Ўзбекистон — Чехия: Ҳамкорлик истиқболлари ва фаол муносабатлар

24.06.2020, 08:17

Ўзбекистон — Чехия: Ҳамкорлик истиқболлари ва фаол муносабатлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Чехия Республикаси парламентининг Депутатлар палатаси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ҳамда Чехия парламентининг Депутатлар палатаси Спикери ўринбосари Войтик Филип иштирокидаги биринчи онлайн учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Чехиянинг тегишли давлатлардаги элчихоналари вакиллари ҳам иштирок этди.

Наманган вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Чехия парламенти билан ҳамкорлик гуруҳи раиси Aктам Хаитов ҳамкорликнинг истиқболлари билан боғлиқ фикрларини баён қилди.

Онлайн учрашув давомида дунёда коронавируснинг тарқалиши кўлами билан боғлиқ хавотирлар билдирилди. Томонлар Ўзбекистон ҳамда Чехия Республикасида ушбу глобал таҳдидга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот бериб ўтишди. Пандемиянинг салбий оқибатларининг олдини олиш, коронавирусга қарши курашишда парламент аъзоларининг алоҳида ўрни таъкидланди.

Мулоқот чоғида давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, халқаро ташкилотлар доирасида томонлар бир-бирларини қўллаб-қувватлаши, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, маданий ва гуманитар алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлашда эришилган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Томонлар ўзаро манфаатли кенг кўламли масалаларни қамраб олган парламентлараро ҳамкорликни келажакда ҳам давом эттиришга тайёр эканликларини маълум қилишди. Хусусан, икки мамлакат ўртасида туризмни, иккала парламентнинг аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмиталарининг чорвачилик ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари экиш соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.  

Музокаралар давомида парламентлараро алоқаларни янада чуқурлаштириш муҳимлиги таъкидланди. Боиси, айнан парламент вакиллари икки томонлама ҳамкорликни барча соҳаларда янада кенгайтириш учун халқаро шартномаларни ратификация қилишда муҳим роль ўйнайди.

Шу сабабли, пандемиянинг икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларга салбий таъсирининг олдини олиш учун парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Келгусида икки мамлакат ташаббусларини халқаро, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЕХҲТ, Парламентлараро Иттифоқ ва бошқа ташкилотлар доирасида қўллаб-қувватлаш бўйича томонлар ягона фикрга келишди.

Парламент аъзолари икки мамлакат ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни фаол ривожлантириш тарафдори эканликларини яна бир бор тасдиқлашди.

Онлайн музокаралар якунида томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Чехия Республикаси ўртасидаги муносабатлар ва амалий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини билдириб ўтишди.

  • Кўрилди
    169
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+