“Оққамиш”даги муаммолар қачон бартараф этилади?

16.10.2019, 16:47

“Оққамиш”даги муаммолар қачон бартараф этилади?

ёҳуд уч йиллик муаммони ким ўз зиммасига олади?

Тўрткўл тумани “Оққамиш” овул фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан халқ депутатлари туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Ж.Бегмуратов номига мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда шу маҳаллада жойлашган 7-сонли умумий ўрта таълим мактаби қишлоқ аҳли билан битта газ тақсимлаш ускунаси (ГРП)га улангани, натижада куз-қиш мавсумида газ босими пасайиб, ўқувчилар ва фуқаролар совуқдан азият чекаётгани баён қилинган.

Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида халқ вакили Ж.Бегмуратов билан биргаликда мазкур таълим муассасасига бориб, ўқитувчилар билан суҳбатлашдик. Суҳбат ва мулоқотлар чоғида улар қишни кўмир ва ўтин ёқиб ўтказишларини айтишди.

Мактаб директори Н.Аннамовнинг таъкидлашича, бундан ўн йил аввал ушбу мактаб “Оққамиш” ОФЙнинг идораси бўлган. 2009 йили қайта таъмирланиб, 7- сонли мактабга берилган. Айни пайтда мактабда 580 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Уларга эса 40дан ортиқ ўқитувчи ва мураббийлар сабоқ бермоқда.

“Уч-тўрт йилдан буён аҳвол шу. Ўтган йил қишда кун совуқлигидан ўқувчилар қалин кийимларда дарсларни совуқ ҳолатда ўтказишди. Етказилаётган кўмирлар эса сифатсиз. Мана, қиш мавсумига ҳам оз қолди. Агар муаммо ҳал этилмаса бу йил ҳам қишни ўтган йил каби ўтказамиз. Муаммони ҳал этса бўлади. Бунинг учун мактабга алоҳида (ГРП) керак, холос. Чунки аҳоли фойдаланаётган (ГРП) жуда эскирган”, – дейди  Н.Аннамов.

Мазкур мактаб ўқитувчиларидан яна бири бу ачинарли аҳволдан куюниб гапирди: “...Қишда хоналарни иситиш учун карнайли печлардан фойдаланамиз. Барибир, фойдасиз, хоналар исимайди. Техник қоидаларга қанчалик риоя қилсак-да, карнай уланиш жойларидан тутун чиқиб, ўқувчилар кўзини ачиштириб ташлайди”.

Энг қизиғи, овулнинг бир нечта хонадонлари ҳам бу муаммодан азият чекмоқда. Шу вақтга қадар улар ҳам бу масала бўйича ташкилотма-ташкилот юриб сарсон бўлишаётир. 

“Маҳалламизда 11 минг 203 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қиш мавсумларида газ оқими пасайиб қолаётгани сабабли ўтин ёқиб, уйимизни иситишга мажбур бўляпмиз. Кун совуқлигидан болаларимиз кўрпага ўралиб олиб, дарс қилишади. Тўғриси, бу масала бўйича бормаган жойимиз, кирмаган ташкилотимиз қолмади. Ҳоким ўринбосарлари ҳам буни билади, кўриб туришибди, лекин эътибор бермайди. Негаки, уларга аҳолининг қай тарзда яшаётгани муҳим эмас. Бўлмаса “Ҳал қилиб берамиз, бироз сабр қилинг” деб ёлғон ваъдалар бермасдан муаммони келиб ўрганарди, ҳал қилиш чораларини кўрарди”, – дейди “Оққамиш” овул фуқаролар йиғини вакилларидан бири.

Мазкур мурожаат O‘zLiDeP туман Кенгаши вакиллари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва ечими бўйича тегишли ташкилотларга сўров чиқарилди.

Ўйлаймизки, мутасаддилар тез орада муаммони ҳал этиш чораларини кўради ва тўрткўлликларнинг орзулари ушалади.    

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1258
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+