Актам Хаитов: Давлат ресурслари учун донни харид қилиш нархлари тасдиқланди

26.06.2020, 14:21

Актам Хаитов: Давлат ресурслари учун донни харид қилиш нархлари тасдиқланди

Халқимизда «Бирники – мингга, мингники – туманга» деган ҳикмат бор. Фермер бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади. Фермерларга берилган имтиёзлар туфайли бугун деҳқон буйруқ кутиб ўтирмайди. Нимани, қачон экишни ва қандай парвариш қилишни ўзи яхши билади ва шунга қараб иш кўради.

Коронавирус пандемияси даврида ҳам кўпни кўрган, азму шижоатли ва матонатли деҳқонларимиз ҳар бир кунни ғанимат билиб, яхши ният билан қишлоқ хўжалиги ишларини бажарди. Ҳозирги оғир шароитга қарамай кунни кун, тунни тун демасдан, мўл ҳосил етиштиришга астойдил ҳаракат қилишди.

Аҳамиятлиси, карантин даврида жойларда ғалла етиштириш ишлари кечиккани йўқ, қишлоқ меҳнаткашлари ишни тўғри ташкил этиб, юксак сафарбарлик ва уюшқоқлик билан белни қаттиқ боғлаб меҳнат қилишди. Моддий-техник таъминот, барча агротехник тадбирлар ўз вақтида, сифатли ўтказилгани ҳамда 2020 йилда қўшимча минерал ўғитлар ажратилиши ҳисобига бу йил ғалладан қўшимча 20 центнердан ҳосил олинаётир.

Вазирлар Маҳкамасининг «2020 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон ҳосилини ўз вақтида ва сифатли ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ғалла ўрим-йиғим мавсумида қатнашадиган мавжуд юқори унумли ғалла ўриш комбайнларини сифатли таъмирлаш ҳамда мавсумга вақтида тайёрлашда муҳим қадам бўлди. Бошқача айтганда, ушбу ҳужжат ўрим-йиғим ишларини ҳар йилгига нисбатан тезроқ якунлаш имконини беради.

Мазкур қарорга мувофиқ, ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун 2020 йил ҳосилидан давлат ресурсларига олинадиган бошоқли донни харид қилиш нархлари белгиланди. Хусусан, 1 синф қаттиқ буғдойнинг харид нархи (қўшилган қиймат солиғи билан) 1 тонна учун 2 543 180 сўмни ташкил этади.

Бошоқли дон харид қилиш бўйича тузилган контрактация шартномаларининг бажарилиши учун шахсий жавобгарлик эса Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари, Қишлоқ хўжалиги ҳамда Ички ишлар вазирликлари, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси ва унинг тизимидаги дон корхоналари, ғаллачилик кластерлари, «Ўзагросервис» акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий филиаллари раҳбарлари зиммасига юкланди.

Қарорда белгилаб қўйилганидек, Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига давлат ресурсларига харид қилинадиган бошоқли дон учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилинишини таъминлайди.

Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши зиммасига ҳам алоҳида вазифалар юкланди. Эндиликда Кенгаш бир қатор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ғалла ўрим-йиғими мавсумида ғалла ўриш комбайнларидан, дон ташиш учун жалб этиладиган барча турдаги транспорт воситаларидан самарали фойдаланишни, шунингдек, дон қабул қилинадиган шохобчаларини, хирмон майдонларини, дон тозалаш машиналарини узлуксиз ишлашини ташкил этади.

Қарорнинг эътиборли жиҳати шундаки, унга асосан 2020 йил ҳосили учун экилган ғаллани ўз вақтида ва сифатли ўриб-йиғиб олишга кўмаклашувчи республика ишчи гуруҳининг таркиби ҳам тасдиқланди. Эндиликда улар қуйидаги вазифаларнинг бажарилишига кўмаклашади; Хусусан;

–2020 йилги ҳосил ғалласини қисқа муддатда нест-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш;

–янчилган донни ташиш ва қабул қилиш учун етарли миқдорда ёқилғи мойлаш материаллари захирасини яратиш;

–ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун бошоқли дон харид қилиш бўйича тузилган контрактация шартномаларининг бажарилиши ва қабул қилинган дон учун ўз вақтида ҳисоб-китоблар амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб бориш;

Шунингдек, бошоқли дон экинлари пишиб етилишидан келиб чиқиб, зарурат бўлган ҳолларда, ғалла ўрим-йиғимида қатнашадиган юқори унумли ғалла ўриш комбайнларини республиканинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига ўтказилишини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бугун жойларда ғалла ўрим-йиғими қизғин ва уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Ушбу қарорнинг изчил ижроси, шак-шубҳасиз, бошоқли дон экинлари ҳосилини қисқа муддатларда нест-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш ва коронавирус пандемияси даврида ички бозорда дон, ун маҳсулотлари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари

ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси

  • Кўрилди
    1279
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+