O’zLiDeP депутати қум кўчаликлар муаммоларига ечим топишда кўмаклашди

23.06.2021, 15:30

O’zLiDeP депутати қум кўчаликлар муаммоларига ечим топишда кўмаклашди

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига Андижон туманидаги 59-Ҳоқон сайлов округидан сайланган Хуршидахон Халилованинг сайловчилари билан навбатдаги учрашуви мамлакат раҳбарининг Андижонга ташрифи доирасида белгиланган вазифалар ижросини ўзида ифода этди.

“Қум кўча” маҳалласи мазкур сайлов округ тасарруфида. Бу ердаги жами 650 нафар хотин-қизлар ҳамда 784 нафар ёшлар билан ишлашда халқ ноиби маҳалла мутасаддиларига елкадош. Айни кунда уларнинг “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига рўйхатга олинган вакиллари муаммоларини ҳал этиш юзасидан тизимли равишда депутат ва мутасаддилар билан ҳамкорликда иш ташкил қилинган.

Депутат сайловчилари билан суҳбатлашаркан, имкон қадар давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи чоғида белгиланган устувор вазифалар ижросига тўхталиб, муаммоларни бартараф этишда халққа ҳамиша камарбаста эканлигини таъкидлади.

Учрашув давомида халқ ноиби сайловчилари вакилларининг муаммолари ечимига кўмаклашди.

Жумладан, Санобархон Хушназарова саломатлиги ёмонлашаётгани, бироқ моддий таъминоти етарли бўлмагани учун даволанишга имкон қилолмаётгани хусусида кўмак сўраб мурожаат қилди. Х.Халилова томонидан сайловчини қийнаётган масала шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан бепул стационар даволаниши учун йўлланма берилиши белгиланди.

Маҳалланинг “Қум” кўчасига битта қўшимча трансформатор зарур. Кўча аҳолиси вакиллари Юнусжон Алихонов ва Меҳмонали Содиқовларнинг айтишича, мавжуд трансформатор кучланиши пастлиги сабабли электр таъминотида узилишлар кўп. Қўшимча трансформатор эса муаммони бартараф этади. Депутат томонидан мазкур муаммо юзасидан тегишли мутасадди ташкилотга депутатлик сўрови юборилди.

Феруза ТЎЙЧИБОЕВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши ходими

  • Кўрилди
    312
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+