Сайловолди дастури лойиҳасига билдирилаётган таклифлар асосли муаммоларга ечим бўлишига ишонамиз

25.05.2021, 16:27

Сайловолди дастури лойиҳасига билдирилаётган таклифлар асосли муаммоларга ечим бўлишига ишонамиз

Айни вақтда олдимизда турган муҳим сиёсий воқеликка тайёргарлик жараёнларига янада масъулият билан ёндашиш талаб этилмоқда. Албатта, партия фидойиларининг фаоллиги мазкур тадбирларда ҳар қачонгидан муҳим. Айниқса, жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига партиямиздан кўрсатиладиган номзоднинг сайловолди дастурига таклифлар билдирилаётгани қизғин мунозаралар руҳида ўтмоқда. Бунда партия фаоллари, депутатларимиз, Ёшлар қаноти илғорларининг ташаббускор фикрлари, муаммолар ечими учун эзгу ғоялари барча соҳалардаги камчиликларни бартараф этишга хизмат қилишига ишонамиз.

Жойларда электорат билан ташкил этилаётган йўналишдаги давра суҳбатларида хали ечимини кутиб ётган долзарб масалалар ўртага ташланиб, уларнинг ҳал этилиши бўйича аниқ таклифлар билдирилмоқда. Масалан, партия вилоят Кенгаши ташаббуси билан Избоскан туманида ташкил этилган давра суҳбатида халқ депутатлари туман кенгаши депутати Азизбек Даминов томонидан ички йўлларнинг таъмирланиши, асфальтланиши бўйича Давлат дастурига киритиладиган миқдор ортиши таклифи берилди. Негаки, халқ ноибининг фикрича, қишлоқ жойларда ички йўлларнинг ҳолати бирдек намунали эмас. Ҳар йили уларнинг икки ёки учтаси дастурга киритилса, қолгани навбат ёки ҳомий кутиб тураверади.

Талаба ёшлар учун “хориж” стипендиясини жорий қилиш таклифи Андижон Машинасозлик институтида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ўртага ташланди.  O’zLiDeP вилоят Кенгаши Ёшлар қаноти бўлими мудири Элёрбек Авуловнинг таъкидлашича, мазкур стипендия ҳисобига чет тилларини мукаммал ўзлаштираётган талабаларнинг маълум нафарига ҳар йили танлов орқали ўқишнинг бир йилини хориждаги худди шундай нуфузли олийгоҳда давом эттириб қайтиш имтиёзи берилса, таълим давомидаёқ хориждаги тенгдошлари билан тажриба алмашиш, хорижий инновацион технологияларни чуқур ўзлаштириш ва юртимизда амалда қўлланиши имконияти кенгаяди.

Таклифлар кўп. Муаммога дуч келинса, унинг ечими сари ташаббус қанот ёзаверади. Депутатлар, партия фаолларининг фидойилиги билан халқнинг дилидаги, тилидаги гаплар таклиф сифатида юзага чиқаётир. Эртанги кенг қамровли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, фаровон ҳаётнинг пойдеворини қуришга қаратилган ҳар бир эзгу фикр муҳим аҳамиятга эгадир.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    588
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+