Халқимиз фаровонлигини таъминлашнинг энг самарали йўли бу – тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш

15.10.2020, 11:03

Халқимиз фаровонлигини таъминлашнинг энг самарали йўли бу – тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш

Бугун Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар “Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади” деган шиор остида ташкил этилмоқда. Зеро, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.

Агар одамларнинг тадбиркор бўлишга интилишига амалий ёрдам берилса, бунёдкорлик янада кенг қулоч ёзади. Бу билан минглаб оилаларга барака киради, юз минглаб янги иш ўринлари яратилади. Демак, тадбиркорга шароит яратиб, одамларни ишбилармон қилиш ҳозирги пайтда ҳаётий заруратдир.

Сўнгги йилларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва уларнинг даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилган «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар келажагимиз» дастурлари ҳудудларда аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш ва иш билан бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Лекин бугунги замоннинг талаби ўзгача, шароитлар бошқача. Аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш масаласини ҳал этишни ҳар бир оиланинг тадбиркорлик ресурсларидан фойдаланмай туриб бажариш мушкул. Бизнесни бошлаш учун албатта, билим, тажриба ва катта сармоя керак. Агар бу борада мутлақо янги тизим жорий қилиниб, ёшлар ва аёлларда касбий кўникмалар шакллантирилса ва улар молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланса кўплаб ижтимоий муаммолар ҳал бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 октябрдаги «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантиришда навбатдаги қадам бўлди.

Унга мувофиқ, 2020 йил 15 ноябрдан бошлаб ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг тартиби амалга киритилади. Хусусан, Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабини тамомлаган ҳар бир битирувчи (ёшлар, хотин-қизлар) учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан компенсация қилинади.

Агентлик Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби билан бирга аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш дастурларида иштирок этувчи нодавлат таълим ташкилотлари электрон реестрини шакллантириб боради ва унинг ошкоралигини таъминлайди. 2022 йил 1 январдан хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тадбиркорликка ўқитиш дастурлари ва тизими асосида Тадбиркорликка ўқитишнинг ягона тизимини ишга туширади.

Қарор билан «Микрокредитбанк» АТБ томонидан нодавлат таълим ташкилотлари махсус сертификатини олган тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилади. Бу эса янги иш ўринлари пайдо бўлишига асосдир. Инчунун, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашнинг энг самарали йўли бу – тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Қарорда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни молиявий манба билан таъминлаш мақсадларига 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағ ажратиши кўзда тутилган. Ушбу маблағлар аҳолини касб-ҳунарга ўқитишга, ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олганларга имтиёзли кредитлар ажратиш учун сарфланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун мамлакатимизда тадбиркорлик тараққиёти учун яхлит тизим шакллантирилди ва барча ёшлар ундан бирдек фойдаланиш имкониятига эгадир. Зеро, Президентимиз қарори билан халқимиз, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга ўз бизнесини йўлга қўйиши учун катта имтиёзлар берилаётир.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    66
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+