Шундай имкониятлар яратиб берилаётган давлатда меҳнат қилмасак бўлмайди

24.01.2020, 15:24

Шундай имкониятлар яратиб берилаётган давлатда меҳнат қилмасак бўлмайди

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида  таълим тизимига алоҳида тўхталди. Хусусан, таълим сифатини халқаро талаблар даражасига кўтариш мақсадида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини таъкидлади.  

Республикамизда 348 та таянч мактаби белгиланиши, 6000 дан зиёд ўқитувчининг халқаро миқёсда малака ошириши таъминланиши айтиб ўтилди. Шунингдек, мамлакатимизда 340 та касб-ҳунар мактаблари, 200 дан ортиқ ихтисослашган умумтаълим мактаблари фаолияти йўлга қўйилиши тизимни ривожлантиришга бевосита хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг “Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва тўғри йўлдан адашиш бўлади. Илм-маърифат ва юксак маърифат керак. Энг яхши мерос бу яхши тарбия”, деган сўзларида жуда катта ҳикмат мужассам. Ўз ўрнида “Таълимда қилган хатоларимизни тўғрилаш вақти келди”, дея соҳа фидойиларини янада жонкуярлик билан ишлашга, инновацион ютуқларга эришишга чақирганини олдимиздаги олий вазифа, деб қабул қилдик.

Мазкур йўналишдаги топшириқларни тинглар эканман, ахборот коммуникация технологияларини энг чекка ҳудудларгача олиб киришимиз зарурлигини англаяпман. Албатта, бу юксалишнинг энг қисқа йўлларидан бири эканлигини бугун барча ҳамкасбларимиз тушуниб улгурган. Бугун ёшларимиз рақамли технологиялар тўғрисида мукаммал билимга эга бўлса, улардан бемалол фойдалана билса, эртага уларда етук мутахассис бўлишларига шубҳа йўқ.

Президентимиз таъкидлаганидек, “аксарият вазирлик, идора, ташкилотлар рақамли технологиялардан батамом йироқ, ўз устидаям ишламаяпти, жамоасиниям ишлатолмаяпти, кўпи шунга интилмаяпти. Шунга интилмаган раҳбарларнинг эртанги куни йўқ. Хулосани ўзимиз чиқаришимиз керак”. Бу муаммонинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада айни жавобни бердилар. Ёшларни тайёрлаш жоиз!

Президентимизнинг олий ўқув юртларига давлат гранти асосида  талабаларни қабул қилиш икки баробарига оширилиши тўғрисидаги фикри таълим соҳасидаги яна бир қувончли хабар бўлди. Нега деганда олий таълимга қабул қилишда хотин-қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши хали ҳеч бир давлатда кузатилмаган. Мана шундай қулайликлар, имкониятлар яратиб берилаётган давлатда яйраб яшамаслик, шундай ташаббусларни илгари сураётган мамлакат раҳбарининг фикрларидан илҳом олиб ишламаслик мумкинми?!

Райҳоной ЮНУСОВА,

Пахтаобод туманидаги

4-умумтаълим

 мактаби директори,

Халқ депутатлари Андижон

 вилоят Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    687
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+