O‘zLiDeP янги сайланган депутатлар малакасини оширишга қаратилган ўқувлар ташкил этмоқда

05.02.2020, 18:27

O‘zLiDeP янги сайланган депутатлар малакасини оширишга қаратилган ўқувлар ташкил этмоқда

Ҳаммамизга маълумки, ўтган йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) кенгашларига сайловлар ўтказилиб, ушбу сайловда O‘zLiDePдан парламент қуйи палатасига 53 нафар, маҳаллий кенгашларга 2 276 нафар, яъни энг кўп ўринга эга бўлган депутатлик корпусини шакллантирди.

Албатта партиямиз бу борада етакчиликни қўлга киритгани барчамизни бирдек руҳлантиради. Лекин айни муваффақият, сайловдаги ғалаба, халқимиз ишончи ортида жуда катта масъулият турганлигини бир сонияга бўлса-да, унутишга ҳаққимиз йўқ. Зеро, жорий йилнинг 24 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида ислоҳотларимиз самарасини оширишда янги парламент, депутат, сенаторлар хусусан, маҳаллий Кенгашлар фаолияти олдида қатор устувор вазифаларни белгилаб берди.

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида белгилаб берилган аниқ вазифаларни тўлиқ ижросини таъминлаш мақсадида жойларда янги сайланган депутатларнинг малакасини оширишга қаратилган ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.

Мазкур 3 кунлик ўқув-семинарнинг дастлабки босқичи Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман кенгашларига сайланган депутатлар, партия ходимлари, қуйи бўғин фаоллари иштирокида ташкил этилди.

Тадбирда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда ундан келиб чиқиб тайёрланган партия чора-тадбирлар режаси, узоқ муддатга мўлжалланган “йўл харитаси”даги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди ва амалга ошириш механизмлари тушунтириб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир депутат Халқ қабулхоналари билан доимий ишлаб, ўз ҳудудида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаши керак, шунда депутатлар ўз сайловчиларига берган ваъдалари устидан чиқади, халқнинг ишончини оқлайди, меҳрини қозонади, дея алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

Сўз олганлар Мурожаатномада белгиланган мазкур устувор вазифалар янги парламент ва жойлардаги маҳаллий кенгашлардаги депутатлар олдида катта масъулият юклаши, халқ билан бирга бўлиш, уларнинг муаммоларини ўзининг муаммоси деб қабул қилиши, бу йўлда депутатлар бор кучи, билими ва меҳнатини тўлиқ сафарбар этиши лозимлигини таъкидлашди.

Ўқув-семинар нафақат маъруза балки, амалий машғулотлар шаклида ўтказилмоқда. Иштирокчиларга маърузаларда олган назарий билимларини амалиётда гуруҳлар билан ишлаш орқали синаб кўриш имконияти яратилган.

Семинар иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда депутатлик эшитувларини ташкил этиш, назорат-таҳлил фаолиятини олиб бориш, доимий комиссиялар ва Кенгаш сессиялари кун тартибига масала киритиш юзасидан амалий машғулотлар олиб боришди ҳамда ўзларининг иш-режалари бўйича тақдимотларини ўтказишди. Машғулотлар давомида “Депутатнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари”, “Депутат фаолиятининг асосий кафолатлари”, “Депутатнинг иш режаси”, “Депутатнинг сайловчилар олдида ҳисоботи” каби мавзулардаги қизғин баҳс-мунозалар депутатларнинг билим ва кўникмаларини янада оширди.

Бундан ташқари, депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил қилишнинг янгича шакллари, депутатнинг нотиқлик санъати ва нутқ маданияти мутахассислар томонидан амалий жараёнларда кўрсатиб берилди.

Семинар доирасида партия депутатлик гуруҳлари ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари иштирокида очиқ мулоқот ҳам ташкил этилди. Мулоқотда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди ва унда талаба ёшлар учун таълим соҳасида кенг кўламли ўзгаришлар, ёшлар учун имконият ва имтиёзлар яратиб берилиши борасида тушунчалар берилди. Тадбирда партия депутатларига университет талабалари томонидан аниқ таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Таъкидлаш керак, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳи аъзолари малакасини доимий равишда ошириб бориш бўйича чора-тадбирлар режасини белгилиб олган. Шундан келиб чиққан ҳолда бу каби ўқувлар жойларда тизимли ташкил этиб борилади.

O’zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1340
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+