Эътибор кўнгилларни обод этар...

07.01.2021, 14:33

Эътибор кўнгилларни обод этар...

Бугун “Депутат ким?” деган саволга сайловчиларнинг муносиб жавоблари бор. Негаки, халқ ноибларини деярли сайловчилари орқасида, хонадонларида, учрашувларда учратяпмиз. Мурожаат қилишларини кутиб эмас, муаммоларни ўзлари топиб, синчковлик билан фаолият олиб бораётган депутатларга беихтиёр ташаккур айтингиз келади.

Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши депутати Раънохон Саттарова айни депутатлар сирасига киради. Унинг навбатдаги янги йил ташрифи муносабати билан йўқловлари Андижон шаҳридаги “Чўлпон 100 йиллиги” маҳалласида давом этди.

Одинахон Мўйдинова маҳалланинг Суджат кўчаси 93-уйда истиқомат қилади. Қарамоғидаги ногиронлиги бўлган фарзанди Бобуржоннинг парваришидан ортиниб бирор жойда меҳнат қилишга имкони йўқ. Боласининг дори-дармонига ҳам вақти келса, моддий таъминоти етарли эмас. Туғма фалажликдан азият чекаётган фарзанди ҳар мавсум даволанишга муҳтож. Депутатнинг йўқловидан хонадон соҳибасининг қувончдан кўзларига ёш келди.

-Эътибордан хурсанд бўлдим, - дейди О.Мўйдинова. – Айниқса болажонимнинг депутатимизнинг совғаларини кўриб қувонганини кўринг эди! Раҳмат, шундай ғамхўрлик билан биздан хабар олдилар.

Депутат ўзи шифокор бўлгани боис дилбанднинг хасталигига бефарқ бўлолмади. Шу куннинг ўзидаёқ зарурий дори-дармонлар билан таъминлади.

Депутатнинг маҳалладаги йўқловлари кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, хонадонида ногиронлиги бўлган меҳрга муҳтожлари бор оилаларга чинакам зиё улашди. Бундай эътибор эса сайловчилар ишончининг ортишига замин бўлаётир.

Зилола РАҲМОНОВА,

OzLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

 матбуот хизмати ходими.

 

  • Кўрилди
    493
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+