Муносибларнинг муносиби – ғолибликни қўлга киритди

01.07.2021, 14:33

Муносибларнинг муносиби – ғолибликни қўлга киритди

O‘zLiDeP Гулистон шаҳар Кенгаши томонидан ўтказилган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг шаҳар босқичида ғолибларни саралаш қизғин кечди.  

Шубҳасиз, O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” лойиҳаларидан бири бўлган “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови ҳам бошқа бир қатор танловлар каби ўз тадбиркорлигига эга бўлган хотин-қизлар фаолиятининг ривожланишига ва тадбиркорлик сари дадил қадам ташлаётган кўплаб опа-сингилларимизнинг кашф этилишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Гулистон шаҳридаги Олим Хўжаев номли мусиқали театр фойесида ўтказилган, анъанавий кўрик-танловга айланган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Гулистон шаҳар босқичи ҳам ўзига хос тарзда, аввалгиларидан фарқли ўлароқ жўшқин кайфиятда ташкил этилди.

Танловда дастлаб, O‘zLiDeP вилоят Кенгаши Аппарат раҳбари Шоҳиста Бозорбоева, республика Марказий Кенгаши вакили Самидулло Маҳмудов ва бошқалар сўзга чиқиб танлов иштирокчиларига омад тилади. Танловга ташриф буюрган иштирокчилар танлов қатнашчилари томонидан ташкил этилган ва улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишдилар.

Шаҳарнинг “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Манзура Жиянова ўз ҳудудида тикувчилик цехини очиб 20 та янги иш ўрни яратди. Ҳунарманд Наргиза Марасулованинг тўқиш, тикиш бобидаги маҳоратига таҳсин айтгингиз келади. Устоз - шогирд анъанасини изчил давом эттираётган бу тадбиркор ҳар бир маҳалладан 5 тадан кам таъминланган оилалар фарзандларига бепул ҳунар ўргатиб келмоқда. Ҳикматой Маматованинг қўғирчоқлари ҳам жуда харидоргир экан. У тикаётган қўғирчоқларни вилоятда фаолият олиб бораётган болалар ташкилотлари ва тадбиркорлар ўзлари келиб олиб кетишади. Ўғилой Мирзаева  кўрпа-тўшаклар, қуроқ ёстиқлар, Раъно Эшбоева заргаргик маҳсулотларини тайёрлаш бобида ўз касбининг усталари, фидойилари. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Танловда иштирок этган ҳар бир тадбиркорнинг меҳнати, яратувчанлиги, ватанимиз иқтисодининг мустаҳкамланишига қўшаётган ҳиссаси эътиборга молик.

Ҳакамлар ҳайъати танлов қатнашчиларининг меҳнатини холисона  баҳолаб бориб тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан хотин-қизлар учун қўшимча иш ўрни яратилгани, ўз фаолият турларидан келиб чиқиб экспорт-импортга қўналтирилган ёки унинг ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳолига кўрсатилаётган хизматнинг сифати, ҳамда янги инновацион ғояларнинг яратилаётганига алоҳида эътибор қаратишди. Танлов ғолибларини аниқлашда адолатли ва холисона баҳолаш бош мезон бўлди.

Танлов натижаларига кўра тадбиркор Манзура Жиянова биринчи ўринга муносиб кўрилди. Раъно Азимбоева ва  Ўғилой Мирзаевалар иккинчи ва учинчи ўринни олишди. 

Рухсора Набиева “Энг ёш, фаол аёл тадбиркор”, Наргиза Марасулова “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, Юлдуз Берқўзиева “Замонавий ташаббускор  аёл” номинацияси ғолиблари бўлишди.

Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Лола КЕНЖАЕВА,

O‘zLiDeP Гулистон шаҳар Кенгаши

Аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    375
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+