O‘zLiDeP депутати қолган ишга қор ёққанидан ташвишда

15.10.2019, 15:21

O‘zLiDeP депутати қолган ишга қор ёққанидан ташвишда

Халқ депутатлари Боёвут туман Кенгаши депутати Манзура Дадаева ўзи истиқомат қиладиган мазкур ҳудуддаги сайловчилар билан тез-тез учрашиб туради. Аҳолини ўйлантираётган масала ва муаммоларни ўз ваколати доирасида ўрганиб, ижроия ҳокимияти мутасаддиларига сўровлар чиқаради, уларнинг ижросини назорат қилади.

- Сирдарё вилояти Боёвут шаҳарчаси “Ижодкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига 2015 йилнинг ноябрь ойида 2,5 километр масофага ҳашар йўли билан газ қувури тортилган эди, - дейди Боёвут туман Кенгаши депутати Манзура Дадаева. - Ана шу 1,1 километр масофадаги газ қувурларига ердан кўтариб турувчи устунлар ўрнатилиб, газ қувурининг қолган 1,4 километр масофадаги қисми устунларсиз ер юзасида қолиб кетди.

O‘zLiDeP туман Кенгаши депутати Манзура Дадаева ушбу ҳолат юзасидан 2017 йил 16 сентябрь куни 16-сонли ҳамда 2018 йил 21 февраль куни 40-сонли хат билан Сирдарё вилоят газ таъминоти ҳудудий филиали мутасаддиларига ҳамда  2-сонли туманлараро газ таъминоти ҳудуди бошлиғи Б.Нажмитдиновга депутатлик сўровини юборди.

Депутатнинг ушбу сўровига 2018 йил 3 март санасида 2-сонли туманлараро газ таъминоти ҳудуди бошлиғи Б.Нажмитдинов қуйидаги мазмунда жавоб хати билдиради. Унда жумладан шундай дейилганди:

2-сонли туманлараро газ таъминоти Янгиер ҳудуди Сизнинг 21 февраль 2018 йилдаги 40-сонли хат ижроси юзасидан Боёвут тумани, Боёвут шаҳарчаси, “Ижодкор” маҳалласига 2015 йилнинг ноябрь ойида ҳашар йўли билан д-159 ммли, узунлиги 2,5 километр бўлган газ қувури тортилганлиги ўрганилганда, узунлиги 850 п/м газ қувурида устунлар йўқлиги ва 85 дона ФБС (устун) кераклиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан, яъни 85 дона ФБС (устун)га эҳтиёж борлиги юзасидан Сирдарё вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалига 2018 йилнинг 1 март санаси билан талабнома юборилди. Мазкур ФБС лар ажратилиши билан 850 п/м газ қувурига ўрнатилади”.

Орадан бир оз муддат ўтгач мазкур газ қувурларига 14 дона устунлар ўрнатилди,  газ қувурларининг қолган қисми ер устида қолиб кетди. Бир сўз билан айтганда қолган ишга қор ёғди.

2-3 йилдан буён ернинг устки қисмида қолиб кетган газ қувурларининг бу йил ҳам қор-ёмғирлар остида қолиб чиришидан ташвишланган депутат Манзура Дадаева 2018 йилнинг 29 июнь куни 45 сонли хат билан яна қайта сўровнома киритди.

2019 йил сентябрь ойида ҳам  депутат бир неча бор 2-сонли туманлараро газ таъминоти Янгиер ҳудуди мутахассислари ва туман газ филиалининг ҳозирги бошлиғи Ж.Султонов билан юзма-юз учрашиб ушбу масала юзасидан қайта мурожаат қилди. Шунда ҳам масала ҳал бўлгани йўқ.

Депутат халқ манфаатини кўзлаб иш юритади. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири борлигини англайди. Ўрни келганда мансабдор шахсга сўров юборади. Ана шу орқали муаммоларга ечим излайди. Демак, раҳбар ҳам депутатнинг мурожаатини эътиборсиз қолдирмаслиги лозим. Ваколати доирасида муаммонинг ечимини изламаслиги, уни ижобий ҳал этмаслиги мумкин эмас.

                                                                      Дилором ЭСОНОВА,

                                                   O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    885
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+