Пахтаободда давлат-хусусий шерикчилик асосида қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?

19.02.2021, 11:24

Пахтаободда давлат-хусусий шерикчилик асосида қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?

Замирахон Юлдашева пахтаободлик тадбиркорлардан. У фаолиятини кенгайтириш мақсадида хусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил қилиш ниятида. Аммо тадбиркорнинг маблағи, бизнес лойиҳаси бўлса-да, ер ажратилмаётгани ачинарли. Туман, вилоят мутасадди ташкилотларига қилинган мурожаатлари жавобсиз қолаверганидан тадбиркорнинг хафсаласи пир бўлаётгани аниқ эди. O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан Андижон шаҳридаги Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармасида “Давлат-хусусий шериклик ривожига тўсқинлик қилаётган сабаблар, бу борада қонунчилик ва амалиётни такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбатида иштирок этгани тадбиркор учун имконият бўлди. Унинг мурожаати юзасидан халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Хуршидахон Халилова томонидан тегишли ташкилотга депутатлик сўрови юборилиб, масалага ижобий ечим топишга кўмаклашилиши белгиланди.

Айни вақтда мамлакатимизда тадбиркорлик йўналишида давлат-хусусий шериклик борасида туб ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва бунинг натижасида бир қатор ютуқлар қўлга киритилаётганлиги, аммо шунга қарамай, йўналишда муаммоларнинг борлиги афсусланарли эканлигини алоҳида қайд этилди. Муаммолар ўртага ташланиб, уларни бартараф этилиши юзасидан ижро механизмлари белгиланди.

-Бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш керак, - дейди халқ депутатлари Пахтаобод туман кенгаши депутати Омаджон Маматқулов. – Тўғри, чекка ҳудудларда ҳам давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги боғчалар ташкил қилиняпти, бироқ улардаги “боғча тўлов”лари баланд. Бу дегани ҳамма ҳам бирдек хусусий мактабгача таълим муассасаларига фарзандларини беролмайди. Чунки тан олишимиз керак, чекка жойларда яшовчи аҳолининг даромадлари бирдек юқори эмас. Шу масалага ҳам ойдинлик киритилиши зарур.

Тадбиркор Анваржон Икрамовнинг ҳам мазкур йўналишдаги муаммоси узоқ вақтдан буён очиқлигича қолмоқда. Уч йилдирки, хусусий боғча ташкил қилиш учун кредит ололмай ҳалак. Хусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил қилиш учун лойиҳада 3,5 миллиард сўм кўрсатилган. Уч йиллик сарсонгарчиликлардан чарчаган тадбиркорнинг муаммоси айни тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жавлонбек Эргашев томонидан ижрога йўналтирилди.

Давра суҳбатида ечимини топган масалалар вилоятда давлат-хусусий шерикчиликнинг янада ривожланишига хизмат қилади.

Муяссар МУХТАРЖАНОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

Мафкуравий ташвиқот-тарғибот бўлими мудири.

  • Кўрилди
    119
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+