiDeP Сирдарё вилояти Кенгаши

Мафкуравий, тарғибот-ташвиқот

ишлари мудири

  • Кўрилди
    1430
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+