Нодир Жумаев: "Соғлом рақобат муҳитида ишлашни бошламас эканмиз, иқтисодий тараққиётга эришишимиз ортга сурилаверади"​

29.05.2020, 15:24

Нодир Жумаев:

Бугун нефть ва нефть маҳсулотлари нархи хусусида турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Хусусан, бензин импортига акциз солиғини 4 бараварга ошириш борасидаги хабар муҳокамалар марказида.

Хўш, «Ўзбекнефтгаз» нега айрим тайёр нефть маҳсулотларининг импортига солинадиган акциз солиғи ставкаларини қайта кўриб чиқишни сўрамоқда? Сабаб сифатида эса, нефтни қайта ишлаш заводларининг ишлаб чиқариш қувватини таъминлаш мақсадини кўрсатишади.

Биз Евроосиё иқтисодий иттифоқи ёки Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлик қилиш масаласи хусусида бош қотираётган вақтимизда бу каби монополистик устунлик ҳақида гапиришнинг ўзи ноўрин.

Агар бизнинг нефть ва нефть маҳсулотларимиз нарх туфайли шу турдаги импорт маҳсулотлар билан рақобатга кириша олмаётган экан, демак, уларда ишлаб чиқариш бўйича катта муаммолар бор. Яъни бу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бизга қимматга тушяпти. Давлатимиз раҳбарининг геолог кадрларга эҳтиёжнинг юқори экани ҳақида куюниб гапиргани мана шу вақтда ўз аҳамиятини кўрсатмоқда. Соҳа олий таълим тизими ва илмий-техник институтлар билан яқиндан ҳамкорлик олиб боришга муҳтож.

Ҳеч эътибор берганмисиз, жамоат транспортлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа иқтисодиёт тармоқларида нархлар кўтарилишига ёқилғи мойлаш маҳсулотларининг ошишини сабаб қилиб кўрсатади. Демак, соҳа харажатлар сметасини кўздан кечириб, рентабеллиги паст йўналишларни оптималлаштириш ёки фойда келтирувчи тармоққа айлантириш борасида изланишлар олиб бориши керак.

Умуман олганда қайси соҳа бўлмасин илм-фан, ақл марказлари билан яқиндан ҳамкорлик қилмас экан, нафақат дунё бозорида, балки ички бозорда ҳам ўз ўрнини йўқотишга маҳкум.

Энг муҳими, эриша олмаётганимиз бозор иқтисодиёти ва соғлом рақобат муҳитида ишлашни бошламас эканмиз, иқтисодий тараққиётга эришишимиз ортга сурилаверади.

Бугун давлатимиз раҳбари томонидан «монополиядан чиқариш, рақобатни таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича якдил йўналишимиз бўлиши керак» дея таъкидланган сўзларнинг моҳиятини англаб олсак, ўйлаймизки халқимиз рози, ҳаётимиз фаровон бўлади.

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    1123
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Урал2020-05-29 21:00:31

Бензин ва нефть махсулотларга нарх фермер ва бошка идоралар фойда Ола бошлагандан кейин киммалашди,аслида нархини оширишди бу катта зато Узбекистонга 50 -80 фоиз зарар келтирди.бу мани шахсий фикрим,бундан факат Бир организация фойда курди,аслида иски бозорда яьни узимизда канча корзина масалан дала ишлари автобазалар ,хамма структура киммат махсулот ололмай оркага кетди.Бухоро Газни кайта ишлаб чикариш заводи,фаргона бензин ишлаб чикариш заводи бутун Узбекистонни бемалол арзон екилги Билан бемалол таминлай олади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+