Бўстонликларнинг истиқлол шукуҳида O’zLiDeP ғояларига ҳамоҳанглик акс этди

24.08.2021, 15:28

Бўстонликларнинг истиқлол шукуҳида O’zLiDeP ғояларига ҳамоҳанглик акс этди

Бўстонлик Баҳодир Қодировни O’zLiDeP туман Кенгаши раиси, халқ депутатлари туман кенгаши депутати, салоҳиятли тадбиркор сифатида нафақат вилоятда, балки республикада ҳам яхши билишади. У раҳбарлик қилаётган “Бўз имкон ривожи” кластерининг жами 1 минг 500 гектар ер майдонининг 500 гектарида ғалла, 500 гектарида пахта етиштирилади. Жорий йилда тадбиркор томонидан мазкур дала майдонининг 12 гектари 90 нафар йигит-қизга томорқачиликни йўлга қўйиш учун ажратиб берилди. “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган ушбу ёшлар биринчи экин учун картошка экиб, яхшигина даромад олдилар. Улардан бири Фирдавс Холмирзаев.

-Касб-ҳунар коллежини тамомлаб, мутахассислигим бўйича иш тополмаётгандим, - дейди Ф.Холмирзаев. – Менга ажратилган ер майдонида картошка етиштириб, 1 тонна ҳосил олдим. Ҳозирда иккинчи экин учун соя маҳсулоти экканман. Ушбу фаолиятимиз учун барча зарурий уруғ, ер парваришида фойдаланиладиган маҳсулотлар кластер томонидан берилаётгани ҳам оиламизга соф даромад олиб киришимизда қулай бўляпти.

Меҳнатнинг рағбатини беришнинг ҳам завқи бор. Ушбу ёшлар Б.Қодиров ташаббуси билан O’zLiDeP томонидан ташкил этилган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остидаги тадбирда фаол иштирок этдилар.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллик тўйи муносабати билан туманнинг Болалар боғида ўтказилган ушбу байрам тантанасида сўз олган партия вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси бўлим мудири Сардорбек Марипов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бегали Қодиров, партия вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Раънохон Саттарова ва бошқалар юртимизда кейинги 5 йилда амалга оширилган ҳаётбахш ўзгаришлар ва янгиланишлар ҳақида фикр юритдилар.

Кўтаринки руҳ ва истиқлол завқу шавқини ўзида акс эттирган тадбирга спортчилар, ижод олами вакиллари, санъаткорларнинг байрамона чиқишлари янада ўзгачалик бахш этди.

Раънохон Содиқова,

O’zLiDeP Бўстон туман Кенгаши

аппарат раҳбари

Теглар
Сайлов 2021
  • Кўрилди
    484
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+