Фикр билдиришдан олдин масалани чуқуррроқ ўрганиш керак

12.01.2021, 22:07

Фикр билдиришдан олдин масалани чуқуррроқ ўрганиш керак

Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида электр таъминоти барқарорлиги билан боғлиқ салбий фикрлар кўпайиб кетди. Айрим фуқароларамиз ва ҳатто депутатларимиз масаланинг тагига етмай, ўзларининг бу борадаги шахсий қарашларини ижтимоий тармоқлар орқали тўкиб сочмоқдалар. Албатта Конуституциямизда белгиланганидек, ҳар ким эркин фикр билдириш ҳуқуқига эга, бунга ҳеч ким монелик қилолмайди. Қолаверса, кейинги йилларда мамлакатимизда сўз эркинлигига алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Шу маънода депутат Д.Ғаниевнинг электр энергияси соҳасида ижтимоий тармоқларда тарқалган муносабати унинг шахсий фикри эканлигини айтмоқчимиз.

Масалани атрофлича мушоҳада қиладиган бўлсак, тўғри, электр энергиясида муаммолар бор. Лекин муаммо муаммолигича қолаётгани йўқ, албатта. Улар босқичма-босқич ҳал этилаяпти. Вазиятга фақат қора кўзойнак ортидан қараб баҳо бериш билан эса иш жойидан силжиб қолмайди. Бунинг учун барчамиз ўз ваколатимиз доирасида ҳаракат қилишимиз лозим.

Мана биз, Навоий вилоятида фаолият юритаётган O'zLiDePдан сайланган депутатлар ва партия фаоллари ҳудудларга кўмир, суюлтирилган газнинг ўз вақтида етказилиши устидан депутатлик ва жамоат назоратини ўрнатган ҳолда, совуқ кунларда аҳолининг ёқилғисиз қолмаслигига қўлимиздан келганча, асосийси қонунлар билан берилган ваколатларимизни ишга солган ҳолда ҳаракат қиляпмиз.

Иш бор жойда камчилик бўлади. Биз кириб бораётган маҳаллаларнинг айримларида ҳам худди шундай муаммоли ҳолатларга кўзимиз тушмоқда ва бундай ҳолатларда биз айбдорни ахтармасдан, масалани ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз. Чунки, ҳозир айбдорни излаш вақти эмас, балки муаммони тезроқ ҳал қилиш вақти. Одамлар учун ҳозир муаммонинг ҳал қилиниши зарурроқ, айбдорни ахтариш эмас. Нимага бундай вазият юзага келгани сабабларини эса, кейин бафуржа муҳокама қилишга, тегишли хулосаларни чиқариб олишга вақт бўлади.

Яна бир фикр, ҳар бир депутат бир вақтнинг ўзида маълум бир партиянинг аъзоси, яъни катта бир жамоанинг вакили. Демак, ушбу жамоага ҳурмати бўлган ҳар бир депутат даставвал кўтармоқчи бўлган масаласига бошқа депутатлар фикрини ҳам ўрганса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бундай деяётганимнинг сабаби депутатларимизнинг аксарияти бундай паллада оғир-босиқлик билан иш кўрадиган тажрибали инсонлардир. Улар ҳам аҳолини ўйлантираётган дарду-ташвишларига сиздан кам куюнишмайди, лекин бу муаммоларни парламент берган ваколатлари доирасида ечишга ҳаракат қилишади.

Айнан ана шу тарзда, яъни ҳар ким ўз жойида берилган ваколатлар доирасида ишлашни ўрганса, оғир-босиқлик билан иш кўришни уддасидан чиқса, ушбу қиш-қировли кунларни ҳам халқимиз билан омон-эсон ўтказиб олишимизга ишончим комил.

Юсуф ХАТАМОВ,

Халқ депутатлари Навоий

вилоят кенгашидаги

O'zLiDeP гуруҳи аъзоси.

  • Кўрилди
    127
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+