O`zLiDeP “Ёшлар қаноти” Мурожаатномада белгиланган вазифалар асосида комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқди

08.01.2021, 18:56

O`zLiDeP “Ёшлар қаноти” Мурожаатномада белгиланган вазифалар асосида комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқди

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ёшлар билан ишлаш бўлими ташаббуси билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистонни ғайрат, шижоат, мардлик, фидоийлик фазилатларига эга, билимли ва бундкор ёшлар билан биргаликда барпо этамиз”
мавзуида онлайн конференция ташкил қилинди.

Конференцияда Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижросидан келиб чиқадиган партия “Ёшлар қаноти”нинг комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Мурожаатномада ёшларни замонавий билим ва тажриба, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлаш бўйича алоҳида вазифалар белгиланди.

Шундан келиб чиқиб, партия Ёшлар билан ишлаш йўналишидаги фаолиятини қайта кўриб чиқиб, уни янги босқичга олиб чиқишга бор кучини сафарбар этмоқда. Бу борада “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га ҳамоҳанг тарзда янги лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш партия олдида турган энг муҳим вазифлардан саналади. Хусусан, тадбиркорликка қизиққан ва ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ёшлар учун “Ишбилармон ёшлар”, “Ёш тадбиркорлар”, “Ёш фермер” лойиҳаларини янада такомиллаштиришга эътибор қаратади. Биргина мисол қилиб оладиган бўлсак, пандемия келтириб чиқарган мураккаб шароитга қарамасдан 2020 йил давомида мазкур лойиҳалар доирасида 60 та ёш тадбиркорга 1 млрд. 904 млн. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди, 960 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди, 221 нафари истиқболли кадрлар захирасига олинди.

Бундан ташқари партия “Ёшлар қаноти” истиқболли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга қаратилган “Ёш инновациячилар” стипендияси, “Стартап”, “Стартап-инновейшн” лойиҳаларини ҳам ўтказишни мақсад қилган.

Шунингдек, конференцияда партиянинг “Парламентда менинг ўрним” лойиҳаси доирасида “Агар мен депутат бўлсам” Республика танловини ўтказиш, “Ёш блогерлар клуби”ни ташкил этиш каби қатор вазифалар турганлиги айтиб ўтилди.

Конференцияда иштирок этган партия фаоллари ва ёшлар партиянинг ушбу янги лойиҳаларини самарали ташкил қилишда фаол бўлишлигини айтиб, ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Конференция давомида “Мамлакатимиз ёшлари илмий салоҳиятини янада юксалтириш, уларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг қонуний механизмларини янада такомиллаштириш масалалари”, “Ўзбекистон Республикасида ёшларнинг стартап ва инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари ҳамда ёш изланувчи олимлар ташаббусларини ҳаётга тадбиқ этиш иcтиқболлари” ҳамда “2021-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ёшлар иштироки самарадорлигини оширишда ҳамкорлик масалалари” каби мавзуларда баҳс-мунозаралар олиб борилди.

Конференцияда Мурожаатномада белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқадиган партия “Ёшлар қаноти”нинг аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва ёшлар иштирокида муҳокама қилиниб тасдиқлаб олинди.

  • Кўрилди
    966
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+