Депутат халқ учун елиб югурса-ю мутасаддилар муаммони ўз вақтида ҳал этишмаса ўртада ишонч йўқолади

25.10.2019, 17:22

Депутат халқ учун елиб югурса-ю мутасаддилар муаммони ўз вақтида ҳал этишмаса ўртада ишонч йўқолади

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани Қораянтоқ ва Юқори Қораянтоқ маҳалласида яшовчи аҳоли йўлларнинг носозлиги ва марказий кўчалари таъмирталаб ҳолатда эканлигидан норози.

Шу йил январь ойида партия депутатлик гуруҳи ва фаолларидан таркиб топган ишчи гуруҳ аъзолари мазкур маҳалла аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашувда йўллар носозлиги ва ишлар чала ҳолатда ташлаб қўйилгани бўйича муаммо кўтарилган эди. Маълум бўлишича икки йил олдин ушбу маҳаллада таъмирлаш ишлари олиб борилган, бироқ маҳалланинг ярим қисмидаги ишлар шу ҳолатлигича ташлаб кетилган. Энг ачинарлиси ушбу маҳалла марказий ҳудудлардан бири саналиб, йўллар ачинарли ҳолатга келиб қолганлиги сабабли автомашиналар, аҳоли учун кўп қийинчилар туғдириб келмоқда.

Ушбу муаммони ўз вақтида бартараф этиш бўйича халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Тохиржон Ғофуров ўз назоратига олган эди.

Шундан сўнг халқ ноиби Т.Ғофуров жорий йилнинг 18 февралида Янгиқўрғон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси директори Равшанхўжа Зиёвиддиновга яна бир бор маҳалланинг марказий кўчаларини таъмирлаб бериш юзасидан сўров юборган. Депутатнинг сўровига корхона раҳбари март ойи бошида жавоб хати жўнатган. Жавоб хатида айтилишича ушбу маҳалланинг ярим қисмида ҳақиқатан ҳам йўллар таъмирталаб ҳолатга ташлаб қўйилганлигини эътироф этиб ўтган. Ушбу йўлларни таъмирлаш учун Жаҳон тараққиёт банки маблағи ҳисобидан молиялаштирилаётгани, кўчанинг 30 км қисми жорий йил якунигача таъмирланиши маълум қилинган. Бироқ йил ўз якунига етиб бораётган бўлсада берилган ваъдалар бажарилмасдан қолиб кетмоқда.

Қораянтоқ ва Юқори Қораянтоқ маҳалла аҳолиси ҳар учрашувда ушбу муаммони қайта-қайта кўтаришади ва халқ вакилидан ҳал этиб берилишини талаб қилмоқда.

Кўриб турганингиздек, депутат халқ учун елиб югурса-ю мутасаддилар муаммони ўз вақтида ҳал этишмаса ўртада ишонч йўқолади. “Депутатга беписандлик – халққа беписандлик” дейишдан бошқа чорамиз йўқ.

                                                                                                                                                                 Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    920
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+