Келажак авлод таълим тарбиясига қаратилган қонун

28.10.2019, 16:55

Келажак авлод таълим тарбиясига қаратилган қонун

Куни кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида мамлакатимиз тарихида илк бор “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Мазкур янги қонун билан мактабгача таълим ва тарбия – болаларга таълим ва тарбия беришга, уларни интеллектуал, маънавий-ахлоқий, этик, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ривожлантиришга, шунингдек, болаларни умумий ўрта таълимга тайёрлашга қаратилган узлуксиз таълим тури, этиб белгиланди.

Мамлакатимизда кейинги уч йилда мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар бугун юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб борди, шаҳару қишлоқларимизда кўркам мактабгача таълим муассасалари қад ростлади.

Шу маънода, соҳанинг ҳуқуқий асослари алоҳида қонун билан мустаҳкамланиши Давлатимиз раҳбари томонидан келажак авлод таълим-тарбиясига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яққол намунаси бўлди десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.

Зеро, Ўзбекистонда дунё тажрибасида биринчи марта мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди, мамлакатимизда биринчи марта давлат-хусусий шериклик асосида фаолият олиб борадиган боғчалар ташкил этилди, мобиль гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди.

Соҳага оид қонун билан мамлакатимизда яшовчи ҳар бир боланинг мактабгача таълим-тарбия олиш ҳуқуқига эга бўлгани, энг муҳим жиҳат, давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотига ўқишга киришидан бир йил олдин давлат мактабгача таълим ташкилотларида умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлаши белгилаб қўйилгани катта янгиликдир.

Шу ўринда мазкур Қонун лойиҳаси тўғридан-тўғри ишлайдиган нормалар билан такомилиги етказилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Унда, жумладан, мактабгача таълим ташкилотларининг турлари аниқ кўрсатиб қўйилди (умумий турдаги, кўп тармоқли ихтисослашган, инклюзив гуруҳларга эга ҳамда қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилотлари), мактабгача таълим ташкилотларининг иш режими, мактабгача ёш даврлари, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш ва улардан чиқариш, мактабгача таълим ташкилоти гуруҳларини тўлдириш ва болаларни бир гуруҳдан бошқасига ўтказиш ҳақидаги аниқ нормалар нафақат амалиётда ишловчиларга, балки ота-оналар учун ҳам ҳар томонлама қулайлик туғдиради.

Илк бор мазкур қонун билан мактабгача таълим тизимида меҳнат фаолиятини амалга оширишга доир қатъий талаб ва чекловлар белгиланаётганининг сабаби уларнинг қўлида юртимиз келажаги бўлган фарзандларимиз тарбияланиши билан изоҳланади.

Қонунга мувофиқ, келгусида муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари ёки жисмоний нуқсонлари бўлган фуқаролар, шунингдек қасддан жиноятлар содир этгани учун илгари ҳукм қилинган фуқаролар мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

Шунингдек, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва ташкилотлар билан ўз меҳнат шартномаларини салбий сабабларга кўра тугатган фуқаролар, қўлланилган жазо чорасидан, судланганлиги ҳолати тугатилганидан ёки олиб ташланганидан, ўзига нисбатан амнистия ёки авф этиш акти қўлланилганидан қатъи назар, қасддан содир этилган жиноятлар учун илгари ҳукм қилинган шахслар, жиноят ишлари айбдорлиги тўғрисидаги масала ҳал этилмаган ҳолда тугатилган жиноятлар содир этган шахслар мактабгача таълим тизими органлари ва ташкилотларининг раҳбар ходимлари бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги норма киритилган.

“Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши билан мактабгача ёшдаги болалар шахсини ҳар томонлама шакллантиришга, уларни жисмоний, маънавий-ахлоқий ва ҳиссий ривожлантиришга шарт-шароитлар яратилади, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамровининг ошишига эришилади. Тарбияланувчиларнинг сифатли мактабгача таълим олиши учун тенг имкониятлар яратилади. Соҳада давлат-хусусий шериклик ривожланади.

Мактабгача таълим тизимига илғор педагогик, инновацион ва ахборот коммуникация технологиялари татбиқ этилади, бошқарув органлари ва уларнинг фаолиятида, мактабгача таълим ташкилотларининг молиявий фаолиятида очиқлик, шаффофлик принципларининг устуворлиги таъминланади.

Мактабгача таълим тизимида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш,   малакасини оширишга, тизим ходимларини танлаш ва ривожлантиришда янгича ёндашувлар татбиқ этилишига эришилади.

Энг муҳими, мактабгача таълим ташкилотларида сифатли тиббий хизмат, болаларнинг рационал ва соғлом овқатланиши таъминланади, айниқса, болаларнинг мактабгача таълим олишида ота-оналарнинг роли кучайтирилади.

Одинахон ЖАМОЛДИНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

***

Болажонларимиз таълим-тарбиясининг ҳуқуқий пойдевори яратилди

 

Боғчага борган боланинг, аввало, ижтимоий кўникмаси — жамоага аъзолик, жамият вазифаларига дахлдорлик ҳисси шакллана бошлайди. Фуқароларимиздаги ватанпарварлик, фаол фуқаролик позициясига эга бўлиш ана шу кўникмаларнинг, яъни, боғча таълим ва тарбиясининг натижасидир.

Шу боис, давлатимиз томонидан мактабгача таълим тизимини ҳар жиҳатдан — ҳам ҳуқуқий, ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлашга эътибор кучайтирилмоқда. Болаларимизнинг мактабгача таълим тизимига қамраб олиниши йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Албатта, қамров кенгайиб, 44 фоизга етганини оддийгина айтиб қўйиш мумкин, бироқ бунинг замирида улкан иш-меҳнат, қатъият мужассам таъкидламоқ жоиз. Юздан зиёд давлат боғчалари қурилгани, кўплаб нодавлат мактабгача таълим муассасалари бунёд этилгани, уларнинг озиқ-овқатидан тортиб, моддий-техник таъминотигача — катта меҳнат, мўмайгина чиқим эвазига амалга оширилаётганини эътироф этиш зарур.

Шу жиҳатдан, куни кеча парламентимиз қуйи палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонуни узлуксиз таълим тизимининг энг муҳим ва ҳал қилувчи бўғини – мактабгача таълим соҳасининг ҳуқуқий асоси сифатида ўз вақтида қабул қилинди, деб ўйлайман.

Мазкур Қонун соҳага оид барча масалаларни қамраб олиб, мактабгача таълимнинг давлат кафолатларини белгилаб берди. Жумладан, биринчи марта миллий қонунчилигимизда мактабгача ёшдаги болаларни эрта ривожланиш жараёнини алоҳида босқичларда бўлишини, яъни болаларни тарбиялаш ва уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда боланинг мактабгача таълим олиши белгилаб берилди.

Мактабгача ёшдаги болаларни тарбиялаш соҳасидаги ўқув жараёнлари иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари алоҳида аҳамият касб этади.

Бундан ташқари, мактабгача ёшдаги болаларни тўлиқ қамраб олишни таъминлаш мақсадида, оилада мактабгача таълим олиш имконини берувчи оилавий мактабгача таълим муассасасини жорий қилиш ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, мактабгача ёшдаги болаларни тарбиялаш ва ривожлантириш соҳасида давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини амалга ошириш   мустаҳкамланмоқда.

Қонунда мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олиш, ўқув жараёнига замонавий таълим дастурларини жорий этиш, фарзандларимизни интеллектуал, маънавий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш ҳамда болаларни мактабга тайёрлаш даражасини ошириш назарда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, Қонун мактабгача таълим тизимида юзага келадиган муаммоларни бартараф этишга, соҳани тубдан такомиллаштиришга, мактабгача таълимнинг халқаро ҳамжамият билан интеграциялашувига хизмат қилади.

Тўлқин КАРИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    951
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+